Мақолалар

“Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг”

Аллоҳ таоло биз бандаларига ато этган кўплаб неъматлари орасида фарзанд неъмати ҳам бор.

Баъзи оилаларда узоқ йиллар тирноққа зор бўлинади. Эр-хотин сабр қилиб яшайдилар. Ҳатто 10-15 йил фарзанд неъматини кутиб яшаб, охирида орзулари рўёбга чиқадиган оилалар ҳам бор.

Фарзанд дунёга келгач, ота-она, бобо-бувилар қалби қувончга тўлади. Чақалоқ йиғласа юпатишга, ухласа тинчланишга, кулса бирга кулишга тушишади. Ҳамма уни эркалайди, унинг ўйинлари, табассумларини кўргиси келади.

Афсуски, кейинги пайтда янги туғилган чақалоғини турли жойларга ташлаб кетадиган кимсалар кўпайди. Кимдир никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолгани учун чақалоғини ташлаб кетса, кимдир етишмовчилик ваҳимасидан ўз боласидан воз кечишни раво кўрмоқда.

Бири ҳожатхонага ташлаб кетса, бошқаси ахлатга ташлаб кетяпти, айримлари эса ўз боласини пулга сотиб юбориши ҳам қулоққа чалиняпти.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда янги туғилган чақалоқнинг анҳорга ташлаб кетилгани ҳақида хабар тарқалди.

Чақалоқни ким ташлаган? Туққан аёлми? Ёки аёлни кимдир мажбур қилганми? Балки камбағаллик сабабли ташладимикан? Ким ташлаганидан қатъи назар, бу иш нақадар жирканч, катта мусибат!

Бу қанақаси бўлди?! Халқимизга нима бўляпти?!

Аёллардаги ҳаё, уят ҳисси қаёққа йўқолди?!

Эркаклардаги орият, ҳамият қаерларга кетди?!

Ёки боласидан очлик, фақирлик туфайли воз кечган бўлса, ризқни берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини, уларга шунча йил ризқ бераётган Зот янги туғилган чақалоққа ҳам ризқ беришини наҳот билмасалар?!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ

“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят)

         Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلاقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُهُمْ وَإِيَّاكُم إنَّ قَتْلَهُمْ كَانَ خِطْءاً كَبِيراً

“Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир”. (Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди) (Исро сураси, 31-оят)

Ахир бу халқ Ақида бўйича дунёга устозлик қилаётган Мотуридий, Насафий, Фиқҳ бўйича мударрислик қилаётган Марғиноний, Ҳадис бўйича пешқадамликда бўлиб келаётган Бухорий, Термизий, тасаввуфда Нақшбанд сингари алломаларнинг бешигини тебратган эди-ку!

Ахир бу халқ қайнотаси кирганда ўлим тўшагида ётган бўлса ҳам ўрнидан туриб, рўмолини ўрашга уринган Кумушларни тарбия қилган эди-ку!

Совуқ уруш даврида, бир бурда нонга зор бўлинган вақтларда ўзининг 5-6 нафар боласининг ёнига етим қолган 10 дан зиёд болаларни ўз бағрига олган халқ эдик-ку?

Ахир бизнинг мастура, ҳаёли момоларимизнинг жуфту ҳалоллари урушда ҳалок бўлиб, 18-20 ёшларидаёқ эрдан бева қолган бўлсалар ҳам бошқа турмушга чиқиш у ёқда турсин, турмушга чиқишни ўйлаб ҳам кўрмай, умрбод ёрига вафодор бўлиб яшаб ўтишган эди-ку!

Ахир бизнинг боболаримиз белларидаги белбоғларини бегоналар остонасида ечмаган, номаҳрамларнинг қўлини ушлаш у ёқда турсин, уларга суқланиб қарамаган мард, ориятли, садоқатли эркаклар бўлишган эди-ку!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган: 

وَإِذَا الْمَوْؤُودَةُ سُئِلَتْ بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ

“Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?” (Таквир сураси, 8-9-оятлар)

Қиёмат куни ўлдирилаётган чақалоқлардан қайси гуноҳи учун ўлдирилгани сўралганда, уларни ташлаб кетаётган онаси, шунга мажбур қилаётган отаси Аллоҳ таолога нима деб жавоб беради?!

Бундай нобакорликларнинг сабаби нима деб ўйлайсиз? Жамиятда қандай бош кўтариб юраман деган қўрқувми? Ота-онамга нима дейман деган фикрми? Нима бўлганда ҳам бундай жирканч ишни амалга оширишга сабаб Динни билмаслик, илмсизлик, оилада Исломий тарбиянинг йўқли, инсонпарварлик қадриятларидан узоқликдир!

Дўконларда диний-маърий китобларимиз кўп. Аммо уларни сотиб олиб, ўқийдиганлар кам. Ўша китоблардаги илмни уйида татбиқ этадиганлар оз. Улфатлар билан ош ейиш учун бир ўтиришда беш-олтита китоб пулини ишлатишни биламиз. Аммо боламизнинг тарбиясига зарур бўлган китобни олишга келганда, ўша китоб қимматдек туюлади ёки пулимизни қизғонамиз.

Фарзандларимизга гўдаклик пайтларидан бошлаб, аждодларимиз мероси асосида таълим-тарбияга жиддий эътибор қаратмас эканмиз, бошимиз ташвишлардан чиқмай қолаверади.

 

Нозимжон Иминжонов

2175 марта ўқилди

Мақолалар

Top