Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат исрофил алайҳиссаломнинг суриға (Ўттиз тўртинчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Ишорат исрофил алайҳиссаломнинг суриға

 

Даври охирки чун ёвуқлашса,

Умр паймонаси бари тошса,

Амр бўлғай Худойдин, беқийл,

Дамни сур ичра сургай Исрофил.

Шамъдек ўлғай эл бу дам бирла,

Ҳам адам бўлғай эл бу дам бирла.

Холий ўлғай бу халқдин олам,

Умрлар бўлмағай баний Одам.

Яна бўлғай Худойдин маъмур,

Сур аро дам сурарга соҳибсур.

Зинда қилғай барини бир дамда,

Ҳеч ўлук қолмағай бу оламда.

Ҳашр ўлур мўъминийн бу суратта,

Балки, мундин латиф ҳайъатта.

 

НАСРИЙ БАЁН

Исрофил алайҳиссаломнинг

сур чалишлари баёни

 

Охират вақти яқинлашса ва барча умрларнинг паймонаси тўлиб-тошса, яъни инсоният умри ниҳоясига етса, шубҳасиз, Аллоҳ таъолодан амр бўлиб, (фаришталарнинг улуғларидан бўлмиш) Исрофил алайҳиссалом сурга дам урадилар (сурни чаладилар).

 

Бу дам уриш билан бутун халқ (махлуқот) шамъдек (эриб тамом) бўлади ҳамда халқ бир дамда йўқликка кетади, яъни вафот топади. Шунда дунё халқдан (барча тирик махлуқотдан) бўшаб қолади,бутун Одам фарзандларининг умри тугайди.

 

Яна сур эгаси (Исрофил алайҳиссалом) Аллоҳ тарафидан сурни (икккинчи бор) чалишга буюрилади. Бир дамда (бир онда) бутун жону жонзотни (Аллоҳ Ўз амри билан) тирилтиради ва оламда бирорта ҳам ўлик жонзод қолмайди.

 

Бу суратда (бу ҳолатда) барча мўъминлар ҳам тирилиб ҳашр бўладилар – маҳшаргоҳда тўпланадилар, балки бундан ҳам нозик бир ҳайъатда – нозик шаклу ҳолатда тирилиб жамланадилар.

 

ИЗОҲ. Қуръони каримда уч турли сур чалиниши билдирилган:

 

БИРИНЧИ СУР: ўлиш. осмонлардаги ва ердаги жон-жонзотларнинг ҳаммаси йиқилиб ўлади, фақат Аллоҳ хоҳлаган вазифадор фаришталар қолади (Зумар сураси, 68-оятига кўра).

«Аллоҳ хоҳлаган фаришталар»дан мақсад тўрт улуғ фаришта ёки Аршни кўтариб турувчи фаришталар ёхуд жаннат фаришталари ва уларнинг тепасидаги Ризвон ҳамда дўзах фаришталари бўлган забонийлар ва тепаларидаги Моликдир (“Файзул-Фурқон”).

 

ИККИНЧИ СУР: ҳамма жон-жонзод қайта тирилади (Зумар сураси, 68-оятига кўра).

 

УЧИНЧИ СУР: ҳамма Аллоҳ томон боради – маҳшаргоҳда тўпланади (Намл сураси, 87-оятига кўра).

Инсонлар орасидаги боғлиқликлар, насаблар йўқ бўлади, ҳеч ким бирбирининг ҳолини сўраб-суриштирмайди. Бутун ҳукмронлик Аллоҳники бўлади (Анъом сураси,  73-оятига кўра).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

429 марта ўқилди

Мақолалар

Top