Мақолалар

Етти пир зиёрати. Ўзбекистоннинг янги сайёҳлик йўналиши

Бухоро — табаррук замин. Азал-азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бу кўҳна гўшанинг оҳанрабоси, кўрку таровати инсонни доимо ўзига чорлаб туради.

Бухорога йилига дунёнинг турли нуқталаридан минглаб сайёҳлар келади. Улар бу шариф заминда тарих билан юзлашадилар. Инсониятнинг асрлар оша яшаб келаётган эзгу тутумлари, маданияти ва қадриятларига гувоҳ бўлиб, уларнинг моҳиятида ётган умумбашарийлик, боқийлик сирларини англашга уринадилар. Ислом дини пешволари, алломалари, азиз-авлиёлари босган тупроқни, қўлларининг қайноқ тафти қолган масжиду минораларни, руҳлари кезиб юрган манзилларни зиёрат қилишга ошиқадилар...

Кўҳна воҳанинг “ташриф қоғози”
Бухорога дунё халқлари эътиборининг кучайиб бораётгани бу қадимий маконда туризм индустриясини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигидан далолат.

Мутахассислар сайёҳлик замонавий иқтисодиётнинг истиқболли тармоғи эканини таъкидлайди. Бошқа соҳалар равнақи хом ашё, ишчи кучи, маблағ ва яна кўплаб ресурсларни доимий талаб этса, туризм учун замонавий талабларга мос, бекаму кўст ишловчи инфратузилма бўлиши кифоя: мевали дарахт мисоли узоқ йиллар наф келтиради.

Президентимиз мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда ана шу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Тармоқни ҳар томонлама ислоҳ этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилиняпти. Уларга мувофиқ, мамлакатимизда сайёҳлик саноати субъектлари фаолияти учун қулай шароитлар яратилмоқда, соҳа равнақи йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиб, чет элликлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиблари, божхона назорати соддалаштириляпти. Тармоқнинг янги салоҳиятли турлари, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантиришга эътибор кучаймоқда.

Жумладан, Президентимиз ўтган йилнинг 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюрганида инсоният тамаддуни бешикларидан бўлмиш ушбу заминда не-не буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари яшаб, ижод қилганини таъкидлар экан, улар мангу қўним топган масканларни янада обод этиб, бу жойларда зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Юртбошимиз Етти пир — Абдухолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланишини қайд этар экан, уларнинг замон талаблари даражасида реконструкция қилиниши Ўзбекистонга янги сайёҳлик йўналишини очишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Манбаларда Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалламдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчилари сифатида эътироф этилган. Улар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни жон-дилдан севиш ғояларини тарғиб қилган. Ушбу азиз-авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда.

Бугунги кунда Етти пирнинг муқаддас қадамжоларини янада обод қилишга қаратилган ишлар авжида. Уларнинг мақбаралари қайта таъмирланиб, атрофи кўкаламзорлаштириляпти, вилоятнинг иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар, ноёб гуллар ўстирилмоқда. Сайёҳлар учун мазкур ҳудудларда меҳмонхоналар, чойхоналар, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этиляпти. Зиёратгоҳларни ўзаро боғлайдиган йўллар реконструкция қилиниб, замонавий инфратузилма шакллантирилаётир. Муҳташам маданий объектлар қурилиб, транспорт-логистика, муҳандислик-коммуникация тармоқлари яхшиланмоқда. Бу борадаги ишлар ниҳоясига етказилса, Етти пир қадамжолари ҳам шаклан, ҳам мазмунан комплекс қиёфа касб этади ва уларни зиёрат қилиш кўҳна Бухоронинг янги “ташриф қоғози”га айланади.

