Мақолалар

Узр сўраганни кечиринг, Аллоҳ ҳам сизни кечиради!

– Абу Барза Асламий айтадилар: Ё Расулуллоҳ! Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг, – дедим.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар.

– Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда ётган тиконнинг олдидан ўтиб қолди. “Албатта, мана шу тиконни олиб ташлайман, бир мусулмон одамга зарар бермасин”, деди. Шунда унинг гуноҳлари мағфират қилинди”, дедилар.

– Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд ва У зотга истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Қуйида ҳадиси шарифларда келтирилган ўзи кичик ва осон аммо савоби улуғ бўлган амаллар билан танишинг:

– Кимки қилмишига пушаймон бўлиб, узр сўраган одамни кечириб юборса, унинг хатоларини ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни кечиради.

– Манзилни сўраганга йўл кўрсатиш ҳам яхшиликдир.

– Дўзахдан яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам сақланинглар! Агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз ширин сўз билан сақланинг.

– Ҳалол касбдан чарчаб ухлаган одам гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди.

– Касал кўргани борувчи одам гўё жаннат боғида юргандек бўлади.

– Кимки дуоларим ижобат бўлсин, ташвишларим бошимдан арисин деса, камбағаллар ҳолидан хабар олсин.

– Кимки кўзи ожиз одамни қирқ қадам етаклаган бўлса, унинг жаннатга кириши муқаррардир.

– Садақа сув оловни ўчирганидек хатони (гуноҳни) ўчиради.

Саидаброр Умаров

ЎМИ матбуот хизмати

3346 марта ўқилди

Мақолалар

Top