Мақолалар

Халқимиз фазилатининг ёрқин ифодаси

Муҳтарам Президентимиз имзолаган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон дунё халқлари иқтисодий қийинчиликка учраб турган мураккаб шароитда халқимиз манфаатини кўзлаб чиқарилган ҳужжат бўлди. Буюк халқнинг гўзал фазилатларидан бири, шубҳасиз, кексаларини ҳурмат, ёшларини иззат қилиш, аёлларига эътибор кўрсатишдир. Мазкур фармон айни шу масалаларга алоҳида аҳамият қаратгани билан эътиборли. Жумладан, унда кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бор шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласига кенг ўрин ажратилгани, уларга алоҳида имтиёзлар берилиши халқимизга хос ибратни намоён қилди.

Фармонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига 2020 йилда бюджетдан қўшимча  2,3  трлн. сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Фармонда 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақаларнинг 1,1 бараварга оширилиши, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож 400 мингдан ортиқ оиланинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан тўлаб бериш белгилаб қўйилди.

Дунё иқтисодий инқирозни бошидан кечириб турган бир паллада юртимизда шунча маблағнинг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига сарфланаётгани таҳсинга сазовор.

Бундай неъматларга шукр қилиш, ҳозирги шароитдаги балоларга сабр қилиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим.

Шу ўринда мазкур йўналишда имом-хатиблар амалга оширган хайрли ишларини ҳам эътироф этиш зарур. Айниқса, уларнинг афв этилганлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоийлашуви борасидаги хизматлари алоҳида эътиборга молик.

Жобир ЭЛОВ, 

 Бухоро вилояти бош имом-хатиби

1704 марта ўқилди

Мақолалар

Top