Мақолалар

Аллоҳнинг севгисини қозониш учун

Аллоҳнинг севгисини қозониш учун айтилган, ҳукм этилган ақл, мантиқ ва туйғуларга мувофиқ бўлган нарсалар гўзал ва яхши... Биз ояти каримада айтилгани каби расулуллоҳга, яъни Аллоҳнинг севган бандасига ўхшаб ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ ҳабибини севгани каби, унга эргашган, унга мувофиқ амал қиладиган, ўзини унга ўхшатадиган кимсани ҳам севгайдир...

Биринчидан, ақл ва мантиқ буни қабул қилади, оят ва ҳадис ҳам шунга далолат қилади...

Иккинчидан, Аллоҳ саркашлик қилганни севадими, итоат қилганними? Осий бўлганни севадими, ибодат қилганними? Яхшилик қилганни севадими, зулму ёмонлик қилганни севадими? Бунинг жавоби жуда аниқ. Итоат этганни, савоб ишлар қилганни севади. Эҳсон қилган қулларини севади! Зотан ояти каримада ҳам айтилади:

...إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ

«Инналлоҳа юҳиббул муҳсинин» (Бақара,195) – «Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни, ибодатини жону кўнгулдан адо этган бандаларини севади» деб буюрилади. Зеро бир хизматкор бошлиғига ёқиши ва мансаби кўтарилиши учун бошлиғининг сўзини эшитиши, айтганларини бажариши лозим. Шунингдек, бир талаба курсдан курсга ўтиши учун домланинг айтганларини қилади, дарсларини тайёрлайди, имтиҳонларга тайёргарлик кўриб, яхши баҳолар олади.

Шунинг учун Аллоҳ айтганларини бажариш, вазифаларни адо этиш керак! Таҳорат қил, намоз ўқи! Ўқимайди. Рўза тут! Тутмайди. Закот бер! Бермайди. Яхшилик қил! Қилмайди. Зулму мунофиқлик қилма! Қилади. Зино қилма! Қилади. Ота-онани ҳурмат қил! Қилмайди. Ароқ ичма! Ичади. Ёлғон гапирма! Гапиради. Ҳеч шубҳасиз, бундай инсон севилмайди!... Тоат – ибодат қиладиган, яхшилик ва фидокорлик қиладиган, хушахлоқ ва хайру саховатли, ишқу муҳаббатли инсон севилади...

Учинчидан,  ўзаро севиш,  бир-бирига муҳаббат  кўрсатиш  йўлини тутганлар.  Бу одат ҳазрати пайғамбаримизнинг ҳадисларида буюрилган. Умуман  ҳадисларда  ҳар  доим ўзаро меҳру шафқат ва севги-марҳамат қилишга чақирилади.   

قال الله تبارک و تعلی حقت محبتی للمتحابين في و حقت محبتی للمتزاورين في و حقت محبتی للمتباذلين في و حقت محبتی للمتناصحين في (راموز الحاديث: 5/338)

«Қолаллоҳу таборака ва таоло» – Аллоҳу таборак ва таоло айтди.

«Ҳаққат маҳаббати лил мутаҳоббина фийя» – Бир-бирларини севган мусулмонларни Аллоҳу таоло севади. У ҳолда Аллоҳнинг севиши учун мусулмонлар бир бирини севиши керак.

«Ва ҳаққат маҳаббати лил мутазовирина фийя» – Бир бирларини зиёрат қилувчиларни Аллоҳу таоло  севади. У ҳолда мўъминлар бирбирларини  зиёрат этиб, ҳол-аҳвол сўраши, йўқлашиб туриши керак.

«Ва ҳаққат маҳаббати лил мутабозилина фийя» – Бир бирларига саховат қилган, икром ва ҳадялар билан сийлаб турганларни Аллоҳ севади. У ҳолда мусулмон мусулмонни ҳадя ва эҳсонлар билан сийлаб туриши керак.

«Ва ҳаққат маҳаббати лил мутаносиҳина фийя» – Бир бирига нисбатан  самимимиятли, чин қалбдан муомала қилганларни Аллоҳ севади. Демак, мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифдан мусулмон мусулмонни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб туриши, ўзаро меҳру муҳаббатли, садоқатли бўлиши лозим экан.

Бу ерда мақсадни янада аниқроқ ифодалаш учун бошқа бир ҳадиси шарифни шарҳлаб ўтаман.

Аллоҳу таоло ҳазратлари қадр кечаси гуноҳкор қулларининг гуноҳини авф этади, кечиради. Лекин бир-биридан хафа бўлган, узилган, бир-бирига адоват қилган инсонларнинг гуноҳини кечмас экан. Фаришталар: «Ё Раббим, буларни ҳам афв эт, гуноҳларини кечир!», – деб таклиф қилганларида. Аллоҳ: «Булар олдин бир-бирларини кечирсин, ўзаро муносабатларини яхшиласин, кейин афв этаман», – деб айтар экан.

Демакки, мусулмон мусулмон билан яхши алоқа қилмоғи керак. Сўнгра бошқа бир ҳадиси шариф ҳам бор. Унда айтилишича, мусулмоннинг мусулмонга уч кундан ортиқ адоват қилиши мумкин эмас. Адоват ҳаромдир.

Шунингдек, одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, зино, ичкилик, ўғрилик, ибодатларни тарк этиш ва ҳоказо ҳам ҳаром ва оғир гуноҳлардирки, буларнинг ҳаммасидан ғоятда ҳазар қилиш керак.

Ҳа, демакки, мусулмон мусулмонни севмоғи лозим. Шундай йўллар билан Аллоҳнинг севгисини қозонади...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

2077 марта ўқилди

Мақолалар

Top