Мақолалар

Ҳаққингизни  унутманг – мусулмоннинг ҳақлари

Ҳаққингизни  унутмнаг!

Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонларда бир қанча ҳақлари бордир. Баъзиларни амал қилиш учун ўрганиб чиқамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир», дедилар.

«Улар, қайсилар, Эй Аллоҳнинг Расули,?» дейилди. «Қачон учратсанг, унга салом бер, қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер, қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил, қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила, қачон бемор бўлса, уни бориб кўр ва қачон вафот этса, ҳозир бўл», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Термизийнинг ривоятида: «Мусулмоннинг мусулмонда маъруф йўли ила олти ҳақи бордир; уни учратса салом беради, даъват қилса унга ижобат қилади, акса урса унга яхшилик тилайди, вафот этса жанозасига эргашади, бемор бўлса бориб кўради ва ўзига яхши кўрган нарсани унга ҳам яхши кўради», дейилган. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалардан ҳозир биз ўрганаётган бобнинг айни мақсадидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида ўз умматларига уларнинг бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:

  1. Қачон учратсанг, унга салом бер.
    Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, ўшаниси савобнинг кўпини олади ва ўз биродарига алик олишни фарз қилади. 
    Ҳа, салом бериш суннат бўлса, алик олиш фарздир. Ана шу тариқа жамият аъзолари ўртасида ўзаро муҳаббат ва ҳамкорлик ривожланади. Зеро фақат уришиб қолганларгина бир-бирлари билан саломлашмайдилар. Мусулмонлар эса ҳаммалари бир-бирлари билан саломлашишни ўзларига бошқаларнинг ҳақи деб англайдилар.
  2. Қачон сени даъват қилса, унга жавоб бер.
    Бирор муслмон маросим қилиб ўз биродарини ўша маросимга даъват қилса, ўша даъватга жавоб бериб, мазкур маросимга бормоқ ҳалиги мусулмон зиммасига ҳақ бўлиб тушади. Бу ҳам жамият аъзолари орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича муҳим омилдир.
    Ҳанафий мазҳабида, номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир, деганлар.
    Валийма - бир мусулмон киши ўзига етган хурсандчилик муносабти ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида хайри эҳсон бўлсин, дея дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни даъват қилади. У шу билан ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам уларни даъват қилади. Албатта, ундоқ даъватни қабул қилиш лозим бўлади. Чунки, шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди.
  3. Қачон сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил.
    Албатта, ҳар бир киши ўз ҳаёти давомида турли туман муаммоларга дуч келиб туради. Бу муаммоларни ҳал қилишда унинг бир ўзи ожиз бўлиши ҳам турган гап. Шунинг учун у ўзгаларнинг маслаҳатига муҳтож бўлади. Ҳар ишнинг ўз мутахасиси бор. Улар ўз мутахасислигига оид масалаларни ҳал қилишда ўзгалардан яхшироқ мақеъга эгадир. Бошқалар ундан маслаҳат сўраганда тўғри маслаҳат бериш унинг зиммасидаги ҳақдир.
    Шунингдек, мусулмон киши илмли, таржибали килишалрнинг насиҳатига ҳам муҳтож бўлиб туради. Қачон бир мусулмон ўз биродаридан насиҳат сўраса, ўша сўралган мусулмонга насиҳат қилиш лозим бўлади.
    Бу омил ҳам ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши турган гап.
  4. Қачон акса урса ва Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила. 
    Ҳар бир мусулмон акса урганида «алҳамду лиллаҳ» дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган мусулмон биродарига эса унга «ярҳамукаллоҳу»-Аллоҳ сенга раҳм қилсин, деб яхшилик тиламоғи бурчдир.
    Сиртдан арзимайдиганга ўхшаб кўринадиган бу ишга Ислом алоҳида эътибор бериши ҳам кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга омил бўлиши турган гап.
  5. Қачон бемор бўлса, уни бориб кўр.
    Бемор бўлган мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устидан ҳаққи бор экан. У ҳам бўлса улар келиб беморни зиёрат қилиб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиб кетишлари экан.
    Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари бемор олдида бурчлари ҳисобланар экан.
  6. Қачон вафот этса, ҳозир бўл.
    Ажали етиб вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш бошқа мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Улардан бир қисми бу ишни амалга оширсалар, мазкур фарз қолганларнинг зиммасидан ҳам соқит бўлади. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.
  7. Ўзига яхши кўрган нарсани, унга ҳам яхши кўради.
    Мусулмон шахс учун ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ унинг уларнинг олдидаги бурчидир. 
    Ўзига яхши кўрган нарсани ўз диндошларига ҳам яхши кўрмоқ эса жамият аъзоларига ҳам, жамиятга ҳам, бутун инсониятга ҳам кони фойдадир.
  8. Ўзига ёмон кўрган нарсани, биродарига ҳам ёмон кўради.
    Бу ҳақ аввалги гапдан келиб чиққан. Мусулмон ўзига яхши кўрган нарсани, биродарига ҳам яхши кўриши лозим бўлганидек, ўзига ёмон кўрган нарсани, биродарига ҳам ёмон кўриши лозим бўлади.
  9. Мусулмонлардан бирортасига ҳам на гап ва на амал билан озор етказмаслик.
    Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», дедилар».Бешовлари ривоят қилган.
    Термизий ва Насаийлар: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.
    «Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш мумкин эмас. Ким бу ишни қилса мусулмонлик фазлини йўқотади.
    Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган: «Мўмин одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир», деган таърифга тўхталайлик. 
    Иймон-мўмин, сўзлари «амн» - омонлик, ишончли маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда ювош - хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу-мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.
    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ» демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир», дедилар».

