Мақолалар

Имом Заҳабий ва унинг «Кабоир» номли асари

Ислом оламида мўътабар бўлган уламолардан бири, шубҳасиз, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Абу Абдуллоҳ Заҳабий Шофеъийдир.

Имом Заҳабий ҳижрий 673 йили Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топганлар.

«Заҳабий» тахаллуси у кишига оталарининг касбига нисбатан берилган бўлиб, «заргарнинг ўғли» деган маънони англатади.

Ҳадис илми билан 18 ёшдан шуғулланишни бошладилар, Баълабакка, Ҳимс, Ҳама, Алеппо, Триполи, Набулус, Рамла, Қоҳира, Искандария, Қуддус, Ҳижоз каби жами ўттизта шаҳарда бўлдилар. Илм таҳсили учун жуда кўп олимларнинг хизматида турдилар. Ибн Заҳирий, Абарқуҳий, Шайхул-Ислом Ибн Дақиқ Ийд (Имом Заҳабий у кишининг олдига илм ўргангани келганида, имтиҳон қилиб: «Абу Муҳаммад Ҳилолий ким?» деб сўраган, Имом Заҳабий: «Суфён ибн Уяйна», деб тўғри жавоб бергач, Ибн Дақиқ Ийд у зотни шогирдликка қабул қилган), даврининг етук ҳадисшунос олими Шарафиддин Димятий, Жалолиддин Абу Маъли Ансорий каби олимлардан ҳадис ва фиқҳ илмини ўргандилар. Сўнг Дамашқ шаҳрига қайтиб, ҳадис илмидан дарс бердилар, ислом оламида номларини машҳур этган китобларини ёздилар.

73 ёшда кўз нуридан айрилдилар ва икки йилдан сўнг фоний дунёни тарк этдилар. Учта фарзанди бор эди: қизининг исми Амат Азиз ва ўғиллари Абдуллоҳ билан Абу Ҳурайра Абдураҳмон. Абдураҳмон кейинчалик ҳадис илми пешвосига айланиб, Ибн Насриддин Дамашқий ва Ибн Ҳажар Асқалоний каби олимларга дарс берди, отасидан эшитган кўплаб ҳадисларни ривоят қилди.

Имом Заҳабий 75 йил умр кўрдилар, ислом оламида ҳадис илмининг султони, қомусий илмларга эга тарихчи, шажарашунос ва шайхул ислом сифатида ном қозондилар.

Имом Заҳабийнинг машҳур асарлари:

  • Тарихул Ислом. Катта библиографик қомус.
  • Ал-Ибар би ахбар ман абар. Олимлар ҳақида кенг библиографик тарих.
  • Дувалул Ислом. Сиёсий шахслар ва воқеалар ҳақида.
  • Сияру аъламин-нубала.
  • Тазкиратул ҳуффаз. Ҳадис олимлари тазкираси. Абу Бакр Сиддиқдан бошлаб то ўзлари яшаган давригача ўтган ҳадис ровийлари ва олимлари ҳаётига бағишланган асар. Кейинчалик Имом Суютий бу китобни ўз замондошлари билан бойитиб, «Табақатул ҳуффаз» асарини ёзганлар.
  • Табақатул қурро. Қуръон олимларининг ҳаётига бағишланган китоб.
  • Зикру ман юътамид қавлуҳу фил жарҳи ват-таъдил. Ишончлилиги жарҳ ва таъдил йўлида текширилган ҳадис ровийларига бағишланган китоб.
  • Мухтасару Сунан ал-Байҳақий.
  • Ат-тажрид фи асмааис-саҳаба. Саҳобалар ҳақида луғат.
  • Мухтасару ал-Мустадрак лил Ҳаким. Ҳакимнинг «Мустадрак» асарига қисқа шарҳ.
  • Мухтасару тарихи Найсабур лил Ҳаким.
  • Набауд-Дажжал. Дажжол ҳақидаги ҳадис ва ривоятлар монографияси.

Имом Заҳабийнинг қирққа яқин асарлари бўлиб, уларнинг ичида энг кўп тарқалгани, шубҳасиз, «Кабоир» китобидир. Қуръон ва ҳадисда тилга олинган, ҳад-жазо белгиланган, Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган гуноҳ ишлар ушбу китобда батафсил ёритилган.

Инсон ёмон ва мункар ишларни қолмаслиги учун уни яхшилаб таниб олиши керак. Ушбу китоб бизга бу борада катта ёрдам беради. Тўғри, олдин ҳам катта гуноҳлар ҳақида баъзи рисолалар чоп этилган. Лекин биз Аллоҳ таолонинг: “Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур”[1], деган оятига амал қилган ҳолда эслатмоқчимиз холос.

Аллоҳ таоло бандалари катта гуноҳлардан сақланса, майда-кичик гуноҳларини кечиришини айтган. Ўқиётган беш вақт намозимиз, тутаётган рўзамиз, жума намозларимиз ҳам, гуноҳи кабиралардан сақланар эканмиз, кичик гуноҳларимизни ювиб туради. Шунинг учун кабиралардан сақланмоғимиз, мабодо, беихтиёр улардан бирортасини содир этиб қўйсак, тавба ва пушаймонлик ўти ила уни куйдирмоғимиз лозим. Гуноҳлардан чекиниш ва улардан покланиш йўлида ушбу китоб ўқувчиларга зарур қўлланма бўлади инша Аллоҳ. Уни ўқиб, уқиб, нафсида наф топганлар аввало Имом Заҳабий ҳазратларининг ҳақларига дуои хайрлар қилгайлар.

Оламлар Парвардигори Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Барчамизга У зотнинг ҳузурига гуноҳларсиз, пок ҳолда боришимизни насиб айласин.

Гуноҳи кабиралар. Имом Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий

Давоми бор...

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

 

[1] Зарият, 55.

8007 марта ўқилди

Мақолалар

Top