Ярим асрдан сўнг ушалган орзу
Бугунги кунда Бухородаги табаррук мажмуаларга юртдошларимиздан ташқари, Ҳиндистон, Малайзия, Индонезия, Туркия, Саудия Арабистони, Эрон ҳамда Марказий Осиё мамлакатларидан зиёратчилар келмоқда. Улар Ўрта асрларда “Қуббат ул-ислом” — “Ислом динининг гумбази” деб таърифланган бу муборак масканда бугун ҳам диний таълим муассасалари қизғин фаолият юритаётгани, мусулмон ахлоқи ва маданиятини ривожлантиришга катта эътибор берилаётганидан мамнун.

Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳидан одамларнинг қадами узилмайди. Етти пирнинг энг улуғи, хожагон тариқатининг асосчиси бўлган ушбу зот дунё муслимлари томонидан Хожаи Жаҳон деб шарафланган.

Абдухолиқ Ғиждувонийга аждодларимизнинг меҳр-муҳаббати кучли бўлган. Хусусан, маърифатпарвар ҳукмдор Мирзо Улуғбек унинг шарафига мадраса, кутубхона ва тошҳаммом қурдирган. Ушбу маскан, афсуски, мустабид тузум даврида оёқости қилинган. Мадраса кимёвий ўғит сақланадиган омборхонага, қабр атрофи сомон бозорига айлантирилган. Истиқлол туфайли бу каби нохуш ҳолатлар барҳам топди. Зиёратгоҳ обод этилди.

Президентимизнинг 2017 йил 1 июлдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши билан бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Ҳозирги кунда мажмуа тўлиқ реконструкция қилинмоқда. Йўлакларга махсус тошлар ётқизилиб, ён-атроф ободонлаштириляпти.

Бу қутлуғ масканни зиёрат қилаётган Мамлакат Тоштемирова оила аъзолари билан Қирғизистон Республикасининг Боткент вилояти Қадамжой туманидан келибди. Онахон асли фарғоналик бўлиб, қўшни республикага келин бўлиб тушган экан.

— Бухорога биринчи марта келишим, — дейди у. — Бу мен учун катта орзу эди. Чамаси ўн уч ёшларимда Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” китоби қўлимга тушиб қолди. Асарда улуғ шоир қаламга олган авлиёю салафлар орасида Хожаи Жаҳон ҳақидаги битиклар менда чуқур таассурот қолдирди. Ҳазрат Навоий “Аларнинг равиши тариқатда ҳужжатдур... Ҳар вақт намозда Каъбага борар эрдилар”, деб ёзади. Қаранг, ул зот шу қадар улуғликка эришганки, қилган ҳар бир иши тариқат йўлини тартибга солиб турган. Ҳазратга чуқур меҳр қўйдим. Қабрларини зиёрат қилиш истаги руҳимга ҳеч тинчлик бермасди. Шукрки, мамлакатларимиз орасидаги ҳамкорлик алоқалари кучайиб, чегаралар очилди. Икки қардош халқ ҳеч қандай тўсиқларсиз бирга тўй-томошалар қиладиган, бир-бириникига бориб келадиган бўлди. Ҳажга боришни ният қилиб юргандим. Бироқ, аввало, барча мусулмон учун Макка ва Мадина шаҳарларидан кейинги муқаддас жой — Самарқанд ва Бухородаги обидаларни зиёрат қилмасам, кўнглим жойига тушмасди. Мана, Хожаи Жаҳонни зиёрат қиляпман. Ниҳоят ярим асрлик орзуим ушалди.

“Бухоронинг зиёратгоҳлари” дунё кезади
Вобкент туманидаги Анжирбоғ қишлоғига — Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳига етиб борганимизда кун асрдан оғган, уфқда офтобнинг заррин нурларидан қизил доғлар чизила бошлаганди. Шунга қарамай, бу ердаги кўҳна меъморий обидаларни таъмирлаётган, янги объектларни қураётган усталар завқ ва шижоат билан ишларди. Салқинроқ шабада эса бошлагани туфайли бу ердаги сайёҳлар сафи ҳам тушга қараганда анча қалинлашган.

