Мақолалар

Ислом ва аёл

Муқаддас динимиз аёл-қизларни юксак қадрлайди. Уларнинг шарафи, иффати ва ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал таъминлаб берган. Аёлларнинг ҳар бир эзгу амали учун улуғ ажру-мукофотлар, хушхабарлар ваъда қилинган.

Қуръони каримда: «Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл сураси, 97-оят).

Ислом аёлга таълим олиш ва маънавий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак вааёлга баробар фарзлигини, қизларга ва сингилларга таълим-тарбия берган киши жаннатий бўлишини яхши биламиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аёл киши фақат таълим олиш билан эмас, балки ёш авлодга таълим бериш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиши ҳам лозим. Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.

Шифо бинти Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб қолиб, менга: Бунга ёзишни ўргатганингдек, намила руқйасини ҳам ўргатмайсанми? дедилар» (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ойша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Ойша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.

Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, Аллоҳ таоло ҳам эшитган, қабул қилган.

 Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳижрий 6 йили 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳ зиёрати учун борганларида, Ҳудайбия номли жойда мушриклар йўлни тўсишди. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Набий алайҳиссалом саҳобаларига бу гапни эълон қилиб: «Шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар!» дедилар. Саҳобалар оғриниб, бу ишни қилишдан норози  бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши қимирламади.

У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Бўлган воқеани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундай ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.

Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўзал маслаҳат бердилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, амрингиз бажарилишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай, қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.

Бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди.

Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.

Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодига тенглаштирган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан баён қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Исломда аёлнинг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.

Ёш болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.

Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган. Имом Бухорий, Имом Термизий, фалакиёт илми билимдони Мирзо Улуғбек, дунё тиббиётига устоз бўлган Абу Али ибн Синонинг улуғ олим бўлишларига маърифатли аёллар, мўътабар оналар сабабчи бўлган. Навоийдек шоирларни ҳам, Мирзо Бобурдек ҳукмдорларни ҳам ана шундай оналар тарбиялашган. Ушбу илм дарғаларининг болалик йилларига назар солинса, бошланғич таълимни гўдаклик чоғларида оналаридан олишгани маълум бўлади.

Албатта, бундай шахслар камолоти замирида мўътабар ва маърифатли аёл меҳнати ётади. Шоиралар мураббийи Жаҳонотин Увайсий, маърифатпарвар шоира Нодирабегим ва доно маслаҳатчи Бибихоним каби оқила момоларимиз яхши тарбия кўрганлари боис, ўз даврларининг машъаллари, хайрли ва улуғвор ишларнинг йўлбошчилари бўлишган.                                                                 

Бугунги кунга келиб, аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, турли салбий оқибатларнинг олдини олиш ишларига эътибор кучайиб бормоқда. Аёлларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, маънавияти ва маърифатини юксалтириш орқалигина жамият тараққий топади.

 

Зулайҳо СОАТОВА,

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

780 марта ўқилди

Мақолалар

Top