Мақолалар

Рамазонда қорилар онлайн хатми қуръон қилар экан. Буни кайфияти қандай бўлади?

Ушбу саволга қорилар ижтимоий тармоқлар орқали онлайн тарзда хатми қуръонларни намойиш қиладилар. Бунда улар намоз ўқиётган ҳолда эмас балки, ўтириб, Қуръони каримга қараган ҳолда тиловат қиладилар, дея жавоб берди АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

Шунингдек, карантин сабабли масжидларга, жамоат намозларига чиқишнинг имкони бўлмаганда, телевизор ёки радиодан имомга иқтидо қилиб жамоат ёки жума намозини ўқиш жоизми мавзусидаги фикрни шундай изоҳлади.
“Радио ёки телевизор орқали имомга иқтидо қилиб, жума ёки беш вақт фарз намозларини ўқиш дуруст эмас. Чунки, бу ҳолатда имомга иқтидо қилиш шартлари топилмайди. Яъни, намозда имомга иқтидо қилиш дуруст бўлиши учун имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, яъни бир жойда туриши шарт.

Шу кунларда рӯза тутиш истагидаги инсонларни карантин шароити бир оз хавотирга солмоқда. Қандай йўл тутмоқ жоизлиги ҳақидаги саволга ҳам тегишлича жавоб олинди.
“Карантинда рўза тутиш одатий рўзадан фарқ қилмайди. Қўлларни тез-тез ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш рўзани очмайди. Шунингдек, зарурат бўлса оғизни чайқашнинг ҳам зарари йўқ. Модомики томоқдан (ҳалқумдан) сув ўтмаса кифоя”.

Қайд этиш керакки, динимизда рўзадорга ифторлик бериш улкан савоб ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”.

Шундай экан, ифторлик харажатларини муҳтож ва камбағал рўзадорларга бериш билан киши уларга ифторлик қилиб берганни савобини олади. Чунки, ифторлик қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир.

Сайёра Шоева, ЎзА

2939 марта ўқилди

Мақолалар

Top