Мақолалар

Эр хотин ораси қачон ажратилади?

Аллоҳ таоло никоҳни муқаддас ришта дея эълон қилиб, беҳуда сабаблар ила ажрашишдан қайтарган. Аммо баъзи ҳолатларда ажримга рухсат берилган.

Ислом шариатига кўра ажрим икки хилдир:

  1. Шаръий ажрим
  2. Қазоий (қози томонидан бўладиган) ажрим

Шариъий ажримда ийло, лион, зиҳор, диндан чиқиш, эр-хотиндан бирининг Исломга кириши ила оралари ажратилади. Ушбу шаръий ажримлар фиқҳ китобларида батафсил, кўп ва хўб баён қилинган.

Қазоий ажримга тўрт фиқҳий мазҳабларга кўра, қуйидагилар сабаб бўлади: нафақа қилишдан  ожизлик, эр-хотиндаги айб, зарар, ёмон оилавий муносабатлар, эрнинг ғойиб бўлиши ҳамда қамоқ. Ушбу масалалар қозининг ҳукмига боғлиқ бўлади.

 Нафақадан ожиз бўлиш. Ҳанафий мазҳабидан бошқа уч мазҳаб, яъни моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида нафақадан ожиз бўлиш эр-хотин ажратилишига сабаб бўлади.

Аммо, ҳанафий мазҳабига кўра, нафақадан ожизлик сабабли эр хотин ораси ажратилмайди. Чунки эр гоҳ бой, гоҳ ночор ҳолатда бўлади.

Зеро Аллоҳ таоло айтган:

Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ)дан бошқа нарсага таклиф қилмас. Аллоҳ танглик (камбағаллик)дан кейин енгиллик (бойлик)ни ҳам пайдо қилур(Талоқ, 7 оят).

Агар эр бой бўлиб, нафақа қилмаётган бўлса, ажримдан бошқа йўллар қилинади, масалан қамаб қўйилади ёки мажбуран моли нафақа учун сотилади.

Айб ва касаллик. Абу Ҳанифа ва Имом Муҳаммад уч жинсий касаллик сабабидан эр-хотин ораси ажратилади, дейишган. Улар:

  1. Мажбуб – эркак жинсий аъзоси кесилган бўлиши;
  2. Унна – жинсий ожиз бўлиш;
  3. Хасй – бичилган бўлиш. Мана шу ҳолатлардагина хотин қозига шикоят қилиб, ажрим талаб қилишга ҳақли. Бунда қозининг никоҳни фасх – бекор қилиши боин талоқ бўлади.

Аввало, эркак кишидаги бу уч ҳолат оила бўлиб яшаш, оиладан кўзланган мақсадга халал беради. Шунда хотин эри бичилган ёхуд жинсий ожизлиги сабабли қозига арз қилишга ҳақли бўлади. Қози эркак кишига бир қамарий ой ҳисобида муддат беради. Чунки, эркаклардаги ожизлик бир мавсумда пайдо бўлиб, бошқа бир мавсумда йўқолиб, ҳолат ўнгланиши мумкин. Кўриниб турибдики, муқаддас оила риштаси беҳуда сабаблар билан узиб, бахт қасри эса бузиб юборилмайди.

Айб билан икки томон ораси ажратилаётганда қуйидаги шартлар бўлиши лозим:

  1. Ажримни талаб қилаётган томон никоҳ ақди пайти ёки ундан олдин айбдан бехабар бўлиши лозим. Чунки бохабарлиги шу айбга розилигини англатади.
  2. Ақд тузилгандан кейин айбдан хабар топса, шу айбга рози бўлмаслиги. Агар рози бўлиб турган бўлса, даъвоси асоссиз даъво бўлади.

Айб сабабли ажратилганда маҳр масаласи.

Ҳанафийларда агар ажрим яқинлик ёки хилвати саҳиҳадан олдин бўлса, аёлга маҳрнинг ярми берилади, чунки ажралиш эр сабабидан юзаган чиқмоқда. (Эслатиб ўтамиз, юқоридаги айблар эркак кишига тегишли бўлиб, бизнинг мазҳабда аёлларга доир айблар келтирилмаган.) Агар ажралиш яқинликдан ёки хилвати саҳиҳадан кейин бўлса аёлга идда вожиб бўлади, маҳр тўлиқ берилади.

Жанжал ва зарар. Жанжал – инсон ҳурматига таъна етказадиган даражадаги қаттиқ низо. Зарар – эркак кишининг хотинига гап ёки хатти-ҳаракат билан азият етказиши. Худди, сўкиш, уриш ва ҳаром ишларга мажбурлаши каби.

Моликийлардан бошқа уч мазҳаб, агарчи низо ва зарар ўта даражада кучли бўлса ҳам, ажримга сабаб бўлолмайди. Чунки аёлдаги зарарни талоқсиз ҳам ҳал этиш мумкин, масалан қозининг эркакни одобга чақириши, жазолаши каби.

Моликийларда эса, зарар ва жанжал сабабидан тафриқ жоиз бўлади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу сўзларига кўра: “Зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ”. (Ибн Можа ривояти)

Қозининг бу ҳолатдаги ажрими – қозининг боин талоқ тушириши билан бўлади.

