Мақолалар

Солиҳа аёл!

Солиҳа аёл диннинг ярмидир. Солиҳа аёл дунё матоларининг энг яхшисидир. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а) дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганлар: “Дунё ўзи бир матодир. Дунё матоларининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. Муслим ривояти.

Ҳоким ўзининг “Мустадрок” номли китобида, Анас (р.а)дан сахиҳ деб ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в) “Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл насиб этган бўлса, Аллоҳ унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида Аллоҳдан тақво қилсин”, деб келтиргандир.
Солиҳа аёлнинг зийнати хусусида Абу Нуъайм қуйидагини айтади: Саъид ибн Мусаййибнинг аёли, “Биз ўз эрларимизга, сизлар ўз амирларингизга сўзлагандек, “Аллоҳ сизни салоҳиятли қилсин, Аллоҳ сизни саломат қилсин”деб айтар эдик”-деб айтади.

Абу Ҳурайра (р.а) Муҳаммад (с.а.в) дан “Агар мен бирор кимсани бирор кимсага сажда қилишга буюрмоқчи бўлганимда эди, албатта, аёл кишини ўз эрига сажда қилишига буюрган бўлар эдим”. Термизий ривояти. Ибн Можа Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтдилар: “Мўмин одамнинг Аллоҳдан тақво қилишни ҳосил қилгандан кейин эришган нарсасининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”. У аёлга бирор иш буюрса, итоат қилади, агар аёлига қараса кўзи қувнайди, агар бирор ишни қилишга қасам ичган бўлса, аёли унга қасамнинг устидан чиқишда ёрдам беради. Агар эри уйида йўқ бўлса, ўзини ҳам эрининг молини ҳам холислик билан муҳофаза қилади.

Байҳақий “Шўъбул Иймон” китобида Асмо ибн Хорижа Ал-Физорийнинг ўз қизини турмушга бераётган пайтида айтган сўзини келтиради: “Эй қизим, сен эрингга чўри каби бўлгин, шунда эринг сенга қул каби бўлади. Эрингга ўта яқин келмагинки, сени малол олиб қолиши мумкин. Ундан ўта узоқлашиб кетмагинги, сенинг узоқлашиб кетишинг унга оғир ботиши мумкин. Сен мен сенинг онангга айтганимдек бўлгин. Мен сенинг онангга шундай деган эдим: “Мадомики, сен мени доимий равишда афв этиб борар экансан, менинг сенга бўлган муҳаббатимни узоқ сақлаб қоласан. Мен ғазабга минган пайтимда менга бирор сўз айтмагин. Чунки мен кўрдимки, бир вақтнинг ўзида инсон қалбида ҳам мухаббат ҳам озор жамланмас экан, балки муҳаббат кетиб қолар экан”. Агар аёл ўз эрини рози қилган ҳолатда вафот этадиган бўлса, у аёлнининг жаннатга кириши умид қилинади. Бу ҳақда Умму Салама (р.а) Муҳаммад (с.а.в)дан ривоят қилган ҳадисда, “ Қайси бир аёл вафот этса ва эри ундан рози бўлиб қолса, у аёл албатта жаннатга киради” деганлар. Имом Термизий ривояти.

Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Менга дўзах кўрсатилди, қарасам ундаги одамларнинг кўпи инкор қилувчи хотинлар экан”. Саҳобалар: “Аллоҳни инкор қилганми?”-деб сўрадилар.
“Эрнинг яхшилигини инкор қилганлар, эрнинг қадрига етмаганлар. Агар уларнинг биттасига бир умр яхшилик қилсанг-у, кейин сендан бир кичик ёмонлик кўрса. “Сендан нима кўрдим, ҳеч яҳшилик кўрмадим”-деб айтадилар”-деб жавоб бердилар. Имом Бухорий ривояти.
Муҳаммад (с.а.в) айтдилар: “Сизларга жаннат аҳлидан бўлган аёлларингиз ҳақида хабар берайми? Хушмуомала, тез рози бўлувчи, зулм кўрган пайтда “Мана бу қўлим сизнинг қўлингизда, то сиз рози бўлмагунча кўзимга уйқу қўнмайди” дейдиганларидир”. Табароний ривояти.


Аҳмадали Худайбердиев

Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жомеъ масжиди имом-хатиби

5934 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top