Мақолалар

Келажакни террорсиз қурамиз!

Фарзандларнинг тарбияси ота-она зиммасига юкланган энг муҳим вазифа. Ёш авлод тарбияси эса бутун халқ ва давлат елкасидаги буюк масъулиятдир. Юртбошимиз айтганларидек: “Келажак ёшлар қўлида”, шундай бўлгани учун асосий эътиборимизни ёшларнинг тарбиясига қаратмоғимиз лозимдир.

Ҳозирги мафкуравий курашлар, маънавий таҳдидлар замонида ёшларни соф эътиқод, ота-боболар маданиятида сақлаб қолиш – жуда ҳам мушкул. Жадал ривожланаётган ахборот технологиялари асрида интернет, ундаги ижтимоий тармоқлар, телевидение, радио каби оммавий ахборот воситалари орқали ёшларимизнинг маънавиятига, эътиқодига таъсир қилиш янада осон ва қулай бўлиб қолди. Олдинги замондаги каби инсонни эътиқодидан адаштириш учун шарт-шароит, юзма-юз кўришиш каби воситаларга эҳтиёж қолмади, интернет бўлса, бас.

Бежиз Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга икромли бўлинг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, дея таъкидламаганлар. Демак, ота-она фарзандининг тарбияси гўзал бўлишига масъулдир.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши биродарига қурол билан ишора қилса, иккаласи ҳам дўзах жарлигидадир. Агар ўлдирадиган бўлса, иккаласи ҳам дўзахга тушади”, - дедилар. Ахир қандай қилиб бир юрт, бир миллат фарзандлари бир-бирларига қурол кўтаришади? Буни қандай қилиб тасаввур қилиш мумкин? Ҳозирги тинчлик замонида, давлатлар ўртасидаги гўзал, дўстона алоқалар мукаммал ўрнатилган бир даврда инсонларга қандай қилиб дўстларига қурол кўтариш ёҳуд террорлик ҳаракатини қилиш мумкин?

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Моида сураси 2 оятида: “Яхшилик ва таво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”, - дея марҳамат қилган. Қўрқитиш, ўлдириш, инсон шаъни ва молига тажовуз қилаётганлар эса айнан мазкур оятга зид равишда ёмонлик, фасод, бузғунчилик ва гуноҳи кабиралар йўлида ҳамкорлик қилишади.

Демак, ёш авлодлар бундай оғир таҳликадан омонда бўлишлари учун уларнинг тарбиясига жуда ҳам жиддий эътибор беришимиз лозим. Уларнинг тарбиясига масъуллар, биз вазифамизни мукаммал адо этсак, иншааллоҳ, фарзандларимиз ҳам комил, эл-у юртига, миллатига гўзал хизматлар қиладиган ўғлон-у қизлар бўлиб етишадилар.

 

Аҳмаджонов Абдулазиз,

Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум”

 ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 

2012 марта ўқилди

Мақолалар

Top