Мақолалар

УЛКАН КОСМИК ОРОЛ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

NGC 1365 – спиралсимон улкан галактика бўлиб, унинг ядросида жуда катта қора туйнук жойлашган. Тутилиш туфайли олимлар унинг ҳажмини ҳисоблашга муваффақ бўлдилар. Ушбу галактика турли космик телескоплар орқали кўринади.

Галактикани кузатар эканмиз, унинг маркази атрофида кўплаб юлдузлар айланаётганини, галактиканинг икки ёнида тирсакка ўхшаш узун тасмани, тасма миллионлаб юлдузлар, газсимон булутлар ва туманликлардан ташкил топганини кўришимиз мумкин.

Бу осмон жисмини ўрганган олимлар унинг диаметри 200 минг ёруғлик йилига тенглигини аниқладилар. Ушбу галактика сайёрамиздан 60 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, улкан космик орол ҳисобланади.

2009 йилда астрономлар галактика марказидаги қора туйнукдан чиқаётган кўп миқдордаги рентген нурланишини қайд этдилар.

2013 йилда эса галактиканинг марказидаги қора туйнукнинг массаси ва бурчак тезлигини аниқладилар.

Галактика назар солсак, улкан ҳажмдаги чанг ва булутларни ўз ичига олгани ҳам яққол кўриниб турибди. Бу чанг ва булутлар унга ўзига хос чирой бериб турибди. Ушбу улкан осмон жисми ўз ўқи атрофида 350 миллион йилда тўлиқ бир марта айланиб чиқади.

Энди ушбу миллионлаб юлдузларни ўз ичига олган галактиканинг ҳажмини тасаввур қилиб кўрайлик!

У тасодифан пайдо бўлган бўлиши мумкинми?!

Унга нозик ва аниқ тарзда ҳаракатланиш имконини ким берган?

Уни бошқа осмон жисмлари билан тўқнашмайдиган қилиб энг тўғри жойга ким жойлаб қўйган?

Ундаги юлдузлар, чангу туманликлар, космик булутларни ким яратган? Албатта, барча нарсани Яратувчи Зот – Аллоҳ таоло яратгандир!

Бу галактика ва бошқа осмон жисмлари билан яқиндан танишар эканмиз, Роббимизнинг қудрати олдида нақадар ожизлигимизни яна бир бор ҳис этамиз.

Энди ушбу оятга эътибор берайлик:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

Абдуддоим Каҳел мақоласи ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2654 марта ўқилди

Мақолалар

Top