Мақолалар

Аллоҳ дуосида бардавом бандаларни яхши кўради

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Аллоҳ дуосида талабчан (бардавом) бўлган кимсаларни яхши кўради».

Мўмин банда Аллоҳнинг ҳабиби. У қанчалик кўп сўраган сари Аллоҳ таолога ёқади, унинг овози Аллоҳга суюмлидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Аллоҳ таоло Жаброил (алайҳиссалом)га айтади: “Эй Жаброил, мен фалончининг ҳожатини раво қилдим, дуосини ижобат этдим, лекин уни бундан ушлаб тураман (яъни, унга бермай тураман). Чунки унинг
овозини яхши кўраман”».

Ваҳб (розияллоҳу анҳу) дедилар: «Аллоҳ таоло дейди: “Бандамга бало юбориб, ундан дуо-илтижо оламан”». Дуосида мунтазам (бардавом) одам дуоси ижобатини кўрмаса ҳам, умидини узмайди, умидсизликка ҳам тушмайди, дуо қилаверади. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳабибига айланади. Чунки у Аллоҳни таниган, қалби пок (яъни дилида Аллоҳ ҳақида ёмон фикрларга бормайди), ибодатида ихлосли. Кимки Аллоҳга ибодатини сидқидилдан қиладиган бўлса, у дуони тилда қилади, дили эса Аллоҳнинг амрини кутиб интизор бўлади, сиқилмайди, тушкунликка тушмайди. Чунки қалби унинг амрига мунтазир, унга тикилиб туради. Унинг амрига мунтазир бўлиш банда Аллоҳга бериши мумкин бўлган энг афзал нарсадир. Бу энг соф ибодатдир. Тили билан дуо қилиши бу ибодат (яъни бандалик қилиш), чунки сўраганда, бу илтижоларнинг барчаси Унга эканлигини эътироф этишдир. Аллоҳнинг амрига мунтазир бўлиш ҳам ибодатдир. Энг афзал дуо кишининг бардавом дуо қилишидир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Ҳеч бирингиз дуо қилиб, кейин эса “мен сўраган эдим, лекин ижобат бўлмади”, деманглар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар:

«Мўмин банданинг дуоси мустажобдир. Агар банда: “Ё Рабб!” деса, Аллоҳ таоло: “Лаббайка” дейди. Агар банда ҳожатини сўраса, Аллоҳ унга ёки тезда ижобат қилади, ёки ҳожатига яраша ундан бир балони даф этади ёки уни банданинг охиратига сўраганидан ҳам афзал қилиб сақлаб қўяди. Нима бўлганда ҳам, унинг дуоси ерда қолмайди».

Имон эгалари дуо қиладилар, қайта-қайта илтижо қиладилар, агар мустажоб бўлса, қабул қиладилар, агар кейинроқ берилса, сабр қиладилар, агар берилмаса,
рози бўладилар, Аллоҳ ҳақида ёмон фикрга бормайдилар. Улар хотиржам ҳолда Унинг амрига мунтазир бўлиб яшайдилар. Саховатпешалар инъом этмоқни олмоқдан яхши кўрадилар. Улар қилган саховат ва инъомлари билан
роҳатланадилар. Олган инъомидан севинган сўровчидан кўра, улар ўз саховатидан кўпроқ лаззатланадилар. Чунки олмоқлик фақирларнинг иши. Бермоқлик бойларнинг хулқи, жаннат аҳлларининг хулқи, у Аллоҳнинг хулқи. Суфён Саврий (розияллоҳу анҳу)нинг дуолари бундай эди: «Эй сўралишни яхши кўрадиган ва сўрамайдигандан ғазабланадиган зот, эй сўраган ва кўп сўрайдиган бандаларини суйган Зот, Сен каби бундай Зот бошқа йўқ, эй Карим. Эй сўрамаган ва талаб қилмаган бандаларини ёмон кўрадиган Зот, Сен каби бундай Зот бошқа йўқ, эй Карим. Эй улкан нарсаларни сўраган бандаларини суйган Зот, Сенга у нарсалар улкан эмас, қудратинг улкан, эй Азим».

Аллоҳ таоло Мусо (алайҳиссалом)га деди: «Мендан қўйингга хашак бўлса ҳам сўра, кичик нарсани сўрашга ҳаё қилма, бахиллик қилиб Мендан сўрашга қўрқма».
Аллоҳ билгувчироқдир.

“Маърифат манзиллари”

(Ҳаким Термизий асарларидан сайланма)дан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган

3379 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top