Мақолалар

Мусибат етганда ўқиладиган 2 дуо

Инсон ҳаётини бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини истайди. Шу сабабли, баъзи инсонлар бошига бирор кулфат етса тушкунликка тушади, ноумид бўлиб нима қилишни билмайди. Аслида ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки бу ҳаёт синов ва имтиҳонлардан иборат. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай маълум қилинади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз» (Бақара сураси, 155-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қийинчилик ва мусибатлар орқали бизни иймонимизни синайди. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш, касаллик етиши, ўқиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик ва ҳ.к. барчаси синовдир. Ушбу оят ҳар бир инсонга мусибат етишига далолат қилади.

Бирор бандага етган мусибат Аллоҳ таоло у бандани ёмон кўрганидан эмас ёки аксинча бандага етган неъмат у бандани Аллоҳ яхши кўрганидан эмас. Аллоҳ таоло ўзи ҳохлаган бандасини гоҳ яхшилик билан баъзан қийинчилик билан синайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам ёмонлик билан ҳам имтиҳон қилишини, ҳар бир иш фақат Унинг иродаси билан бўлишини билган мусулмон мусибатларда ўзини йўқотиб қўймайди.

Аллоҳ таоло мусибат етганда сабр қилган ва мусибатларига “ИННА ЛИЛЛАҲИ ВА ИННА ИЛАЙҲИ РОЖИЪУН” деб айтиб, ёлғиз Ўзига таслим бўлувчи бандаларини мадҳ этган. Улар учун тайёрланган улкан ажру мукофотларнинг башоратини берган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

Юнус алайҳисаллом ҳам мусибатга дучор бўлганларида: “ЛАА ИЛАҲА ИЛЛА АНТА СУБҲАНААКА ИННИЙ КУНТУ МИНАЗЗОЛИМИЙН”, деб Аллоҳ таолони зикр этдилар, ёлғиз Аллоҳ таолодангина умидвор бўлдилар. Натижада етган мусибатларидан фориғ бўлдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, – деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни мусибат, беморлик ва бошқа турли бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин, офият ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

5399 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top