Мақолалар

Аҳли сунна вал жамоа кимлар?

Аҳли сунна вал жамоа – Ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг  катта қисми тутган йўлдир. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин разияллоҳу анҳунинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеъинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Аҳли суннат вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.

Манбаларга қараганда Аҳли суннат вал жамоа атамасини дастлаб Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Оли Имрон сураси 106-оятини тафсир қилганда ишлатган бўлсаларда, бу атама исломнинг дастлабки даврларида машҳур бўлмаган. Балки ўзларини турли номлар билан атаган фирқалар кўпая бошлагач, Аҳли суннат вал жамоа атамаси юзага чиқди. Суннат ва жамоат аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар, дейилади. Имом Муслим Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар:

لم يكونوا يسألون عن الإسناد فلما وقعت الفتنة قالوا سموا لنا رجالكم فينظر إلى أهل السنة فيؤخذ حديثهم وينظر إلى أهل البدع فلا يؤخذ حديثهم

яъни: “Одамлар фитна (ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг шаҳид қилиниши) чиққанича бир-биридан иснод (ҳадисларни кимдан эшитганини) сўрамас эдилар. Ундан кейин (ҳадис эшитган) кишиларингизни номларини айтингчи, дейишарди. Қараларди, агар аҳли суннат бўлса ҳадиси олинарди, агар аҳли бидъат бўлса ҳадиси олинмасди”.

Аҳли суннат вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеъинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.

Иккинчи ҳижрий асрда баъзи илм аҳли муташобеҳ оятларнинг зоҳирига “ёпишиб”, Аллоҳ таолонинг исми сифатларини исботлашда муболаға қилиб, “тажсим” (Аллоҳ таолога жисм нисбат бериш)га ўтдилар. Бунинг муқобилида мўътазила фирқаси чиқиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаймиз, деб муболаға қилдилар ва оят-ҳадисларда собит бўлган сифатларни йўққа чиқардилар. Ўша пайтда бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли суннат вакиллари (раҳимаҳумуллоҳ) уларга раддия билдирганлар. Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеъинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: “Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз”, – дедилар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар чиқиб Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу ишини Имом Абул Ҳасан Ашъарий, Имом Абу Мансур Мотуридий каби зотлар Аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.

Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий Аҳли суннатнинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар: 

"المراد بالسنة ما عليه إماما أهل السنة والجماعة الشيخ أبو الحسن الأشعري وأبو منصور الماتريدي

яъни: “Суннатдан мақсад – аҳли суннат ва жамоат имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).

"إذا أطلق أهل السنة والجماعة فالمراد بهم الأشاعرة والماتريدية"

яъни: “Ҳофиз  Муртазо Зубайдий айтадилар: “Агар Аҳли сунна вал жамоа дейилганда Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар тушинилади” (“Итҳафу садатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).

Аллома Тошкуброзода айтадилар:

"ثم اعلم أن رئيس أهل السنة والجماعة في علم الكلام - يعني العقائد - رجلان، أحدهما حنفي والآخر شافعي، أما الحنفي فهو أبو منصور محمد بن محمود الماتريدي، إمام الهدى... وأما الآخر الشافعي فهو شيخ السنة ورئيس الجماعة إمام المتكلمين وناصر سنة سيد المرسلين والذاب عن الدين والساعي في حفظ عقائد المسلمين، أبو الحسن الأشعري البصري

 яъни: “Маълум бўлсинки, Аҳли суннат ва жамоатнинг  калом илми (яъни, ақоид)даги раислари икки кишидир: Бирлари ҳанафий, бошқалари шофеъий мазҳабида. Ҳанафийлари Абу Мансур Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий,  у зот “Имомул Ҳуда” деб ном таратган. Шофеъийлари “Суннат шайхи”, “Жамоат раиси”, “Мутакаллимлар имоми”, “Пайғамбарлар саййиди суннатларига ёрдам берувчи”, “Дин ҳимоячиси”, “Мусулмонлар ақидасини сақлашга ҳаракат қилувчи” Абул Ҳасан Ашъарий Басрийдир” (“Мифтаҳус саъада” китоби).

Имом Маҳмуд Зоҳид Кавсарий айтадилар:

"فالأشعري والماتريدي هما إماما أهل السنة والجماعة في مشارق الأرض ومغاربها، لهم كتب لا تحصى، وغالب ما وقع بين هذين الإمامين من الخلاف من قبيل الخلاف اللفظي

яъни: “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар машриқу ва мағрибда Аҳли суннат ва жамоат имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларни катта жамоасини лозим тутишни ўргатиб, шундай дейдилар:

"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳозирги кунда катта жамоат – эътиқодда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий мазҳаблари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий) мазҳабларга эргашганлардир. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли суннат ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мутахассиси

Ҳикматуллоҳ Тоштемиров

3322 марта ўқилди

Мақолалар

Top