10. Ҳар бир мусулмонга нисбатан тавозуъли бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа молни ноқис қилмас. Аллоҳ авф ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас», дедилар».Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Ибн Абу Дунёнинг ривоятда: «Тавозуъ бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозуъ қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Афв бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Садақа молга кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизга раҳм қилур», дейилган.  
Олий мақомга етай десак, тавозуълик бўлайлик.    
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, Аллоҳ сизлардан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила фахрланишини кетказгандир. Тақводор мўмин ёки бадбахт фожир бўлиши мумкин. Сизлар Одам болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Кишилар қавмлар билан фахрланишларини қўйсинлар. Улар жаҳаннам кўмиридан бир кўмир бўлишдан ўзга эмаслар. Бўлмаса улар Аллоҳ учун тумшуғи ила гўнг титадиган сассиқ қўнғиздан ҳам пастроқ бўлурлар», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.       
Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менга «Тавозуъ қилинглар. Токи биров бировга тажовуз қилмасин ва биров бировдан фахрланмасин», деди», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.      
Демак, тавозуъ кишилар орасида, барча жамиятларда таовуз қилиш ва фахрланиш орқали содир бўладиган барча нохушликларнинг олдини олар экан.

11. Мусулмон киши бировнинг ғийбатига қулоқ солмаслиги ва ўзи бировни ғайбат қилмаслиги керак.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир», деган (12- оят).
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг асҳобларимдан бирортаси бошқа бир киши ҳақида гап етказмасин. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўксим саломат ҳолимда чиқишни истайман», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабираларнинг каттаси бир одамнинг мусулмон кишининг обрўсига ноҳақдан тил тегизишидир. Бир сўкишга икки сўкиш ҳам гуноҳи кабиралардандир», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса еса Аллоҳ уни жаҳаннамдан худди ўшанча таомлантиради. Ким бир кишини ғийбат қилиб бирор нарса кийса Аллоҳ унга жаҳаннамдан худди ўшанча нарса кийдиради. Ким бир кишини шуҳрат ва риё учун ғийбат қилса Аллоҳ уни қиёмат куни шуҳрат ва риё учун шарманда қилади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

12. Ўзининг аччиғини чиқарган танишларидан уч кундан ортиқ аразламайди.
Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик билан гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Аччиғи чиққанда ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетишлик ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».Абу Довуд ривоят қилган.

 

Руҳий тарбия китобидан

 

747 марта ўқилди

Мақолалар

Top