Версия для печати

Мақолалар

Аждодлар ёди ва келажак авлод

Тошкент вилоятининг Пискент тумани ўз тарихи ва маданиятига эга бўлган туманлардан биридир.

Пискент тумани ва унинг атрофидаги қишлоқлар ҳақида тарихий манбаларда, хусусан “Бобурнома” ва “Пискент тарихидан лавҳалар” китобларида тўхталиб ўтилган. Ушбу мақолада Пискент туманидаги зиё масканлари ҳақида ва уларда таълим олиб, ибратли ҳаётлари билан халқ ичида эъзозда бўлган маърифатли инсонлар ҳақида маълумот берамиз.

Пискент туманида  1890-1910 йилларда бир нечта мадрасалар қурилиб ҳалқ учун илм-маърифат масканлари вазифасини бажарган. Жумладан, “Мирхолиқбой” мадрасаси, “Мирмўминбой” мадрасаси, “Мулла Юсуф домла” мадрасаси, “Беглар беги” мадрасаси, “Қорихона” мадрасаси, “Ҳасти Бузрук” мадрасаси,  “Мулла Бўта Қози” мадрасаси.

Юқорида тилга олинган мадрасаларда таълим олиб эл-юрт хизматида бўлган замонасининг маърифатли инсонлари етишиб чиққан. Ушбу Мадрасаларда таълим олган қорилар: Баҳодирхон қори, Абдумажид қори, Олимжон қори, Норинбой қори, Тўражон тўра қори, Маннонхон қори, Ҳофиз қори, Чирпўлат қори, Худойберди булбул қори, Абдукарим қори, Абдусаттор қори ва бошқалар.

Пискент тумани Муротали қишлоғида 1903 йилда Эшонқул (Ашир) ўғли Мулла Бўта Қози томонидан қурилган мадраса, 1927 йилларгача фаолият юритган. Ушбу мадрасада таълим берган ва таълим олган қорилар ҳусусида малумот бериб, туманимиз ҳалқига, айниқса ёшларимизга аждодлари қандай мўътабар зотлар эканини англатмоқни мақсад қилдик.

Ҳожимуҳаммад ўғли Абдураҳмон қори

 (1884-1978 й.)

Андижон шаҳрида туғилган Ҳожимуҳаммад ўғли Абдураҳмон қорини (1884-1978 й.) Эшонқул ўғли  Бўта Муротали қишлоғига таклиф қилган. Мадрасада Қуръони карим қироатидан таълим берган. Ҳожимуҳаммад ўғли Абдураҳмон қорини Худойберди булбул қори ва бошқа шогирдлари  ҳалқ орасида ном чиқарган етук қори-домлалар бўлиб етишган. 1927 йилларда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраганлар қаторида у ҳам бор эди. У сургун қилиниб Ҳўжанд шаҳрида оиласидан айро ҳолда 1945 йилгача яшаган. 1945 йилда Муротали қишлоғига келган Ҳожимуҳаммад ўғли  Абдураҳмон қори яна таъқиб қилинган ва 1956 йил яна Ҳўжанд шаҳрига қайтиб кетган 1978 йилларгача шаҳар марказидаги “Пайшанба” жомеъ масжидида имом-хатиб ва бошқа лавозимларда фаолият юритган. 1978 йилда хасталаниб қолганидан кейин, хоҳишига мувофиқ иккита ўғли ва невара куёвини Муротали қишлоғига олиб келишган. Шу йили 94 ёшда вафот этган ва Муротали қишлоғидаги “Хўжан хўжа” қабристонига дафн этилган.

Ҳожимуҳаммад ўғли  Абдураҳмон қорини фарзандлари: Абдурахмонов Комилжон(1925-2002й), Абдурахмонов Эминжон (1930-2012 й), Абдурахмонова Файзихон 1933 й, Абдурахмонова Мунисхон 1940 йилда туғилган.

Ҳожимуҳаммад ўғли  Абдураҳмон қоринидан таълим олган шогирдлари ҳақида ҳам маълумот йиғдик.

Абдуллаев Чинпўлат қори

(1902-1999 й.)

