Мақолалар

Миллий Қомусимизда маънавиятимиз мезонларига эътибор

Она тилимизда “инсон маънавияти”, “халқ маънавияти”, “жамият маънавияти”, “миллат маънавияти” каби иборалар мавжудки, бутун мазмун-моҳиятида айнан инсон, халқ, жамият ва миллат тақдири билан боғлиқ ҳаёт мезонлари акс этган. Асосий қонун руҳига нисбатан ҳам, бизнингча, шундай ибора қўлламоқ мумкин. Бинобарин, биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида маънавият тушунчасига шундай теран таъриф беради: “Маънавият – инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир”.    

Конституциямизнинг барча моддалари ва умумий мақсад-муддаоси ҳам айнан шу эзгу ниятларни амалга татбиқ этишга йўналтирилганидир. Жумладан, Асосий қонунимиз “Муқаддима”сидаги мана бу сўзлар халқ ва миллат қалби қаъридан келаётган, узоқ асрлар давомида изҳорини кутган маънавий шиддат ва шижоат, азму қарор ифодаси десак, янг­лишмаймиз.

“Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади”.

Шунингдек, Асосий қонунимизга кўра, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” (2-модда).

Мустақиллик йилларида биргина шу конституциявий норманинг ҳаётда қай даражада амал қилгани ва амал қилишда давом этаётганини юртимиздаги тарихий ислоҳотлар, сон-саноғи йўқ улкан бунёдкорликлар, ҳар бир соҳада эришилган ютуқ ва натижалар салмоғида кўришимиз мумкин. Тарихан жуда қисқа муддат ичида республикамизнинг дон ва ёқилғи мустақиллигига эришгани, миллионлаб одамларнинг томорқага, узоқ йиллик ижара асосида берилган йирик экин майдонларига, шахсий мулк­ка, капиталга ва улардан эмин-эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлгани, миллатнинг тарихий хотираси, шаъни ва шавкати, ор-номуси тиклангани, маданияти, маърифати, маънавияти ривож топгани – буларнинг бари давлат айнан халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилаётганининг амалий тасдиғидир.

Агар Қомусимизнинг 49-моддасида: “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар. Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир”, дея белгиланиши асосида халқнинг бебаҳо маънавий мулкига ҳурмат руҳи бардавом бўлиши таъминланган бўлса, унинг 4-моддасида республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилиши кафолатланади. Бунга қўшимча равишда, 42-моддада жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига давлатнинг ғамхўрлик қилиши қатъий белгиланган.

Бош Қомусимизнинг моддалари инсон манфаатлари, хоҳиш-иродалари, унинг инсоний ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя этиши ила маънавиятимиз мезонларига катта аҳамият қаратган.

 

Нигора ҒОФУРОВА,

“Хадичаи Кубро” билим юрти ўқитувчиси

 

4654 марта ўқилди

Мақолалар

Top