Умр бўйи гилкорлик қилиб, ҳалол меҳнат билан рўзғор тебратган Хожа Маҳмуд комилликка етишган, серкаромат зот бўлган. Ҳазрати Даҳбедийнинг “Мақомати Хожа Абдухолиқ ўиждувоний” китобида қайд этиладики, ҳар гал Маҳмуд Анжир Фағнавий: “Ё Раббий!” десалар, Ҳазрат Борий таолодан “Лаббайка, ё абди!” деган бевосита жавобни эшитганлар.

Елкасига бежирим аппаратни осган бир неча фотограф пирнинг мақбарасини, унинг сурати аксланиб турган кўркам ҳовузни, атрофдаги бунёдкорлик ишларини бирма-бир объективга муҳрлайди. Улар Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридан экан. Ҳам зиёрат, ҳам саёҳатни мақсад қилишибди.

— Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун барча шароит мавжуд, — дейди ўзини Алишер Пиримқулов деб таништирган меҳмонлардан бири. — Қадимий шаҳарларингизда бетакрор обидалар, улуғ авлиёларнинг хоки ётган муқаддас манзиллар кўп. Уларни бир бор кўришни, зиёрат қилишни истайдиган одамларни дунёнинг ҳар қандай бурчагидан топиш мумкин. Хусусан, Тожикистонда бу эзгу ишга минглаб инсонлар орзуманд. Шуни ҳисобга олиб, юртимизда ва жаҳоннинг кўплаб давлатларида “Бухоронинг зиёратгоҳлари” деб номланган фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмасини уюштирмоқчимиз. Давлатларимиз раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан чегаралардаги муаммолар ҳал этилгани ишимизни осонлаштиради. Лойиҳамизга барча жойда қизиқиш кучли бўлишига ишонаман. Насиб этса, “Бухоронинг зиёратгоҳлари” дунё кезади.

Малайзияликлар қувончи
Эрталабки илк манзилимиз Ромитан тумани Қўрғон қишлоғидаги Хожа Али Ромитаний зиёратгоҳи бўлди. Ушбу зот хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси. Хожаи Азизон деган юксак номга мушарраф бўлган. Унинг “Рисолаи Азизон” китоби турли тилларга таржима қилиниб, бутун жаҳонга тарқалган.

— Ушбу улуғ зот бутун умр “узмоқ ва уламоқ” ишқида яшаган, дейиш мумкин. Яъни зоҳиран турли рангдаги ипларни узиб-улаб, мато тўқиб, тирикчилик қилган бўлса, ботинан қалби ва руҳини Аллоҳга боғлаб умрини ўтказган, — дейди зиёратчилардан бири, меҳнат фахрийси навоийлик Гулнора Норқулова. — Бундай қутлуғ авлиёларнинг айтган ҳар бир сўзи, ҳаёти биз учун ибрат. Зиёрат давомида фарзанду набираларимга буни кўп-кўп таъкидлаяпман.

Етти пирнинг барча қадамжосида бўлаётгани каби бу ерда ҳам катта бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Уста Музаффар Мирзаев зиёратгоҳ ҳудудида уч гумбазли дарвозахона, мақбара, минора, ҳовуз, кушхона ва бошқа иншоотларга ёндош қилиб ҳунармандлар расталари ҳам тикланаётганини таъкидлади.

— Пири комилнинг эзгу ишлари бугун ҳам авлодлари томонидан давом эттирилаётгани рамзи сифатида мазкур иморатларда ҳунармандлар ипакдан турли қимматбаҳо матолар, атласу адраслар, гиламлар тўқиши ва уларнинг савдоси билан шуғулланиши учун барча имконият яратилади, — дейди уста. — Мажмуада сайёҳлар учун ҳам кўрса ҳавас қилгулик қулайликлар муҳайё этилади. Жумладан, замонавий меҳмонхона қад ростлайди. Бу ишлар якунига етгач, ушбу ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти кескин ошади. Негаки, қадамжо ёнида неча минг йиллик тарихга эга кўҳна Қўрғон қишлоғи бор. Бу ерда франциялик мутахассислар билан ҳамкорликда археологик қазишма ишлари олиб бориляпти. Топилмалар жамоатчиликнинг бу ерга қизиқишини янада ошириши, шубҳасиз.

