Мақолалар

“Эрлик вазифангни бажар”

Шаъбий (р.а.) айтадилар:
“Бир аёл ҳазрати Умарнинг (р.а.) ҳузурларига келиб: “Эй амирал мўъминин, сизга инсонларнинг энг яхшиси устидан шикоят қилгани келдим. У шундай одамки, яхши амал борасида унга етадиганлари оз. Кечалари тонггача намоз ўқийдилар ва кундузлари доимо рўзадор бўладилар”, деганидан кейин уялиб, аслида айтмоқчи бўлган гапларини айтолмади ва:

“Эй мўъминларнинг амири, мени кечиринг”, - деди.
-Яхши, - дедилар ҳазрати Умар. - Аллоҳ сендан рози бўлсин. Сен у одамни жуда яхши сифатлар билан мақтадинг. У ҳақда бундан ортиқ бирор нарса гапиришингга ҳожат йўқ.
Аёл чиқиб кетгач, Каъб ибн Сурр (р.а.) дедилар:
-Эй амирал мўъминин, аёл уялиб, шикоятини сўзлай олмади.
-Аёлнинг қандай шикояти бор эди?
-Аёл эридан “завжият (яъни эр-хотинлик) ҳақ-ҳуқуқларига риоя этмаётир”, деб шикоят қилмоқчи эди.
Бу гапни эшитганларидан сўнг ҳазрати Умар (р.а.) аёлни орқага қайтариб, унинг эрига ҳам хабар юбордилар ва аёлнинг эри келгач, Каъбга:
-Ораларида сен ҳакамлик қил, - дедилар.
-Сиз шу ердалигингизда мен қандай ҳакамлик қиламан?
-Мен тушунмаган нарсага сенинг ақлинг етди. Бинобарин, уларни эшитиб, ораларида ҳукм этмоқ сенинг ҳаққингдир, - дедилар халифа.
Шунда Каъб халиги одамга:
-Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эрларга хитобан: “агар етимларга адолатли бўла олмасликдан қўрқсангиз, сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга иккита, учта, тўрттадан уйланаверинглар”, дея марҳамат қилганига кўра, кўпи билан уч кун (нафл) рўза тутишинг мумкин. Тўртинчи куни тутмаслигинг керак ва кўпи билан уч кеча тонггача ибодат қилишинг мумкин. Тўртинчи кеча аёлингнинг ёнида ётишинг лозим, - дедилар.
Эр-хотин кетишгач, ҳазрати Умар Каъбга:
-Сенинг бу топағонлигинг боягисидан ҳам гўзалдир,-дедилар ва Басрага қози этиб тайинладилар”.

''Одамийлик мулки'' китобидан

962 марта ўқилди

Мақолалар

Top