Мақолалар

(ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ)

«Оила мен учун муқаддас. Муқаддаслиги шуки, авваламбор қаерда ишлашидан қатъи назар, ким бўлишидан қатъи назар агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, тарбияга алоҳида эътибор бермаса, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Шунинг учун мен фарзандларимнинг тарбиясига жуда катта эътибор бераман. Ҳар бир фарзандимга ҳам, неварамга ҳам алоҳида ўзимнинг муносабатим бор. Ҳар бир неварамнинг алоҳида характерини биламан, орзусини, истагини биламан»,

Ш.Мирзиёев

  Исломда  балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш қатий  лозим, деган гап йўқ.
Янги қурилаётган ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, ундан соғлом авлод дунёга келиши, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бошқа шу каби ҳаётий масалалар. Ана шу илк қадам – қизларимизнинг вояга етиб, турмушга чиқиши билан бевосита боғлиқдир.
 Минг афсуски, кейинги вақтларда қизларни ҳаётга тайёрламай турмушга узатиш энг долзарб ва ҳаммани ўйлантирадиган муаммоли масалалардан бўлиб қолмоқда. Ота-оналар орзу-ҳавасга тезроқ етишиш мақсадида, ҳатто, ёшларнинг фикри билан қизиқмасдан тўй қилиш тараддудига тушиб кетмоқдалар. Йигит-қизлар турмушга тайёрми, йўқми, буни ҳисобга олмаяпдилар. Айрим инсонлар балоғат ёшини камолот ёши, деб тушунишади. Аслида эса балоғат ёши никоҳ ёши эмас, балки никоҳ қуриш учун вояга етган бўлиш шарт.
Зеро, оилада йигит ва қиз ўз вазифа ва масъулиятларини адо этишлари, соғлом зурриётларни дунёга келтиришлари учун аввало ўзлари соғлом бўлишлари керак. Ҳозирга келиб тиббий кўрикнинг аҳамиятини аксарият ота-оналар тушуниб етдилар. Аммо шундай бўлса-да, “Ҳали турмушга чиқмаган ёш қиз турли йўналишдаги шифокорларга учраб юришининг нима кераги бор?” деб тор мулоҳаза юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай фикрлаш сабабли тиббий кўрикнинг талаб даражасида ўтказилишига эътибор бермай, гиёҳвандликка берилган ёки наслий касаллиги бўлган куёвга узатиш оқибатида бахтсиз қолган қизлар, пушаймон чеккан ота-оналар ҳаётда учраб турибди.
Аксарият эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлик кузатилади. Бу ҳол келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслиги, ҳомиладорлик оғир кечишига, гўдаклар нобуд бўлиши ёки ногирон туғилишига, туғуруқдан кейинги турли асоратларга, ҳатто бепуштликка олиб келиши мумкинлигини шифокорлар таъкидлайди.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти). Зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, бека, жамият аъзоси сифатидаги вазифаларини тўкис адо этишга қийналади.
Насл-насабимизнинг бевосита давомчилари бўлмиш фарзанд-набираларимизни вужудга келишида қиз ва  йигитларимиз ҳар томонлама баркамол, соғ-саломат бўлишларининг аҳамияти катта эканлигини унутмайлик. Шундан келиб чиққан ҳолда, бўлажак келин ва куёвларимизни  “ҳаёт” деб аталмиш  ва  айни вақтда катта  масъулият ва бурчга асосланган мустаҳкам оила қуриш ишига пухта тайёрлашимиз зарур. Бахтли ва саодатли келажак гарови бўлган мустаҳкам оила, соғлом она ва бола масъулиятига ҳеч қачон бепарво ва лоқайд бўлмайлик. Айниқса, бўлажак она, мураббия, оила бекаси бўладиган қизларимизни турмушга беришдан олдин тарбияси, соғлиғи, касб-ҳунар ўрганиши, яхши маълумотли бўлиши, оила, қайнона ва эри билан бўладиган муносабат ва муомалалар, бурч ва вазифаларини яхши билиши йўлида кўпроқ бош қотирайлик ва ҳаракат қилайлик. Ёшлар ўрта умумтаълим мактаби таълимини олишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Муҳими, илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандининг комил инсон бўлишига интилади.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
Никоҳ икки дунё саодатига йигит ва қизни бирга элтувчи муқаддас ришта бўлсин.

 

Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

 

2597 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Буни қила оласиз Файласуф имон келтирди »

Мақолалар

Top