Мақолалар

Аллоҳ таоло уч тоифани покламайди...

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Бақара сураси 264 оятида шундай марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Қиёмат кунида Аллоҳ уч тоифа одамга гапирмайди, қарамайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир: кийимини узун қилиб ерга судраб юрувчи, миннатчи ва ёлғон қасам билан молини ўтказувчи” (Имом Муслим ривояти).

Уламолар таъкидлашган: “Ким қилган яхшилигини миннат қилса, ношукр бўлади, ким ўз амалидан ғурурланса, ажри кетади”.

Яқинда бир дўстимни учратиб қолдим. Саломатлиги яхши эмаслиги юзидан билиниб турибди. Оилавий аҳволи ҳам моддий томондан анчайин қийналган. Аммо, катта амакиси шаҳарнинг йирик “бизнесмен”ларидан. Фарзандларининг ҳар бирида биттадан алоҳида қимматбаҳо автомобил, дабдабали уй ва дўконлар бор. Танишимга ўзимча маслаҳат берган киши бўлиб, нега амакингизнинг ёнига бормайсиз ёрдам сўраб, дедим. Жавоб эса мени чуқур ўйга толдирди.

  • Дўстим ҳозир жоним оғрияпти, дард танамда. Инша Аллоҳ кун келиб бу дардлар ҳам ўтиб кетади. Аммо, агар кимнингдир ёнига бориб, ҳолимни айтсаму, у менга ёрдам беришни истамаса ёки ёрдам берган тақдирда ҳам ортидан қачондир миннат қилса, қилган яхшилигини доимо эслатиб турса бундан қалбим, руҳим озор чекади. Унинг оғриғи эса умрбод давом этади.

Аслида, мусулмон инсон қариндошларининг, яқинларининг, биродарларининг ҳолини, муаммосини, дардини ўзи айтмасада англаб, фаросат билан юз-аҳволидан билиши ва ундан сўраб билиб, унга қўлидан келганча ёрдам бериши мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққидир.

Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали секинлаштирган кимсани насл-насаби тезлаштира олмайди” (Имом Муслим ривояти).

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин мўминга бир-бирини суяб, тутиб турувчи бино кабидир”. (Муттафақун алайҳ).

Минг афсуски бугун, ҳар бир қилган яхшилигини миннат қиладиган, берган эҳсони, садақаси билан мақтанадиган ва энг аянчлиси, кимгадир қилган ёрдами туфайли бечора ночорни муттаҳамдек кўриб, унга ўзини хўжайин санайдиган “саховатпеша”лар кўпайиб кетди. Хўш, бу тоифадаги инсоннинг қилаётган “яхшилик”ларидан ўзига наф борми. Асло, Ҳисор тоғичалик олтин садақа қилса ҳам, осмондан ёғган ёмғир ададича яхшилик қилса ҳам чумолига ушоқ берганчалик ўзига фойдаси бўлмайди.

Азиз биродарлар кимгадир яхшилик қилсак асло уни ўзига ҳам ўзгага ҳам айтиб, миннат қилмайлик. Оқибатда миннатчилик барча савобларимиздан маҳрум қилиб, юзимизга ношукрлик тамғаси босилишига сабаб бўлади, Аллоҳ асрасин!

Ҳар бир ишимиз ҳолис Аллоҳ таоло розилиги учун бўлсин! 

Саидаброр Умаров

 

3016 марта ўқилди

Мақолалар

Top