Мақолалар

Тобутдаги мен

Ҳар куни жаноза бўлади. Кўпчилигимиз кун ора жанозаларда иштирок этамиз. Жанозани ўқигач, тобутни елкамизга ортиб, машинага ортамиз. Кейин машина ортидан қабристонгача борамиз. Маййитни қабрга қўйиб, Қуръон тиловатлари қилиб, уйимизга қайтамиз.

Ўлим ҳар биримизнинг бошимизда бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

كُلُّ نَفْسٍ ذَآئِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّمَا تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَمَن زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فَازَ وَما الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلاَّ مَتَاعُ الْغُرُورِ

“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз. Ким дўзахдан узоқлаштирилса ва жаннатга киритилса, шубҳасиз, ютибди. Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас” (Оли Имрон сураси, 185-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадисларда ўлимни эслаб туриш лозимлигини таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни кўп эсга олинглар!” (Имом Термизий ривоятлари).

Чунки, инсон доим ўлимни эслаб юрса, бир кун ўлишини ҳис қилгани учун шунга яраша ҳаракатини қилиб, тайёргарлик кўриб боради.

Ҳеч ўзингизнинг вафот этганингизни тасаввур қилиб кўрганмисиз?

Тасаввур қилинг, вафот этиш арафасида турибсиз. Жон ҳалқумингизга келган. Яқинларингиз атрофингизда парвона. Сиз эса ўзингиз билан овворасиз. Умрингиз давомида қилиб ўтган ишларингиз бирма бир кўз олдингиздан ўтмоқда. Кимларга зулм қилдингиз, кимларни алдадингиз, кимларга яхшилик қилдингиз... Ҳаммасини кўриб ўтмоқдасиз.

Аҳволингиз оғирлашиб, жонингиз танангизни тарк этаётганини ҳис қилмоқдасиз. Омонатни топшириб, жасадингиз руҳсиз қолди. Боя парвона бўлиб турганлар энди йиғлашга тушишди. Ташқаридагиларга сизнинг вафот этганингизни айтишмоқда. Ҳамма маҳзун кайфиятда. Қариндошларингиз бирин-кетин сизни мақтаб-мақтаб, фазилатларингизни айтиб ўтишмоқда.

Оила аъзоларингиздан бири ғассолни чақиришга кетди. Бирлари яқин орадаги масжидга тобутни олиб келишга кетмоқда.

Ғассол келиб, сизнинг либосларингизни еча бошлади. Бир иккита фарзанду жиянларингиз сизни ювиш ишида ғассолга ёрдам бермоқдалар. Сизни у ёққа-бу ёққа ағдариб ювмоқдалар.

Ювиб бўлгач, кафан устига ётқизиб кафанлашни бошладилар. Шу тарзда сизни кафанлаб бўлдилар. Кейин тобутни олиб келиб, унга ётқиздилар. Одамларга жанозангиз вақтини эълон қилдилар.

Жанозангиз ўқиладиган вақт келиб, тобутингизни ташқарига олиб чиқдилар. Барча яқинларингиз, таниш-билишларингиз, дўстларингиз, ҳамкасбларингиз, қўшниларингиз ва сизни таниган барча мусулмонлар жанозангизни ўқиш учун йиғилдилар.

Имом домла келиб, тобутингиз ёнида турибди. Одамларга юзланган ҳолда аста гап бошлаяпти. Аввал сафнинг аввалида турган жигарларингиз, фарзандларингиздан сизнинг зиммангизда қолиб кетган қарзларга кафил бўлиш-бўлмасликларини сўраяпти. Улардан бирлари кафил бўлишини айтди. Ана шундан сўнг имом домла ўлимнинг ҳақлиги, унга яхшилаб тайёргарлик кўриш лозимлиги, сизнинг ҳаётда қандай одам бўлганингиз ҳақида жамоатга сўзлаяпти.