Ромитан туманининг Самос қишлоғи томон юрсангиз, яна бир тарихий мажмуа қаршингиздан чиқади. Бу ерда маънавий комиллик тимсолига айланган яна бир мўътабар зот — Муҳаммад Бобойи Самосий қабри ва мақбараси бор.

Халқ ушбу авлиёни келажакни олдиндан кўра олган, деб билади. Хусусан, у зот бир гуруҳ муридлари билан Бухоро яқинидаги қишлоқдан ўтиб кетаётганда “Бу тупроқдан бир эр иси келмоқда”, деб Баҳоуддин Нақшбанднинг дунёга келишини башорат қилгани ривоятга айланган.

Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан зиёратгоҳ янада кўркамлашмоқда. Атрофдаги сўлим боғдан эсган майин шаббода, қанотларини кенг ёзиб, товланган товуслар, барқ уриб очилган ноёб гуллар зиёратдан ҳаловат топган баҳридилингизни янада очиб юборади.

— Азиз-авлиёнинг қадамжоси тубдан таъмирланаётгани нафақат қишлоғимиз кўркига кўрк қўшмоқда, балки бу ердаги муҳитни яхшилаб, одамларнинг кайфиятини янада кўтармоқда, — дейди “Бобойи Самосий” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Абдулатиф Ширинов. — Шу ерда туғилиб-ўсган инсон сифатида биламан: зиёратгоҳ бир вақтлар тамоман эътиборсиз қолган эди. Унинг ҳозирги жамолини кўрган ёшлар учун бу эртакдай гап. Муҳими, бугун мажмуа ҳар қачонгидан ҳам обод, бу ерда зиёратчиларга барча шароит муҳайё.

Мажмуага келган бир гуруҳ туристлар Малайзиядан экан. Улар Хожа Бобойи Самосий қадамжосини зиёрат қилганидан ғоят хурсанд эканини айтишди.

— Ўзбекистон заминида туғилган кўплаб алломалар ислом оламида чуқур из қолдирган, — дейди сайёҳлардан бири Бин Ҳасан Жамалидин. — Бундай аждодларингиз билан ҳақли равишда фахрлансангиз арзийди. Бизда Нақшбандия тариқати кенг тарқалган. Шу боис кўплаб ватандошларимиз Етти пир қадамжосини зиёрат қилишни, халқингизнинг бой маданияти билан танишишни истайди. Туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистонга келувчи Малайзия фуқаролари учун виза режими бекор қилингани айни муддао бўлди. Биз бундан жуда мамнунмиз.

Устанинг армони
Шофиркон туманида жойлашган Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий зиёратгоҳида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари қизғин. Қарийб беш гектарлик ҳудудда турли мевали ва манзарали дарахтлардан иборат боғ, гулзор, меҳмонхона, минора, масжиду таҳоратхона, музей барпо этилмоқда. Бу ердаги ҳар бир объект миллий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида зиёратчиларга ҳар томонлама қулай қилиб тикланмоқда. Яна шуни кузатиш мумкинки, бунёдкорлик ишларида рамзийликка эътибор бериляпти. Масалан, сув тиндириладиган ҳовуз ярим ой шаклига монанд қазилган. Ишчиларнинг айтишича, эрта баҳорда гуллар ҳам ҳилол шаклида экилади. Бу хушсурат пири комилнинг “Моҳитобон” яъни “ой юзли” дея шарафланганига ишорадир.

Масжид деворларига нақш солаётган усталар тиним билмайди. “Бугунги зиёратимиз ҳам, ибодатимиз ҳам — шу. Савобдан, Ҳазратнинг баракотидан умидвормиз”, дейди улар. Ҳар бир ганчга ўзгача меҳр ва иштиёқ билан ёндашилмоқда. Зеро, ҳар битик ҳамда нақшда инсонларга маънавий куч бергувчи, уларни тўғри йўлга бошлагувчи теран ифода ва мазмун бор.

