Мақолалар

Азалдан халқимиз илмга, хусусан диний илмларга рағбат билдириб келган. Кейинги йилларда мўмин-мусулмонларнинг динни ўрганишга бўлган қизиқиши янада ортиб бормоқда. Ўз ўрнида давлатимиз томонидан мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими бошлиғи Ҳомиджон Ишматбеков билан фатво масаласи, уни сўраш одоблари, фатво берувчининг масъулияти ҳақида суҳбат уюштирди.

Фатво нима ва унинг қандай турлари бор?

Фатво арабча сўз бўлиб, саволга жавоб бериш деган маънони билдиради. Ушбу сўз Қуръони каримда ҳам келади: одамлар Юсуф алайҳиссаломнинг олдига кундалик иқтисодий, маиший турмуш ташвишлари бўйича савол сўраб келганда, у киши бу саволларга жавоб берган. Кейинчалик бу сўз диний-илмий истилоҳга (атама сифатида — таҳр.) айланган ва динга оид савол-жавобга нисбатан ишлатилади. Демак, бугунги кунда берилган саволларга диний нуқтаи назардан жавоб бериш фатво ҳисобланади.

Уламолар диний фатвони бир неча турга бўлишган. Биринчиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралган саволлар ва уларга берилган жавоблар. Бу савол-жавоблар шариатимизнинг жорий этилиши учун бўлган. Саҳобалар таҳорат, савдо-сотиқ ва бошқалар ҳақида савол берганда, Аллоҳ таоло ул зоти бобаракотга Қуръондан оят нозил қилган ёки ўзларига билдирилган илҳом — ҳадислар орқали жавоб берганлар ва бу шариатимизга кирган. Буни “Фатвои ташриъий”, яъни шариатни жорий қилувчи фатволар дейилади. Бу фақат Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларига хос саналади.

Кейигиси фуқаҳоларнинг фатвоси. Яъни мазҳаббошилар, мужтаҳид уламоларнинг асарлари, хусусан бизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги ёзилган китоблардаги масалалар ҳаммаси фатво. Улар оятдан, ҳадисдан истинбот қилиб чиқаришган. Масалан, таҳорат оятидан унинг фарзларини — тўртта фарзи бор — чиқарганлар. Буни Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўртта фарзи бор деб айтмаганлар, балки уламоларимиз истинбот қилиб чиқариб, мусулмонларга баён қилиб берганлар.

Китоблар масаласига қараб бобларга ажратилган: намоз боби, никоҳ боби, талоқ боби каби. Улардаги масалалар баёни фатво ҳисобланади. “Фатвои қозихон”, “Фатавои оламгирия” ва бошқа юзлаб фатво китобларини келтириш мумкин. Булар савол-жавоб тарзида бўлмай, балки эгаллаган илмларига таяниб баён қилиб беришган.

Учинчиси, жузъий масалаларга фатво. Энди бу савол-жавоб тарзида бўлади. Бир одам келиб олимдан савол сўрайди ва унга жавоб берилади.

Фатвони ким сўрайди ва кимдан сўралади?

Диний илмга эга бўлмаган, Қуръони карим, ҳадиси шарифларни кўриб ёки бирор бир шаръий масала китобларини ўқиб ундан ҳукмини ололмайдиган авом одам диний масалага дуч келганда ўзидан билими юқори, фатво беришга салоҳияти бор, илмли кишидан, олимдан сўрайди. Яъни илми йўқ киши илмли одамдан сўрайди.

Фатво бериш ўта нозик масала бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нечта ҳадисларида фатво беришда эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Улардан бирида шундай дейилади: “Фатво беришга журъатлироғингиз дўзахга киришга журъатлироғингиздир”. Қайси банда дўзахга киришдан қўрқмайман дея олади. Ҳеч ким айтмайди, Аллоҳ асрасин. Илми бўлмаса, илмсиз фатво бериш ўзини дўзахга ташлаш билан баробардир. Ваҳоланки, саҳобалардек илмли зотлар ҳам шу ҳадисни билгани учун эҳтиёт бўлишган. Гарчи билсалар-да юқоридаги ҳадис ҳурматидан бошқа бир саҳобага сўраш учун юборганлар.

Фатво берувчининг сифатлари қандай бўлади?

Фатво берувчи киши, аввало, Қуръон илмини яхши билиши, ҳатто ёдлаган бўлиши керак. Чунки масалага жавоб, биринчи, Қуръондан олинади. Кейин, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом ҳадисларини билиши, уламоларнинг фатво китобларини ўқиган бўлиши, уларда ҳар бир масалада нима дейилганини билиши лозим. Энг муҳим нуқталардан бири замонасини, унинг урф-одатларини, одамларнинг ижтимоий ва бошқа жиҳатларини билиши зарур.

Қайси ташкилот ёки муасссаса расман фатво бериш ҳуқуқига эга?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Ўзбекистонда фатво чиқарувчи ягона ташкилот ҳисобланади. Омма учун керак бўлган, муҳим ва долзарб масалаларга фатвони Ўзбекистон Мусулмонлари идораси эълон қилади. Мусулмонлари идорасида уламолар кенгаши бор ва унга Муфтий ҳазратлари раислик қилади. Ўзбекистон халқи учун умумий фатволар берилади. Ундан ташқари, идора таркибида фатво бўлими ҳам бор. Унда фуқароларнинг мурожаатларига, саволларига жавоблар берилади. Бу ерда мусулмонлар ёзма, оғзаки ёки телефон орқали, шунингдек, идоранинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига саволлар билан мурожаат қилишлари мумкин. Фатво бўлими муайян фатво бериш билан шуғулланади. Шунингдек, Мусулмонлар идорасининг вилоятлардаги вакилликлари, мадрасалар, масжид имомларининг ҳам 50 га яқин сайтларида савол-жавоб рукни бор.

Фатво сўраш одоблари нималар?

Фатво сўрагувчи одам, аввало, билмаган нарсасини билишни ва унга амал қилишни ният қилиб сўраши керак. Олимни мот қилиш ёки бир олимдан сўраган нарсини қани бу нима дер экан деб сўраш одобсизлик ҳисобланади. Сўрагувчи одам сўраган саволига жавоб олганидан кейин шу билан қаноат қилади. Ўзи кутган жавобни берадиган одамни қидириб юрмайди. Яна энг эътиборли жиҳатлардан бири фатво сўрагувчи фақат ўз юртининг олимларидан сўрайди. Уламоларнинг шундай одоби бўлганки, илм талабида шаҳарма-шаҳар кезиб, бир жойга борганда, у ернинг аҳолиси бошқа мазҳабда бўлса ва савол сўраса жавоб бермаган ва ўзларининг олимларидан сўраш кераклигини айтган. Шунингдек, фатво сўровчи киши фатво берувчидан далил сўрамайди. Бу ҳам фатво сўровчи одобларидандир.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими тавсиясига кўра, юртимиз мусулмонлари ўзлари дуч келган масалалар юзасидан ушбу ижтимоий тармоқдаги саҳифаларга савол йўллаб жавоб олишлари, шунингдек, Фатво ҳайъатига йўлланган саволларга берилган жавоблар билан батафсил танишишлари мумкин.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди
Оператор: Муҳаммаджон Ғаниев

Манба: https://kun.uz

2772 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Намознинг аҳамияти Неъмат қадри »

Мақолалар

Top