Мақолалар

“Ўзингга раҳминг келсин, бунақада ҳалок бўлишинг муқаррар...”

Мусулмонларни куфрда ва ширкда айбловчилардан бири:

–  Солиҳларни табаррук қилиш  (улуғ зотларнинг қабрларини зиёрат қилиш, улар ҳаққига қабри олдида дуо қилиш, баъзи нарсаларини табаррук этиш) ширк, – деди.

Шунда илм аҳлидан бир зот ундан сўради:

–  Бизларга фарзандлар ҳадя қиладиган ким? 

У:
–  Аллоҳ.

–  Ундай бўлса, Аллоҳ таоло роббимиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этган бу оят ҳақида нима дейсан:

«У: «Мен Роббингнинг элчисиман, холос, сенга бир пок ўғилни ҳадя этиш учун келдим», деди.  (Марям, 19).

(яъни, бу сўзни фаришта айтаяпти).

–  Бу бир сабаб.

–  Шундайми, ундай бўлса, инсонларни ҳаққа ким ҳидоят қилади?

–  Аллоҳ.

–  Унда бу оят ҳақида қандай фикрдасан?

«Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан».  (Шўро, 52).

(яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилинмоқда).

–  Сабаб-да...

Сўнгра эса ундан яна сўради:

–  Инсонларни ким ризқлантиради?

–  Аллоҳ.

–  Унда бу оят ҳақида нима дейсан?

«Агар тақсимлашга қариндошлар, етимлар ва мискинлар ҳозир бўлсалар, уларни у (мерос)дан ризқлантиринглар».

(Нисо, 8)

–  Сабаб...

Кейин яна сўради:

–  Яратгувчи ким?

–  Аллоҳ.

–  Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссаломга айтган бу қавлига нима дейсан?

«Мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман...»

(Оли Имрон, 49).

–   Сабаб маъносидаги тасвир...

Сўнгра сўради:

–  Жонларни ўлдирувчи ким?

–  Аллоҳ.

–  Ундай бўлса бу оятга нима дея оласан?

«Сен: «Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонингизни оладир».

–  Сабаб...

Сўнгра яна сўради:

–  Инсонларга ким мадад беради?

–  Аллоҳ.

Унда бу оятга не дейсан?

«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг».

(Бақара, 45).

–  Сабаб...

Сўнгра сўради:

–  Халққа ким ёрдам бера олади?

–  Аллоҳ.

–  Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан имом Бухорий ривоят қилган ушбу саҳиҳ  ҳадис ҳақида нима дейсан: 

"Қиёмат куни қуёш одамлар бошлари устига яқинлаштирилади. Сўнгра улар Одам алайҳиссаломдан, сўнгра, Мусо алайҳиссаломдан, сўнгра эса Муҳаммад алайҳиссаломдан ёрдам сўрашади".

–  Сабаб...

Шунда у:

–  Эй сен ҳаммани ширк ва куфрда айбловчи кимса. Сўралган нарсаларга берган жавобингнинг барчасида оят ва ҳадислардаги маънонинг зоҳирини эмас, сабаб эканини сўзладинг.

Нима учун сизлар мусулмонларни тун-у кун кофирга чиқараверасизлар? Тавассул сабабли мушрикка ҳукм берасизлар. Пайғамбарлар ва солиҳ зотларни табаррук этишлари, зиёрат қилишлари сабабли мушрик дейсизлар?

Ўзинг билиб турибсанки, баъзи  сабаблар қабул қилиш учун лойиқ бўлиб, эзгу амаллар учун эшик бўлади. Бунга эса далиллар жуда кўп ва аниқдир. 

Уларнинг жоизлиги ва яхши амал эканини Ислом умматининг тўрт мазҳаби уламолари жумҳури айтишган.

Ўзингга раҳминг келсин. Аллоҳ таолонинг мўмин бандалари ҳақида ҳукм қилишдан Аллоҳга тақво қил.

Таржимон Суннатуллоҳ Абдулбосит

403 марта ўқилди

Мақолалар

Top