Абдуллаев Чинпўлат қори 1902 йил Тошкент вилояти, Пискент тумани Култепа қишлоғида туғилган. Бошланғич таълимни Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида олган ва Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур даҳасидаги мадрасада  давом эттирган. Мадрасага Қашқардан Оқ Эшон қори келганларидан кейин, у кишини маслаҳатлари ва ўгитларига амал қилиб, мураттаб, муважжид қорилик даражасига етган. 1953-1957 йилларда колхоз раиси, 1958-1962 йилларда ферма мудири ва бошқа ловозимларда хизмат қилган. 1995 йилда Шуҳрат медали ва бошқа бир нечта мукофатлар  билан тақдирланган.

 Фарзандлари: Лутфинисо (1934-2009 й), Турғунбой (1939-2010 й), Қўчқор 1944 йил, Меҳринисо 1947 йил, Хуринисо1949 йил, Нуринисо 1953 йил, Ихтибор 1955 йил, Мўътабар 1958 йилда туғилган. Ҳозирги кунда фарзандлари ва неваралари турли соҳаларда фаолият юритиб юрт равнақи ва ҳалқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиб келмоқдалар.

1971 йилда нафақага чиққан. Вафотларигача эл-юрт хизмати ва эъзозида бўлган Абдуллаев Чинпўлат қори 1999 йил 97 ёшларида вафот этган. Бобо Ғозий Турк-Тўғон қабристонига дафн этилган.

 

Маткарим ўғли Худойберди булбул қори

(1895-1988 й.)

Маткарим ўғли Худойберди булбул қори 1895 йил Тошкент вилояти, Бўка тумани, Қорақўйли қишлоғида туғилган. Таълимни қўшни Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида олган. 1927 йилларда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраганлар қаторида у ҳам бор эди. 1927-1940 йиллар Тожикистон ССР, Ёнтоқ райони, Авузкент  қишлоғида таъқибда яшаган. 1940-1945 йиллар “қурилиш баталионида” ишлаган. 1945 йиллар Бўка тумани, Равот қишлоғи, Қўқоновул маҳалласига қўчиб келган ва колхозда оддий хизматчи бўлиб ишлаган. 1967 йиллда Бўка тумани Қорақўйли қишлоғига қайтган. Худойберди булбул қори қаерда яшашидан қатъий назар ҳалқ хизматида ва эъзозида яшаб, илм-маърифат тарқатган. Пискент шаҳрида қорилар анжуманида илк иштирок Маткарим ўғли Худойберди қорига “Булбул қори” деб ном беришган, халқ орасида “Булбул қори” номи билан шуҳрат топган.  

Фарзандлари Худойбердиев Насриддин махсум (марҳум), Худойбердиева Хайриниса (1933-2011й), Худойбердиева Шарофат (1934-2013й), Худойбердиева Жанғишой (марҳума), Худойбердиева Каромат 1939 йил туғилган, Худойбердиев Зайниддин 1940 йилда туғилган, Худойбердиев Фахриддин (1951-1984 й), Маткаримова Бахриниса 1953 йилда туғилган, Маткаримова Савриниса 1955 йилда туғилган, Маткаримов Бахтиёр 1955 йилда туғилган, Маткаримомова Лутфиниса 1960 йилда туғилган, Маткаримов Хаётулла 1962 йилда туғилган.

Худойберди булбул қори 1988 йил 30 январь куни вафот этган ва “Ғоип ота” қабристонига дафн этилган.

Абдусаттор қори

(тах.19-аср охири-20-ўрталари)

Абдусаттор қори 19-асрни охирларида Тошкент вилояти, Бўка тумани, Қорақўйли қишлоғида зиёли оилада туғилган. Таълимни қўшни Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида олган ва мураттаб, муважжид қорилик даражасига етган.  1920 йилларда маърифатпарвар, халқпарвар, элу-юртга фойдаси тегувчи шахсларга нисбатан ноўрин айблов билан қатағонга учраган. Умр давомида қишлоқда тегирмончилик қилган ва ҳалқ хизматида бўлган. Абдусаттор қорини иккинчи акаси Абдусамадхон домла ҳам Муротали қишлоғидаги Мулла Бўта Қози мадрасасида таълим олган. У ҳам қатағонга учраган.

Абдусаттор қори бефарзанд бўлган, шунинг учун маълумотлар жуда кам тўпланди. 20-аср ўрталарида Қорақўйли қишлоғида вафот этган. “Ғоип ота” қабристонига дафн этилган.

 

Зайнилобиддинхон  ҚУДРАТОВ,

Пскент тумани “Мулла Бўта қози” масжиди имом-хатиби

 

5169 марта ўқилди