— Муҳаммад Ориф Ревгарий чеҳрасидан нур ёғиладиган, вужудидан мушку анбар иси келиб турадиган муборак зот бўлган, — дейди усталардан бири, меҳнат фахрийси Ботир Бобомуродов. — Қадамжолари ҳам мақоматига мос улуғвор бўлиши керак. Жамоамиз билан шунга ҳаракат қиляпмиз.

Устанинг таъкидлашича, қадимий обидаларни реставрация қилишнинг масъулияти катта. Уларда аждодларимиз руҳи, фикрати мужассам. Шу боис бу иш одамдан нафақат чуқур билим ва салоҳият, балки юксак маънавий қувватни ҳам талаб этади.

— Шу ўринда бир масалани таъкидласам, — дейди у. — Асрларга тенгдош иморатларнинг гўзаллигию улардаги ҳар бир нақшнинг мазмун-моҳиятини асл ҳолича тиклай оладиган усталар сафи йиллар ўтиши билан камайиб бормоқда. Биз тенги авлоднинг ҳам ёши бир жойга бориб қолди. Баъзан “Мен кўҳна ёдгорликлар ганчларини, шарафаларини таъмирлаш илмини отам — уста Очил Бобомуродовдан ўрганган эдим. Бугун бу меросни кимга қолдиряпман?”, деган савол қийнайди. Ахир қадимий тамаддун ўчоғи бўлган юртимизда минглаб обидалар бор. Вақти келиб улар яна таъмирга муҳтож бўлиб қолмайдими?! Бу иш учраган қурувчига топширилса, бебаҳо меъморлик намуналари ўз зийнатини йўқотади. Вақт, маблағ исроф бўлади. Шундай имконият яратилсаки, қобилиятли, меҳр-муҳаббатли ёшларни ҳузуримизга чорласак, керак бўлса, уларни юртимиз бўйлаб юриб, излаб топиб, шогирдликка олсак. Реставраторлар тайёрловчи махсус мактаб очилса-ку, нур устига нур бўларди. Армонимиз қолмасди.

“Бизни ёдга олганнинг замони обод бўлгай”
Яқинда Буюк Британиянинг дунёга машҳур “The Independent” газетасида саёҳатчи журналист Клэр Вутнинг Ўзбекистонга сафари ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Муаллиф ўз чиқишида Ўзбекистонга ташриф буюришнинг саккизта сабабини келтириб ўтади ҳамда юртимиздаги нақшинкор гумбазли обидалар, уларни безашда ишлатилган мураккаб ва нафис сопол кошинларни ҳар бир инсон кўриши, улардан завқланиши, ҳайратланиши лозимлигини таъкидлайди.

Когон туманида жойлашган Саййид Амир Кулол мақбарасининг маҳобатли гумбазига назар солган ҳар ким бу борадаги эътирофларнинг нақадар ҳақиқат эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади. Шу билан бирга, бугунги кунда мажмуада зиёратчилар учун қулайлик яратиш мақсадида мавжуд иншоотлар таъмирланиб, янги объектлар қурилаётганидан хурсанд бўлади.

— Пири комилнинг миллий меъморлик анъаналари асосида барпо этилган мақбараси, масжиддаги ёғоч ўймакорлигининг ноёб усулларидан фойдаланиб яратилган устун ва равоқлар, эшик-ромларни ўз жозибасини йўқотмаган ҳолда сақлаш, бу ерни доимо саранжом-саришта сақлаш масаласи ҳамиша эътиборимизда, — дейди Когон тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зубайдулло Шарипов. — Чунки зиёратчилар, биринчи навбатда, осойишталик, поклик, ободликка қарайди. Шунинг учун мажмуани ободонлаштириш жараёнида атрофда гулзор ва яшил майсазорлар ташкил қилиняпти. Маҳаллий дарахтлар билан бирга, чет давлатлардан келтирилган қимматбаҳо кўчатлар ҳам экилмоқда. Бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлашда миллийлик ҳамда замонавийликнинг уйғунлашувига эътибор қаратилмоқда.

