Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди: Аллоҳ таолонинг илм сифати 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳ таоло борлиқни яратганда уни бирор нарсадан олиб яратган эмас. Аллоҳ барча нарсаларни яратмасдан олдин ҳам азалдан билур эди. Барча нарсаларнинг тақдир ва қазосини Унинг ўзи белгилаган. Бу дунёдаги ва охиратдаги ҳар бир нарса фақат унинг хоҳиши, илми, қазоси, қадари, Лавҳул­маҳфузга ёзиб қўйилиши билан бўлур. Лекин, ёзиб қўйиши тавсиф йўли биландир, ҳукм йўли билан эмас, яъни мажбурий эмас. Қазо, қадар ва хоҳиш – Аллоҳнинг азалий сифатлари. Фақат уларнинг моҳият ва кайфияти бандасига маълум эмас.

Яратилмаган нарсани Аллоҳ таоло яратмай туриб йўқ деб билгани каби, уни яратгандан кейин қандай ҳолатда бўлишини ҳам билур. Шунингдек, мавжуд нарсани Аллоҳ таоло мавжудлигидаги ҳолатни қандай билса, унинг йўқ бўлиб кетиш ҳолатларини ҳам шундай билур. Яна Аллоҳ таоло тик турган кишини тиккалик ҳолатини қандай билса, у ўтиргач, ўтирган ҳолатини ҳам шундай билиб турур. Лекин бу билан Унинг илми ўзгариб қолмайди ёки янги илм пайдо бўлган бўлмайди. Ўзгариш ва турланиш махлуқот ва мавжудотларда содир бўлур. 

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: Аллоҳ таоло инсонни куфр ва имондан холи қилиб яратган 

Аллоҳ таоло инсонларни яратганда куфр ва имондан холи қилиб яратган. Сўнгра уларни хитоб қилиб, баъзи нарсаларга буюрган, баъзи нарсалардан қайтарган. Шулардан кейин кимки куфрни танлаган бўлса, демак, у ўз ихтиёри билан ҳақиқатни инкор этгач, Аллоҳ толонинг тавфиқидан маҳрум ҳолда куфрни танлаган бўлур. Шунингдек, кимки имонни танлаган бўлса, у ҳам ўз ихтиёри, иқтидори, тасдиғи ва Аллоҳнинг тавфиқи ҳамда ёрдами билан имон келтирган бўлур.

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

2598 марта ўқилди

Мақолалар

Top