Мақолалар

Душманни ҳам илм орқали таниймиз

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: «Мамла­катимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат” эзгу ғояси асосида Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади», деб таъкидлаганлар.

Жорий йилда калом ил­ми асосчиси Абу Мансур Мо­туридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига ба­ғишланган ҳам­да диний бағ­рикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Дарҳақиқат, Ислом дини ривожига катта ҳисса қўш­ган бобомиз Абу Мансур Моту­ридийнинг илмий ме­ро­сида сохта ғояларга қар­ши муросасиз курашни кўрамиз. У зот «Китобут тавҳид» асари­­да экстремистик оқим­лар ҳақида ҳам сўз юритади: “Таассуфки, бу кўр-кўрона тақлид жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик маънавий ёки диний йўлбошчи, деб таниган кишисига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунма­ган ҳолда эргашишга мойил бўлиб қолади. Шу сабабли ҳозирга қадар ҳар бир фирқа ва йўналиш ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу “мухлис”лар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш этиб, ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисоблашмоқда”.

Имом Мотуридий бобомиз ўша даврдаги адашган оқим ва фирқаларнинг бузғунчилик моҳиятини очиб берганлар. Бутун дунёда нотинч­лик келтириб чиқаришга уринаётганлар юртимизда ҳам нафақат мафкуравий фитна уюштиришга, балки минг йиллардан бери ҳалол меҳнати ва оламшумул кашфиётлари билан жаҳон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган миллатимиз менталитетига тамоман зид бўлган зарарли ғояларни сингдириш пайида бўлишмоқда.

Ҳолбуки, Қуръони карим ва ҳадисларда ҳар қан­дай шароитда террорчилик ҳа­ракатлари қораланиб, но­ҳақ тўкилган қон энг оғир гуноҳ ҳисобланади. Моида сурасининг 33-оятида: «Бирор жонни ўлдирмаган, буз­ғунчилик, қароқчилик каби фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган одам эса барча одамларни тирил­тирган кабидир», деб огоҳлантирилган.

Пайғамбар алайҳиссалом: Ёв билан ҳарбий тўқ­нашувни орзу қилмангиз, балки Аллоҳ­дан хотиржам­лик ва осудалик тилангиз», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ри­вояти).

Юртбошимиз шунинг учун ҳам бу борада ҳар сафар алоҳида таъкид билан гапиради. Бундай хуружлардан ҳимояланиш фа­қатгина илм-маърифат билан бўлишини тез-тез эслатади. Зеро, Ислом мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган ва илм олишга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илм ва тақводан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди. Илмсиз тараққиётга ҳам эришиб бўлмайди.

 

Отабек АВЕЗОВ,

Бухоро шаҳар бош имом-хатиби

 

“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди.

1800 марта ўқилди

Мақолалар

Top