Мақолалар

Муҳаммад Амин

Биласизки, Каъбани таъмир қилиш пайтида ўртада мунозара, баҳс пайдо бўлди. Яъни Каъбанинг эски, дарз кетган деворларини йиқитиб, қайтадан тиклай бошлаётган пайтда Ҳажарул Асвадни ўз ўрнига кўтариб қўйиш масаласида ораларида ихтилоф чиқди.

Мен Қурайшнинг фалон қабиласиданман, фалон насабиданман, ҳаммангиздан юқори тураман. Шунинг учун қабилам шарафини ҳимоя қилишим, бу тошни ўз ўрнига мен кўтариб қўйишим керак, – деса, бошқаси бунга қарши:

Бу қандай гап? Менинг қабилам сеникидан анча устун, мен фалончи қабиладанман, ундай, бундай...

Шу тахлит масала чигаллашди. Бориб-бориб, гап жанжалга, ҳатто қилич яланғочлашга борди. Шунда бир киши:

Илтимос, тинчланинглар, Масжиди Ҳарамда жанжаллашманглар! Бу ер жанжаллашадиган жой эмас! Келинглар, ҳаммамиз кутиб турамиз. Эшикдан биринчи бўлиб ким кириб келса, ўшани ҳакам қиламиз. Ҳакам кимни бу ишга лойиқ деб билса, кимни кўрсатса, ўша одам тошни ўрнига қўйсин! – дебдилар.

Худди қуръа ташлаш каби... Чунки эшикдан ким кириб келади, у кимни тайинлайди – ҳар икки ҳолат ҳам мавҳум — маълум эмас...

Шу пайт эшикдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар.

Эшик деганимиз: Каъбанинг атрофи девор билан ўралган... Шу ерда бир эшик бўлиб, “Бобус Салом” дейилган ва эшикдан ҳовлига кирилган. Кейинчалик у ерлар кенгайтирилган. У эшик ҳам анча орқага сурилиб кетган.

Шундай қилиб, ўша эшикдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киришлари билан ҳамма: “Э, Муҳаммад ал-Амин келди; бўлди, биз розимиз! Унинг ҳакам бўлгани яхши бўлди”, – дейишди. Ҳаммалари адолатли, энг ақлли ва ишончли кишининг биринчи бўлиб эшикдан кириб келгани ва унинг ҳакам бўлгани учун жудаям севинишди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали пайғамбар эмас, қурайшнинг бир етим боласи эдилар. Бой эмас, мавқе-мақоми йўқ, лекин ҳамма пулини унга омонат топширади, унга нарсаларини ишонишади... Чунки энг ишончли, диёнатли инсон эдилар, улуғ хулқ соҳиби бўлиб етишган, Аллоҳ таоло шундай тарбия қилган эди.

“Эй Муҳаммад! Биз бир муаммони ҳал қилишда келишолмай қолдик. Сен ҳакамлик қилиб айт, шу тошни бизлардан қайси биримиз ўз ўрнига қўяйлик? Майли, сен кимни лойиқ кўрсанг, биз розимиз. Сенинг айтганинг бўлади!...” – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир матоҳ келтиринг!”– дедилар.

Дастурхондек мустаҳкам, пишиқ бир матоҳ олиб келишди. Тошни унинг устига қўйишди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммангиз баробар кўтаринглар!” дедилар. Ҳамма қабила бошлиқлари баробар кўтаришди. Тошни ўзлари олиб, ўз қўллари билан жойига қўйдилар. Шундай қилиб, тош ҳам энг яхши инсон томонидан қўйилди, ҳамда ҳеч ким ҳеч кимдан хафа ҳам бўлмади. Масалани энг қулай йўл билан ҳал қилдилар...

Бу мисол пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг пайғамбар бўлишларидан олдинги жамиятдаги мавқеъини ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал қилиш қобилиятини кўрсатади. Мана, у киши шундай улуғ шахсият соҳиби бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали пайғамбар бўлмасидан олдин ҳам марҳамат, меҳр-шафқатли, ёмон ишларга аралашмаганликлари билан машҳур эди. Каъбанинг ичида 360 та бут бўлгани, у зот ҳеч қачон бутларга сиғинмаганликлари билан танилган сокин инсон эдилар. Ҳамма сиғинган, лекин у зот сиғинмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мозийларига, ўтмишларига, ёшликларига соя солган, доғ бўлиб қолган бирор воқеа йўқ... Демак, ҳали пайғамбар бўлмаган вақтларида ҳам Аллоҳ Таоло у муборак зотни Ўзи ҳимоя қилган, тарбия қилган.

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

1719 марта ўқилди

Мақолалар

Top