Версия для печати

Мақолалар

ТИЛ МИЛЛАТ ҒУРУРИ

Миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш, бу борада энг муҳим йўналиш бўлиб қолади. Худо хоҳласа, бу йил “21 октябрь – ўзбек тили байрами” кунини бутун мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаймиз.

Ш.М.Мирзиёев

(Мустақилликни 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан)

         Тил – миллатнинг ўзига хослигини кўрсатувчи энг асосий восита, ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ошириш йўлида кўплаб амалий ишлар қилинди. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрдаги “Давлат тили ҳақида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Бугун Вазирлар Маҳкамасида бевосита тил масалалари билан шуғулланувчи департаментнинг ташкил қилиниши Давлат тилининг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ана шундай шарафли вазифани олиб тил тарғиботи йўлида янги йўлни бошлаб берган буюк шоир Эркин Воҳидов эдилар. У сўзни қанчалик эъзозлагани, тилга қанчалик меҳр билан муносабатда бўлганини ёзган асарларидан билиб оламиз.

Э.Воҳидов ўз сўзларининг бирида шундай деган “Сўз ҳам тирик мавжудот. Унинг чақалоқлик, болалик, ўсмирлик ҳамда балоғат чоғлари бўлади. Сўзда мансуб халқнинг руҳи, феъл-атвори акс этади. Ўз сўзингни қўйиб, ўзганинг забонига суяниш – ўз жигарингни уйингдан ҳайдаб, бегонани етаклаб юришдай гап...”

Сўз ва унинг мўъжизалари, каломнинг муқаддаслиги, кўнглимиздан кечаётган ҳис-туйғуларимиз ифодасини ўша сўз орқали намоён этиш имконини беради. Ҳакимлар айтади “Қалб қайнаб турган қозонга тил эса чўмичга ўхшайди. Киши гапираётганда қалбидаги ширин, аччиқ, ёқимли – ёқимсиз ва бошқа нарсаларни тил билан сўзлаб беради. Бу унинг қалбини қандай эканлигини кўрсатади.”

Тил орқали юзага келувчи восита – сўзнинг офатлари кўп. Бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, гуноҳ ишларни сўзлаш, фитна қўзғатиш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, аҳлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, сўқиниш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат офат келтирадиган сўздир. Бу каби сифатлар қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир. Шунинг учун табиблар инсоннинг тилига қараб унинг ичидаги дардларни аниқлашга уринишса, унинг тилидан чиқаётган сўзга қараб одамнинг ким эканлигини билса бўлади.

Имом Набавий айтадилар “Билгинки, ҳар бир одам фойдали бўлмаган барча гаплардан тилини сақлаш лозим. Фойдали гапни гапириш ва гапирмаслик тенг (баробар) бўлса, суннатга кўра гапирмаслик (керак). Сабаби, умумий (гапирилиши мумкин) бўлган гаплар кўпинча кераксиз гаплар билан тугайди. (ортиқча гапларни гапирмасдан) Тинч – хотиржамликка ҳеч нарса тенг келмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (с.а.в) “Кишининг маъносиз нарсалардан воз кечиши - исломини яхшилигидандир”  деганлар.

Ҳакимлар айтади:

Йигит киши оёғининг қоқилиб кетишидан эмас,

Тилини хато қилишдан ҳалокатга учрар,

Оёқнинг қоқилиши секин - аста соғаяр

Тилнинг қоқилиши бошни жудо айлар.

 

Тил ҳақида гапирар эканмиз тил ҳалқнинг бойлиги. Шундай экан фақат масъул идоралармас, ҳалқ курашиши керак, чунки бу миллатнинг бойлиги. Э.Воҳидов “Сўз латофати” китобида ёзганидек: Она тили умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоқ керак.”  

 

Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси

 

М.Юлдашев

2085 марта ўқилди