Мақолалар

Тасаввур қилинг!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» – дедилар. «Бизнингча, муфлис дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», – дейишди. «Умматимдаги муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, уни зинода айблаган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан, бунисини урган одамдир. Унинг яхшиликларидан унисига ҳам, бунисига ҳам олиб берилади, зиммасидагилар битмай туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларини олиб, бунинг (муфлиснинг) устига ташланади, кейин ўзи дўзахга ташлаб юборилади», – дедилар». (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари)

Тасаввур қилинг! Шунча одам қиёмат куни сиздан ҳаққини олишни кутиб, навбатда турса.

Биридан қарз олиб, қайтармагансиз, бошқасидан ўғрилик қилгансиз, яна бирига маҳсулотнинг айбини айтмай сотгансиз, яна бошқасининг ерини алдов, фирибгарлик йўли билан тортиб олгансиз.

Шунингдек, бирини ургансиз, бирини сўккансиз, бирини ғийбат қилгансиз, бошқасини алдагансиз, яна бирига хиёнат қилгансиз ва ҳоказо.

Шунча одамга ҳаққини бера оласизми?! Савобингиздан бериб, етказа оласизми?! Агар савобларингиз етмаса, уларнинг гуноҳларидан сизнинг бўйнингизга қўйилади.

Тасаввур қилинг! Бир марта сажда қилишнинг савобига муҳтож бўлиб турганингизда, минглаб, миллионлаб одамларнинг гуноҳини бўйинга олиш қанчалик даҳшат!

Азизлар, тавба қилайлик! Бировларнинг ҳаққи зиммамизда турган бўлса, тезда қайтариб берайлик, қарзлардан тезроқ қутулайлик, урушганларимиз билан ярашайлик, ғийбат қилганларимиздан узр сўраб, уларнинг розилигини олайлик, бизда одамларнинг моддий ва маънавий ҳақлари қолмаслигига эришайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

435 марта ўқилди

Мақолалар

Top