Версия для печати

Мақолалар

Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа...

     Умавийлар даврида  Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг улуғ саҳобийларидан, ашараи мубашшаралардан бири, Саид ибн Зайд билан Мадина аҳли уни узоқ вақт гапириб юрадиган ҳодиса содир бўлди. Арво бинти Увайс Саид ибн Зайд унинг ерини бир қисмини босиб олиб ўзининг ерига қўшиб олди деб даъво қилди. Аёл гапини мусулмонлар орасида тинмай қайтарар ва ҳаммага айтиб берар эди. Сўнгра ишини Мадинаи мунаввара волийси Марвон ибн Ҳакамга олиб чиқди. Марвон бу ҳақида гаплашиш учун Саид ибн Зайднинг олдига бир қанча одамларни юборди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳобасига бу иш жуда оғир ботди ва уларга шундай деди: “Мени у аёлга зулм қилаяпди деб ўйлаяпсизларми !! Қандай қилиб унга зулм қиламан ?! Ахир мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа, қиёмат куни бўйнига етти қават ер тавқи лаънат қилиб осилади” деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ у аёл мени унга зулм қилди деб даъво қилаяпди. Агар ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва уни мен билан талашаётган ердаги қудуғига улоқтиргин. Мен унга зулм қилмаганимни мусулмонларга баён қиладиган ҳужжатни зоҳир қилгин”.

     Орадан кўп ўтмай Мадинанинг Ақиқ водийсида олдин унинг мисли кузатилмаган кучли сел оқди. Сел иккаласи ихтилоф қилаётган чегарани очиб ташлади. Шунда барча мусулмонларга Саид ибн Зайдни ростгўй эканлиги равшан бўлди. Шундан кейин бир ой ўтмасдан аёл кўр бўлиб қолди ва ўша ерини айланиб юрганида қудиғига йиқилди. Абдуллоҳ ибн Умар айтади: Биз ёшлигимизда бир инсон бошқаси билан уришиб қолса: “Аллоҳ сени Арвони кўр қилганидек кўр қилсин” деганини эшитар эдик.

     Буни ҳеч ажабланарли жойи ҳам йўқ. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мазлумнинг дуосидан сақланинг, чунки у билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ” дер эдилар. Агар бу мазлум тириклигида жаннат башоратини олган ўнта саҳобийдан бири Саид ибн Зайд бўлсачи ?! [1]

Манбалар асосида

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

“Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби

 А. Собиров.

 

[1] Доктор Абдурроҳман Раьфат. Суварун мин ҳаятис саҳаба 233-239-бет

 

2851 марта ўқилди