Мақолалар

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мезбони

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу... Бу кишининг тўлиқ исмлари Холид ибн Зайд ибн Кулайб ибн Молик ибн Нажжор бўлиб, Абу Айюб куняси билан машҳур бўлганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан 155 та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан эса Баро ибн Озиб, Зайд ибн Холид, Миқдом ибн Маъдийкариб, Ибн Аббос, Жобир ибн Самура, Анас розияллоҳу анҳум ва бошқа саҳобаи киромлар, бир гуруҳ тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. “Ақаба байъати”, Бадр, Уҳуд, Хандақ ва бошқа жангларда иштирок этганлар.

Абу Айюб розияллоҳу анҳу ҳижратдан олдин, “Ақаба байъати”да Исломга кирганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кириб борарканлар, қалби соғинч, шавқ ва иймон билан тўлган, юзида масрурлик балқиб турган мадиналик кишилар орасидан ўта бошладилар. Туя шошилмас, оҳиста одимлаб борарди. Йўлда учраган кишилар туянинг жиловидан тутиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, меникига юринг! Уйим шу яқин атрофда” деб у зот алайҳиссаломнинг мезбонлари бўлишни исташарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса лабларида табассум билан “Уни (туяни) ўз ҳолига қўйинглар! Унга амр қилинган” дердилар.

Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тарзда Бани Баёза, Бани Соъада, Бани Ҳорис ибн Хазраж ва Адий ибн Нажжор уйлари олдидан ўтиб бордилар. Қайси уй олдидан ўтсалар, уй аҳллари туянинг йўлини тўсиб, ўзлари томонга тортар, улуғ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз уйларида меҳмон қилишни исташарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса юқоридаги гапларини айтар ва йўлда давом этардилар. У зоти бобаракот туянинг жиловини ўз ҳолига қўйган, қалблари билан Роббиларига юзланган ҳолда “Аллоҳим! Мен учун танла ва тайинла!” деб нидо қилганча борардилар.

Туя Молик ибн Нажжор хонадонига етганда чўкди. Кейин ўрнидан туриб, ўша атрофни бироз айланди-да, аввалги чўккан жойига қайтиб келиб, яна чўкди ва яхшироқ ўрнашиб олди. Бу уй буюк саҳобийлардан бўлмиш Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг хонадони эди. Аллоҳ таоло буюк муҳожир, буюк Пайғамбарнинг айнан шу хонадонда меҳмон бўлишини насиб этди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу бахтли хонадонда масжид ва унинг ёнида ўзлари учун ҳужра қурилгунича яшадилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Абу Бакр розияллоҳу анҳу куннинг ўртасида жазирама иссиқда ташқарига чиқдилар. У кишини Умар розияллоҳу анҳу кўриб қолиб, “Эй Абу Бакр, бу пайтда сизни нима ташқарига чиқарди?” деб сўрадилар. “Шиддатли очлик кўчага чиқишимга сабаб бўлди” деб жавоб бердилар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу. Умар розияллоҳу анҳу “Аллоҳга қасамки, менинг ҳам ташқарига чиқишимга шиддатли очлик сабаб бўлди” дедилар.

Икковлари шу ҳолда туришганда уларнинг олдиларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар ва “Бу пайтда нима сабабдан ташқарига чиқдинглар?” деб сўрадилар. Улар “Аллоҳга қасамки, биз қорнимизда ҳис қилганимиз шиддатли очлик сабабидан ташқарига чиқдик” дейишди. Бу гапни эшитган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг ҳам ташқарига чиқишимга бундан бошқа нарса сабаб бўлмади. Қани, туринглар!” дедилар. Кейин уччовлари Абу Аюб розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар.

Абу Аюб розияллоҳу анҳу ҳар куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом тайёрлаб қўярдилар. Агар ул зот алайҳиссалом келмасалар, ўша таомни ўз аҳллари билан ейишарди. Улуғ меҳмонлар у кишининг хонадонига етиб боришганда, ичкаридан Умму Айюб розияллоҳу анҳо чиқдилар ва “Хуш келибсиз, эй Аллоҳнинг Набийси, хуш келибсизлар, эй у зотга ҳамроҳ бўлганлар!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан “Абу Айюб қаерда?” деб сўрадилар. Уйига яқин боғда ишлаётган Абу Айюб ул зот соллаллоҳу алайҳи васалалмнинг овозларини эшитиб, “Хуш келибсиз, эй Аллоҳнинг Набийси, хуш келибсизлар, эй у зотга ҳамроҳ бўлганлар!” дея шошиб келди. Кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, одатда сиз бу вақтда келмасдингиз” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа, тўғри” дедилар.

Кейин Абу Айюб боғига бориб, меваси кўп шохдан хўлу қуруқ пишган ва пишмаган хурмоларни узиб келиб, улуғ меҳмонларнинг олдиларига қўйди-да, “Эй Расулуллоҳ, марҳамат, олинг, тановул қилинг. Ҳозир бир қўйни сўйиб келаман” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга “Агар сўядиган бўлсанг, сут берадиганини сўйма!” дедилар.

