Мақолалар

Фасод иш ортида разил мақсад бор

Маънавиятни юксалтириш, хусусан, келажагимиз бўлмиш ёшлар ахлоқини юксак инсоний фазилатлар билан бойитиш, уларни мафкуравий хуружлардан асраш давримизнинг долзарб масалаларидан биридир.

Бу борада мустаҳкам имон, буюк эътиқод, ҳаққоний маслак эгаси бўлган, Ватаним деб қайғурган, унинг озодлиги, истиқболи учун умр бўйи курашган, давр тузумининг сиёсий, иқтисодий тазйиқларига бардош берган, миллатнинг виждони бўлган биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг асарлари замонамиз ёшларини юксак маънавият, ахлоқ, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. У киши ёшларимизни она-Ватанга муҳаббатли, бой тарихимизга, муқаддас Ислом динига садоқатли, миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқур англайдиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсонлар бўлиб етишларини кўп бора таъкидлар эди.  

Чунки бугунги тезкор ўзгаришлар даврида ёшларимиз онги ва қалбини эгаллаш учун астойдил уринаётган ёвуз кучлар мавжуд. Улар айрим ёшларнинг соддадиллигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Ёвуз кучлар томонидан қилинаётган қўпорувчиликлар, хунрезлик ва босқинчиликлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади. Шу боис замонамиз уламолари, айниқса, ёшлар қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлайдилар:

– Ҳар бир ишда ақл юритишлари, билмаган масалаларида аҳли илмдан сўрашлари, зеро, Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 7-оятида: «Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб марҳамат қилган. Шунингдек, террорчи гуруҳлар орасида бирорта ҳам олим киши йўқлигини яхши билишлари керак;

– Бошқа дин вакилларига меҳр-шафқатли, бағрикенг муносабатда бўлиш, ахборот хуружлари асирига айланмаслик ҳамда террорчи гуруҳлар томонидан эътироф этилаётган ғоялар ёлғон ва сохталикка хизмат қилишини англаши лозим;

– Террорчи гуруҳлар томонидан эълон қилинган халифаликнинг ботил эканига аниқ ишониш лозим. Чунки у Пайғамбаримизнинг тутган йўлларига ҳам маънан, ҳам шаклан зиддир. Бу каби ҳаракатлар зулм, истибдодга асосланган ташкилот эканини англаш керак.

Бугунги кунда уларнинг асл мақсадини очиб бериш, унинг хатарли оқибатлари ҳақида барчани огоҳлантириш ҳар бир кишининг бурчидир.

Таъкидаш жоизки, муқаддас Ислом дини ноҳақ қон тўкишни ҳаром қилган. “Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қилади, уни лаънатлайди ва унга улкан азобни тайёрлаб қўяди” (Нисо, 93).  Ҳатто уруш чоғида ҳам ёш бола, аёл, кексаларни ўлдириш, шунингдек, уй-жой, иншоотларни вайрон қилиш тақиқланган. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) лашкар тайёрлаб, уларни Шомга юбораётиб, бундай деганлар: “...Кексаларни, аёлларни, ёш болаларни ўлдирманглар. Иморатларни вайрон қилманглар, бирор фойдаси бўлмаса, дарахтларни кесманглар. Бирор фойдаси бўлмаса, ҳайвонларни сўйманглар. Хурмоларга ўт қўйманглар, ғарқ ҳам қилманглар. Ғадр (макр) қилиб, одамларни алдаманглар. Ўликларни қиймаламанглар. Қўрқоқлик қилманглар. Ўлжадан ўғирлаб олманглар...”

Демак, биз ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, дўст-у душманни ажратишимиз зарур. Ҳар бир фасод иш ортида разил мақсадлар, манфаатдор кимсалар турганини бир лаҳза ҳам унутмайлик. Токи, жоҳил кимсаларнинг “даъвати”ни ҳам, ахлоқ-одоб тушунчаларини рад этадиган, биз учун мутлақо бегона ғоялари ҳам ёшларимизга ўз таъсирини ўтказа олмасин.

Азамат УСМОНОВ,

Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби

3920 марта ўқилди

Мақолалар

Top