Мақолалар

Сабр сўранг, ажр сўранг, мукофот сўранг!

Кўпчилигимиз мусибат етганда нима қилишни билмай, ўзимизни ўққа-чўққа ура бошлаймиз. Билмаймизки, мусибатни берган Аллоҳ ундан чиқиш йўлини ҳам кўрсатади. 

Аслида, олов темирдан зангни кетказгани каби мусибат ва синовлар ҳам инсон қалбидаги қусурларни тозалайди. Фақатгина темирчи занги тўкилиб эриган темирдан ўткир қилич ясаганидек, биз ҳам тақдир қилинган мушкулотлардан фойдаланиб, хулоса чиқариб Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлмоғимиз мақсадга мувофиқдир. Чунки ҳар бир мусибат ва мушкила синовдир. Синов эса соврин учун, бўлганда ҳам мукофотини Аллоҳ таоло берувчи – икки дунё яхшиликлари, жаннат ва Аллоҳнинг розилигига эришиш учун берилади.

Зеро, бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ва албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155–156 оятлар). 

Бошқа бир оятда эса шундай хушхабар берилади:

“Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда) яхши амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур” (Ҳуд сураси, 11 оят). 

Абу Ҳассон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Менинг иккита ўғлим вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бизни тинчлантирадиган вафот этганлар ҳақида бирорта ҳадис айтиб бера олмайсизми?” дедим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ҳа, айтиб бераман. Болалар жаннатнинг энг кичик аҳлидир. Улар (Қиёмат куни) ота-онасини учратганида кийимидан ёки қўлидан ушлаб оладилар. Мен сенинг ки­йимингни мана бундай ушлаганимдек ушлаб олишади. Аллоҳ ота-онасини жаннатга киритмагунча қўйиб юборишмайди” дедилар (имом Муслим ривояти).

Уламолардан бири айтади: Саҳобалар ўзларига мусибат етганида Аллоҳдан учта нарсани сўрар эдилар:

  1. Сабр –Бирор мусибат келганда: “Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг” (Бақара сураси, 155–156 оятлар).
  2. Ажр – “...Ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофот бўлур”(Ҳуд сураси, 11 оят)
  3. Мукофот –  “... Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10 оят).

Банда, ҳар қандай мусибат чоғида сабр-тоқат ила турса, фаришталар унинг “номаи амол”ига бу собирлардан дея битиб қўяди ва бунинг учун қиёматда улкан ажрларга эришади. Сўнгра, мусибатлар кўтарилгач Аллоҳдан мукофот тиласа албатта Аллоҳ уни бу дунёда ҳам ўзи ўйламаган кутмаган мукофотлар билан ризқлантиради.

Ҳақиқий сабр бу – мусибат етган заҳоти қадарга рози бўлишлик ва нолимасликдир!

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

2930 марта ўқилди

Мақолалар

Top