Мезбон жонлиқни сўйиб, гўштини пишириб, олиб келди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол бир бўлак гўштни бир бурда нон устига қўйдилар-да, “Эй Абу Айюб, буни Фотимага олиб бор. У ҳам бир неча кундан бери бундай нарса тановул қилмаганди” дедилар. Барча меҳмонлар еб-ичиб, қорнилари тўйгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Нон, гўшт, пишган-пишмаган хўлу қуруқ хурмолар” дедилар-да, йиғлаб юбордилар. Кейин ҳамроҳларига юзланиб, “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мана шулар сизлар қиёмат куни у ҳақида сўраладиган неъматлардир” дедилар. Меҳмондорчилик якунига етгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Айюб розияллоҳу анҳуга “Эртага бизникига ўтгин!” дедилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари биров у кишига яхшилик қилса, уни ҳеч мукофотсиз, ташаккурсиз қолдирмасдилар.

Эртаси куни бахтиёр мезбон севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига бордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига бир жория (хизматкор чўри қиз) ҳадя қилдилар ва “Унга яхшилик қилгин!” дедилар. Улуғ саҳобий уйларига жория билан қайтдилар. Уйга етиб боргач, аёлларига “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга ҳадя. У зот бизга бу қизга яхшилик қилишимизни, уни икром этишимизни амр қилдилар” деди. Аёли “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларини бажариш учун биз бу қизга қандай яхшилик қиламиз?” дея сўради. Бу саволга жавобан Абу Айюб розияллоҳу анҳу “Энг афзали биз буни Аллоҳ розилиги учун озод қилиб юборамиз” дедилар ва шундай қилишди.

Ҳа, бу саҳобий ана шундай ахлоқ ва мурувват эгаси эдилар. У киши бундай тарбияни улуғ мураббий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қустантания шаҳри Византиянинг пойтахти эди. У зот алайҳиссалом бу шаҳарни фатҳ қилиш ниҳоятда муҳим иш эканини таъкидлаб, унинг фотиҳи ва эгаллашда иштирок этадиган аскарларини мақтаб, шундай деганлар:

“Албатта Қустантания фатҳ этилажак, унинг амири қандай ҳам яхши амир ва уни эгаллайдиган қўшин қандай ҳам яхши қўшиндир”. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ “Муснад”да, имом Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилганлар.

Мана шу ҳадисда айтилган мартабага эришиш умидида кўплаб саҳобалар, ҳукмдорлар, амирлар, саркардалар ушбу шаҳарни фатҳ қилишга уринишган. Абу Айюб розияллоҳу анҳу ҳам бошқа саҳобалар каби олийҳиммат зот эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадисларидаги мақомга эришиш умидида Язид ибн Муовиянинг қўшини таркибида Қустантания сари юришга чиқдилар. Ўшанда ёшлари саксонга яқинлашиб қолган эди. У зот жангда яраландилар. Қўшин қўмондони Язид у кишини кўргани борди ва “Эй Абу Айюб, нима истайсиз?” деб сўради. Улуғ саҳобий “Жасадимни отимга юклаб, мумкин қадар душман ичига кириб, энг узоқ жойга дафн қилинг. Сўнг қўшинимиз билан қабримдан ҳам олисроққа борингки, қабримда от туёқлари дупурини эшитиб, сизнинг зафар қозонганингизни билайин!..” деб тилакларини айтиб омонатни топширдилар. Язид у кишининг тилагини бажарди. Бу воқеа қачон бўлгани ҳақида уламолар турли фикрларни айтишган. Баъзилари 50-ҳижрий санада дейишса, баъзилари 51-ҳижрийда, баъзилари эса 52-ҳижрий санада бўлган дейдилар.

Бугунги кунда Истанбул марказида ушбу улуғ саҳобийнинг муборак жасадлари қўним топган бўлиб, у кишининг номида катта масжид бино қилинган.

 

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадислардан намуналар

 

Имом Зуҳрий Ато ибн Язид Лайсийдан, у киши Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бирортангиз ғоитга борса, қиблага юзланмасин ва унга орқасини ҳам ўгирмасин! Қиблани шарқ ёки ғарб томонида қилсин!” дедилар.

Ибн Шиҳоб Ато ибн Язид Лайсийдан, у киши Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “(Мусулмон) кишига биродар билан уч кундан ортиқ аразлашиши, иккови учрашиб қолганда бу ҳам, у ҳам юз ўгириб кетиши ҳалол эмас. Уларнинг энг яхшиси аввал салом берганидир” дедилар.

Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинада илк мезбонлик қилган саҳобий Абу Айюб Ансорий ва у кишининг оиласидан рози бўлсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2717 марта ўқилди

Мақолалар

Top