Мақолалар

Ёлғон ва миш-мишларга ишонманг!

Замон шу даражада ривожландики, уйида ўтирган исон бир зумда бутун дунё маълумотларига эга бўляпти. Маълумот алмашинуви ҳам шу қадар тезлашдики ,бугунги маълумот  эртага эски бўлишга улгуряпти. Албатта бу тезлашиш, маълумот алмашинувини интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Инсонлар томонидан интернет тармоқларига шу қадар маълумот ва янгиликлар қўйилиб борилаяпдики уни ўқиб улгуришни ўзи мушкул бўлиб қолди. Бир дақиқани ўзидаёқ нафақат юртимизда балки дунёда  бўлаётган хабарлар билан танишиш ёки бирор бир хабарни бошқаларга тарқатиш ҳач гап бўлмай қолди. Бу албатта инсонлар учун қулайлик бўлиб, ўзларига керак бўлган маълумотларни топиб , уни ўрганишида ҳамда , бирор бир  хабарни яқинларига етказишида ҳам вақт ва маблағларини тежайди. Лекин шуни яхши билишимиз керакки, қулайлик ва енгиллик бўлмиш бу интернетдан фойдаланишда ҳусусан ахборот  олиш ёки ахборот етказишда жуда эҳтиёткорона иш тутмоқлик керак.

Кейинги вақтларда интернет тармоқлари орқали асоссиз, ёлғон хабарлар, турли уйдирмаларни, айниқса бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирусга алоқадор маълумотларни билиб билмай халқ оммасига ҳавола қилиб, инсонлар орасида турли ноқулайлик ва ваҳималарни келиб чиқишига  сабаб бўлаётганлар  кузатилмоқда. Масалан, “ Фалон нафар фуқаро фалон жойдан  ушбу касаллик сабаб оламдан ўтибти”,” Фалон жойдан фалонча адад касаллик аниқланибти”, “Салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчилар томонидан коронавирус инфекцияси атайлаб тарқатиляпти”, “Нарҳ наволар кўтарилиб кетар экан”, “ Озиқ овқатларни кўпроқ ғамлаш керак”,  каби кўплаб асоссиз миш мишлар фикримиз далили бўла олади.

Динимизда ёлғончилик қораланиб, инсонларни ёлғондан қайтарилади. Сабаби, ёлғон гапириш ёлғончининг имонига салбий тасир қилиши билан бирга,  жамияда  беқарорлик ва ваҳималарга сабаб бўлиб, инсонлар орасида парокандаликни келтириб чиқаради.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Бир одам келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?", деб сўради. Расулуллоҳ: "Ёлғончликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради", деб жавоб бердилар.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилад”», дедилар. (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти). 

Ҳадиси шарифда ростгўйлик мақталиб, ростгўй инсон жаннат аҳлидан экани, ёлғон эса ёмонланиб унинг эгаси дўзах аҳлидан  экани маълум бўляпти. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёлғончини мунофиқга тенглаштирдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади”. (Муттафақун алайҳ).

Агарда ёлғон хабарни тарқатган кишидан ушбу хабарни манбасини сўрасангиз кимдандир эшитганлигини асос қилади ваҳоланки ҳадиси шарифларда эшитган нарсаларини гапираверишлик ҳам ёлғончилик экани айтиб қўйилган.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг барча эшитганларини гапиравериши унинг  ёлғончилигига етарли далилдир”. (Имом Муслим).

Мусулмон инсон гапирса яхши гап гапириши бўлмаса сукут қилиши лозимдир.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин”, деганлар (Муттафаққун алайҳ).

Яна шуни алоҳида такидлаш керакки Мусулмон киши ҳаммани гапига ишониб уни тасдиқлаб ҳам кетавермайди , балки хабарни ким етказаётганлиги , у қандай киши, нимани гапираётганлигини аниқлаб кейин ишониши керак.  

 Яна, “Коронавируснинг  давоси топилибди” , деган миш мишлар  ҳам йўқ эмас. Аллоҳ ҳоҳласа топилади. Лекин асоссиз хабарларга ишониб ҳеч бир инсон мутахассисларга мурожаат қилмасдан ўзича иш кўрмасин.  Эронда бир қанча фуқаролар мана шундек  асоссиз, ёлғон хабарларнинг қурбони бўлгани кузатилди .

 Ҳар бир маълумотларни текшириб аниқлик киритиш зарур эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:  “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ кимса хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар!”.(Ҳужурот, 6). 

Мусулмон, Аллоҳдан умиди бор инсон доимо бошқаларга яхши ва тўғри гапларни гапириши, айниқса мана шундай синовли кунларда инсонлар орасида асоссиз, бўлар бўлмас хабарларни тарқатиб, турли  ваҳималарга сабаб бўлиш ўрнига,  барчани ҳамжиҳатлик ва сабрга чақириши лозимдир. Тижоратчи, тадбиркор қадрдонлар ҳам юқоридаги турли асаоссиз гапларга эътибор бермасдан, ушбу синовли кунларда нарҳ наволарни ошмаслигини таъминлаб, Аллоҳдан савоб ва баракот умидида фаолиятларини давом эттиришликлари  мақсадга мувофиқдир.Юртимизда фуқароларнинг осойишталиги, тинч ва саломатилиги учун барча шароитлар яратилиб, деярли ҳар куни янги қарорлар қабул қилиняпти. Ҳар куни мутахассислар томонидан юртимизга ва барча мамлакатларга оид янгиликлар ОАВ орқали омма эътиборига ҳавола қилиниб бориляпти. Саросима ва тушкинликка ўрин йўқ.

Барчамиз, бу ўткинчи бир синов эканлигини, зарур бўлмаганда ташқарига чиқмасдан,  карантин талабларига риоя қилиб, Аллоҳга дуо ва илтижолар қилиб, тавба ва ибодатлар билан машғул бўлишлигимиз, ҳар қандай асоссиз гапларга эътибор бермаслигимиз лозимдир.

 

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

2305 марта ўқилди

Мақолалар

Top