Эрнинг йўқ бўлиб кетиши. Агар эр ғойиб бўлса ҳанафий ва шофеъий мазҳабига кўра, гарча муддат узун бўлсада, эрнинг йўқ бўлиши сабабидан қози уларнинг орасини ажратмайди. Негаки, бу борада бирорта шаръий далил собит бўлмаган.

Умумий хулоса:

Ҳанафий мазҳабида эркак кишидаги жинсий ожизлик сабабидан хотин қозига шикоят қилиши мумкин. Шундай бўлса-да қози эркакни ўзини ўнглаб олиши, даволаниши, учун бир йил муддат беради. Эркаклардаги бундай ҳолат сабабидан аёлга зулм ҳам қилинмайди, эркакка ҳам муддат белгиланмай оралари ажратиб юборилмайди. Бундан ташқари, мазҳабимизга кўра инсоннинг бой ва камбағал бўлиши, ёхуд илм, касбу кор талабида аёли ёнида бир муддат бўлмаслиги, баъзи сабаблар ила ҳибсга тушиши эркакка айб етказмайди. Фаразан, шу ҳолатлар билан аёлга ажрим сўраб қозига мурожаат қилиш ҳуқуқи берилса, қанчадан-қанча оилалар ажралиб, пароканда бўлишига сабаб бўлиб қолади. Шариатимизда аёллардаги жинсий монеликлар ҳам бошқа ечимлари мавжуд бўлгани учун ажримга сабаб бўла олмайди.  Ҳанафийлик мўтадил мазҳаб бўлгани, инсонлар ҳолати, турмуш тарзи, шароити ва урф одатларини эътиборга олганидан унинг эргашувчилари кўпчиликни ташкил этади.

 Ҳозирги кунимизга назар солсак, ажримлар кўпаймоқда, оилавий жанжаллар авж олмоқда. Ҳар 4-5 оиладан бири судга шикоят билан ажрим сўраб чиқмоқда. Мутахассислар ва яраштирув комиссиялари шикоят сабабини ўрганиб чиқишганда, ажримга асосли сабаблар деярли топилмайди. Келинга қарши шикоятлар: “Таги паст...”, “Мебели хорижники эмас...”, “Кулиб юрмайди...”, “Дангаса...”, “Онаси бешик қилиб, той обкелмаган...”, “Уй ишларига уқуви йўқ...”, “Бир йилдан бери туғмаяпти...”, “Битта болани эплолмайди...”, “Қачон қараса касал, югуриб-елиб хизмат қилмайди...”, “Онаси қудачиликни ўрнига қўймайди...” ва ҳоказо иддаолар. Касални даволатса, дангаса, хулқи ёмонга насиҳат қилса,  тойсиз ҳам набира катта қилса, таги паст бўлсада, одоби яхши келин билан муроса қилиб яшаса бўлади. Аммо арзимас сабаблар билан эр-хотин орасига низо солиш, жанжал кўтариш, хотинга азият етказиш Ислом шариатида маън этилган. Юқорида мазҳабимизда айб эркакда бўлсагина, ажрим учун қозига мурожаат қилиш жоизлиги билдик. Аммо кўп қайнона-қайноталар айб ўғилларида эканлигини билиб турсалар ҳам ҳамма айбни келиндан кўриб, оила негизига ўзлари билмаган ҳолда болта уриб қўядилар. Бунинг акси ўлароқ, эркак кишига ҳам баъзи асоссиз айбларни рўкач қилишади: “Ландовур...”, “Оилани боқолмайди...”, “Хотини талабларини қондиролмайди...”, “Бир иш қўлидан келмайди...”, “Ўзига тўқ деб ўйлабман, камбағал бўлиб чиқди...”, “Институтни тугатмаган...”, “Машинаси йўқ...”, “Касалманд...” каби иддаолар. Асосий эрга юкланадиган айб, маошининг кам бўлиши, катта-катта даромади йўқлиги. Лекин бойлик ва камбағаллик ҳам Аллоҳдан етадиган қазои қадардир. Айрим аёллар эрлари яхши топиб-тутганда чиройли муомала қиладилар, иши орқага кетганда, бирор мусибатга етганда ёлғиз ташлаб кетадилар. Халқимизда бежизга “Эр-хотин қўш ҳўкиз” дейилмаган.

 Юртдошларимиз, хусусан, аёллар орасида агар эр хорижга ишлагани кетса ёки узоқ муддат қамоқда ўтирган бўлса, “Эр-хотин орасига талоқ тушади” деган “фатво” тарқаб кетган ва буни амалда қўллашмоқда ҳам. Ислом шариатига биноан эр қанча узоқ йўқ бўлиб кетсада, ораларига талоқ тушмайди, мазҳабимизга кўра, бу сабаб ила қози ораларини ажратмайди ҳам. Аммо, эр бедарак йўқолган, вафот этган дея ҳукм чиқарса, бундан мустасно. Зеро, Аллоҳ таоло эри бўла туриб, бошқа эрга тегиб кетишни, ҳали иддаси чиқмай туриб, бошқа бировга никоҳланиб олишни ҳаром ва бузуқ иш деб эълон қилган.

Аллоҳ таоло барчамизга чиройли ва Ўзи рози бўладиган турмуш кечиришни насиб айласин!

Ваҳба Зуҳайлининг “Ал-важиз фил фиқҳил исламий”

китоби асосида Тошкент Ислом институти

ўқитувчиси Фахриддин Муҳаммад Носир тайёрлади.

 

 

8305 марта ўқилди

Мақолалар

Top