Шундан сўнг имом домла жанозани ўқишга киришади. Такбир айтади. Барча йиғилганлар ҳам имомнинг ортидан такбир айтадилар. Кейин имом яна такбир айтадилар. Жамоат ҳам у кишидан сўнг такбир айтади. Имом домла яна бир бор такбир айтадилар. Йиғилганлар яна такбир айтадилар. Имом домла сўнгги такбирни айтадилар. Йиғилганлар ҳам унинг ортидан сўнгги такбирни айтадилар. Имом домла аввал ўнг, кейин чап тарафга салом берадилар. Жамоат ҳам салом беради.

Жаноза ўқиб бўлингач, сизнинг тобутингизни кўтариб, елкаларига олдилар. Ҳамма тобутни кўтариб, етти қадам юришга интилмоқда.

Тасаввур қиляпсизми?! Сиз тобут ичидасиз. Улар сизни катта юк машинасига ортиб, ўзлари ҳам атрофингизга ўтириб олдилар. Ҳаммалари тавҳид калимасини, зикрларни айтиб кетмоқдалар.

Қабристонга етиб борилди. Сиз учун кавлаб қўйилган қабр олдига сизни олиб келиб, тобутингизни қўйишди. Ҳамма “Бисмиллаҳи ва ала миллати Росулиллаҳи” (Аллоҳнинг исми билан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг миллатларига мувофиқ) дея сизни тобутдан олиб, қабр ичида турган фарзандингизга аста узатишмоқда.

Лаҳад ичига сизни ётқизиб, бош ва оёқ тарафингиздаги кафанингиз боғичларини ечиб қўймоқдалар. Таҳлил ва саловотлар айтилган тупроқларни кафангиз ёнларига сепиб чиқмоқдалар. Фарзандларингиз кўзида ёш билан сизни қолдириб, ташқарига чиқди. Гўрков амаки лаҳадингиз оғзини хом ғиштлар билан беркита бошлади. Лаҳадингиз оғзи ҳам беркилди, қабрингиз ичи қоронғу бўлиб қолди. Сизнинг дафн этилишингизни кузатиб турганлар қабрингиз ичига тупроқ ташлай бошладилар. Ҳамма навбати билан тупроқ ташлашга киришиб кетди. Кўп ўтмай, қабрингиз ичи тупроққа тўлиб, ердан кўтарилиб, каттагина дўнглик ҳосил бўлди.

Нарироқда ўтирган имом домла ва у кишининг ёнида ўтирган қори йигитлар Мулк сурасини тиловат қила бошладилар. Тиловат якунига етгач, сизнинг ҳақингизга дуо қилинмоқда.

Дуодан сўнг барча кишилар ўрниларидан туриб, бирин-кетин тарқала бошладилар. Қабрингиз ёнида фарзандларингиз, ака-укаларингиз ва яқинларингиз қолишди. Улар Ёсин сурасини ўқишни бошладилар. Сурани ўқиб бўлгач, қўлларини дуога очиб, сизнинг ҳақингизга дуо қиладилар.

Шундан сўнг улар ҳам уйлари сари кетишга тушадилар. Сиз уларнинг қадам товушларини эшитиб турибсиз. Улар ҳали узоқлашмаслариданоқ қабрингизга сўроқ-савол қилувчи фаришталар кирадилар. Сиздан бир неча саволлар сўраб, жавобингизга яраша муомала қиладилар.

Ана ўша пайтда уларнинг саволларига жавоб беришингизни ўйланг! Жавоб бера оласизми?

Сиз ҳозир тириксиз. Қабр ичида осон жавоб беришингиз учун тайёргарликни бошланг! Фарз ибодатларни ўз вақтида адо этинг! Қазо намозларингизни ўқиб, қазо қилган рўзаларингизни тутишни бошланг! Тилингиз доим Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлсин! Диний-маърифий мавзудаги китобларни кўпроқ ўқиб, Динимизни яхши ўрганиб, илмимизни ошириб боришга интилайлик! Одамлардан олган қарзларимизни тезроқ эгаларига етказишни ҳам унутмайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

2711 марта ўқилди

Мақолалар

Top