Тумандаги яна бир нурафшон гўша — Қасри Орифон қишлоғидаги Ҳазрат Баҳоуддин зиёратгоҳидир. Бухоро халқаро аэропортидан ушбу қишлоқ томон бораркансиз, Президентимиз топшириғи билан ўрнатилган “Хуш келибсиз, Баҳоуддин Нақшбанд юртига! Wellcome to the homeland of Bahauddin Naqshband!” деб ёзиб қўйилган баннерга кўзингиз тушиб, кўнглингиз янада равшан тортади. Бундай баннерлар, қадамжо ва унинг соҳиби ҳақидаги маълумотлар, манзилни тўғри топиб боришга ёрдам берувчи белгилар зиёратчилар учун айни муддао.

Қадамжо зиёратчилар ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум. Қулоққа ўзимизнинг хоразмча лаҳжадан тортиб, япон, корейс, немис, француз, арабча сўзлар чалинади. Бунинг сира ажабланарли жойи йўқ. Негаки, Нақшбандия таълимоти замирида миллати, дини, тилидан қатъи назар, инсонни азиз билиш, одамлар ўртасига меҳр-шафқат, мурувват уруғини сочиш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, улар кўнглида эртанги кунга умид уйғотиш сингари олижаноб мақсадлар мужассамки, бу эзгу тушунчалар ҳар бир халқда юксак қадрланади.

— Мажмуага ҳар гал келганимда енгил тортаман, — дейди саксон беш ёшли Раҳмон бобо Ҳакимов. — Бу ердаги ободончилик ишларини кўриб ич-ичимдан суюнаман, шу хайрли иш бошида турган Президентимиз ҳақига дуо қиламан. Зиёратгоҳнинг бундан ўттиз — ўттиз беш йил аввалги ҳолати билан ҳозирги қиёфасини хаёлан таққослаб, кўнглимда шукроналик ҳиссини туяман.

Дарҳақиқат, илгари бу муқаддас жойнинг хароб аҳволини кўрган зиёратчилар дарди ичида эди. Кўнгиллари қабр каби чўкиб ортга қайтишарди. Шукрки, у кунлар ортда қолди. Бугун Раҳмон бобо каби нуроний отахонлар невараларига Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг маърифат, маънавият, имон-эътиқод ҳақидаги ўгитларини айтиб, уларни меҳр-оқибатли бўлишга, эзгу ишларнинг этагидан тутишга даъват этишмоқда. Улуғ пир такомилига етказган тариқатнинг асоси бўлмиш “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин!” деган ҳикматни ёшларимиз онгу шуурига сингдиришмоқда.

...Маънавият ва маърифатни ҳаётининг бош аъмоли деб билган кўҳна ва боқий Бухоро халқи бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида ўз тарихининг янги саҳифаларини очмоқда. Ёшу кекса — ҳар бир инсон ўтган улуғларнинг, жумладан, Етти пирнинг муборак қадамжоларини янада обод этиш, уларга муносиб бўлиш ишқи, меҳри билан, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ўз улушини қўшиш илинжида яшамоқда. Зеро, азиз-авлиёларнинг авлодларига насиҳати янглиғ янграган қуйидаги мисралар бугун ҳам тиллардан-тилларга кўчиб юрибди:
Бизни ёдга олганнинг замони обод бўлгай,
Макони обод бўлгай, жаҳони обод бўлгай.
Не экса ўриб олгай, ўшани одам, бешак,
Бизни ёдга олганнинг хирмони обод бўлгай!


Дилшод Каримов,
Истам Иброҳимов,
“Халқ сўзи” мухбирлари.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

2757 марта ўқилди

Мақолалар

Top