Мақолалар

Хусумат-ёмон одат

Ёмон хулқлардан бири хусуматдир. Хусумат сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “Хусумат арабча – жанжал, низо; душманлик, адоват. Бировга нисбатан бўлган кек, адоват; қасд; душманлик”, деб изоҳланади. Хусумат инсонларни ўзаро бирдамлигини, дўстлигини заифлаштиради. Шу сабабли Аллоҳ таоло ўзаро низолардан тийилишга буюради: “Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч қувватингиз кетади” (Анфол сураси, 46-оят).

Хусумат қилиш инсонга ҳеч қандай манфаат келтирмайди. Балки у инсон учун икки дунёда ҳам зарардир. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ: “Хусумат ва тортишув-ёмонликнинг куртагидир” деган. Донишмандлар хусуматнинг асосий сабабларини қуйидагича баён қилишади:

  1. Мағрурланиш, мутакаббирлик, манманлик;
  2. Ўзини билағон эканини одамларга кўрсатиб қўйиш;
  3. Ўзгалар айб-нуқсонларини кўрсатиш билан уларга озор бериш, тажовуз қилиш.

Инсон кун давомида турли инсонлар билан учрашади, улар билан суҳбатлашади. Яхши инсонлар ўз суҳбатдошлари, суҳбатлашиш шароитлари қандай бўлишидан қатъи назар, хусуматдан узоқ бўладилар. Масалан, бугунги об-ҳаво, нарх-наво ҳақида тортишиб вақтларини беҳуда ўтказмайдилар.

Айрим кишилар бировларнинг ишидан хато-камчилик қидириш билан овора бўладилар. Ўзгаларнинг айбини фош қилиб, камчиликларини бутун оммага фош қиладилар. Кишилар айбини топиб, уни хусуматга айлантириш нодонларнинг ишидир. Бировнинг айбини топиш билан шуғулланишдан кўра, ўз айби билан шуғулланган яхшидир. Агар имкон бўлса, одамларнинг айб-камчиликларини беркитиш яхши фазилат ҳисобланади. Ҳозирги пайтда айрим кишилар бировнинг озгина камчилигини топсалар, уни баралла бутун оммага ошкор қилишни, бу қилган ишларидан мақтаниб юришни яхши кўрадилар.

Алишер Навоий “Маҳбубул-қулуб” асарида: “Нохуш хабарни чин бўлса ҳам дўстингга етказма; бировдан айб кўрсанг юзига солма. Қўявер, ўша чин хабарни душман етказсин ва сен сабр қил, у айб можаросини душман қилсин. Ақлли одам ёлғон гапирмас; аммо, барча рост гапни айтавериш ҳам тўғри эмас. Бировни ноҳақ ҳижолатга солмоқ-ўз нодонлигини изҳор қилмоқ ва бир кўнгилни оғритмоқдир. Бу каби кишини хафа қиладиган чин сўздан кўра зарурат юзасидан-ўрни билан гапирилган ёлғон яхшидир”, деб ёзадилар.

Яхши инсонлар ўзларига қилинган ҳақсизлик учун тортишмайдилар, ғазабланмайдилар. Аксинча, вазминлик, мулойимлик билан бу ҳолдан чиқишга ҳаракат қиладилар. Инсоннинг ўз ўзини хусуматдан сақлаши, унинг юксак фазилат соҳиби эканини кўрсатади.

 

Руҳиддин АКБАРОВ

Қарши туман Акбар халифа Эшон ибн Мухтор масжиди имом-хатиби

 

3064 марта ўқилди

Мақолалар

Top