Версия для печати

Мақолалар

Оламларга раҳмат пайғамбар

Тоифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳужум қилишади. У зотга тош отиб, шаҳардан ташқарига ҳайдаб чиқаришади. Ҳатто тўпиқларидан яраланадилар ҳам. Шунда бир уйнинг эгаси боғига киритади. Шу ерда бироз дам оладилар. Шу пайт Аллоҳ изни ила Жаброил алайҳиссалом келиб:

Эй, Расулуллоҳ! Буюринг, бу шаҳарни йўқ қилайин! – дейдилар.

У зот бундай нарсага асло рози бўлмасдилар, рози бўлмадилар ҳам.

Одамлар:

– Ё, Расулуллоҳ, мушриклар бизларга жудаям озор беришяпти. Уларни лаънатланг! – дедилар.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Мен лаънат қилувчи бир пайғамбар бўлиб келмадим, мен раҳмат пайғамбари бўлиб келдим. Сабр қилинг, сиздан олдинги умматлар бундан баттар қийинчиликларга учраган эди. Сиз ҳам сабр қилинг! – деб сабрни тавсия қилганлар.

Ҳеч кимни дуойибад қилмаганлар. Бу муҳим жиҳатларидан биттаси...

Зайд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирма йил хизматларида бўлдим. Мени бирор марта урмадилар, ҳатто қилган бирор ишим сабабли “нега бундай қилдинг ёки қилмадинг” деб айтмадилар”. Яъни, ўз хизматкорига нисбатан ҳам ғоят юмшоқ ва яхши муносабатда бўлганлар...

Зайд розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қул сифатида ҳадя қилиб беришганди... Отаси Зайдни ахтариб топиб, ҳақини тўлаб олиб кетмоқчи бўлганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақинг ҳам керак эмас, аммо ўзидан сўраб кўр, ўзи нимани хоҳларкин. Агар кетишни хоҳласа, марҳамат кетсин, фидя ҳам олишни хоҳламайман”, – дедилар. Зайд розияллоҳу анҳу эса:

– Ё, Расулуллоҳ, мен сизнинг ёнингизда қолишни хоҳлайман, – деди.

– Бундан отасининг жаҳли чиқади. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан такрор илтимос қилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Менинг ёнимда қолишни истаётган инсонни мен ёнимдан ҳайдаёлмайман! – дедилар. Шундай қилиб Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида қолади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари шундай эди...

Битта шолча устига битта бўз ёпинчиқ матони ёпиб ухлардилар. Ҳатто шу даражада оддий ва камтарона ҳаёт кечирардиларки, баъзан аҳли аёлларига бироз малол ҳам келарди...

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазратларининг масжидлари ёнида “Ҳужраи саодат” деб аталадиган аҳли байтларининг хоналари бор эди. Уммавийлар даврида масжид кенгайтирилаётган вақтда ўша уй бузилади. Бу ишдан саҳобаи киромлар йиғлаб:

Кошкийди, “Ҳужраи саодат” бузилмай қолсайди-да, уни кўриб, одамлар ибрат олсайди! – деб афсусланишади.

Узунлиги уч аршин, эни бир аршин келадиган, яъни бир кроват сиғадиган кенгликдаги уйлар... Бундай уйда бир киши бемалол ётади, икки киши ётса, сал қийналиб, сиқилиб қолишади. Мана шундай тор, кичкина хоналар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай оддий ҳаёт кечиришларидан аҳли байтларида норозиликлар бўлган...

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келадилар. Қарасалар, қамишдан тўқилган бўйра устида ётибдилару қўлларига, юзларига қамиш ботиб кетган. Сув тўлдирилган битта хумлари ва бир сиқим арпаларидан бўлак озиқ-овқатлари йўқ эди. Шунга қаноат қилиб яшардилар. Буни кўриб Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу йиғладилар... Ҳазрати Умар ҳам ана шу жамиятга хос инсонларнинг бири эдилар, лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳаёт тарзлари барча оддий ҳаёт кечираётган кишиларникидан ҳам оддийроқ, соддароқ эди.

Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг оддий, камтарона яшашларини кўриб, таъсирланиб, ибратланиб кўз ёшлар тўккан эдилар...

Ўзлари давлат қуриб, давлат бошлиғи бўла туриб, давлатлар билан алоқалар қилсалар ҳам, қўлларида имкониятлари чексиз бўлса ҳам, қуллардек, хизматкорлардек ҳаёт кечирардилар. Бирор кишини ранжитмас, озор бермас эдилар, Бирор нарсага ёки ерга суяниб овқатланмасдилар. “Агар Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ҳаммасини Аллоҳ йўлида сарфлайман!” деганларини ривоят қилишади.

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

2325 марта ўқилди
Мавзулар