Мақолалар

Қуръон нозил бўлган ой муборак бўлсин

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على أشرف المرسلين

وعلى آله وأصحابه أجمعين وبعد

“Сизларга рўза тутиш фарз қилинди” деб марҳамат қилган, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш Рамазонга соғ-саломат етказган ва рўзадорлардан бўлишимизга тавфиқ ато этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!

“Рўзадорнинг икки қувончи бор, биринчиси рўзасини очгандаги қувончи, иккинчиси эса Роббисининг ҳузурига боргандагиси”, деган башоратни умматларига етказган Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Қалбимизни сурур-у қувончга тўлдириб, ўн бир ой интиқиб, муштоқ бўлиб кутган ойимиз, ойларнинг саййиди ва султони Рамазони шариф кириб келди. Барчамиз учун энг муборак, энг баракотли ва энг севимли ой ташриф буюрди.

Рамазон ойи Роббимизнинг даъватига лаббай деб бандаликни изҳор қилишимиз, синовдан ўтишимиз ва энг муҳими Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишимиз учун энг қулай имкониятдир.

Рамазон ойи жуда ғанимат ойдир. Шунинг учун, унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишга интилайлик, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик! Хабарингиз бор, ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли минг афсуски Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўла олмадик. Бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлдик. Ҳайит намозларидан, ҳайит кунларидаги ўзгача кўтаринки кайфият, хурсандчиликдан, яқинларимиз билан дийдор кўришишдан узилдик.... Ҳа, чиндан ҳам неъматнинг қадри у завол топганда, қўлдан бой берилганда билинар экан. Аммо бу синовлар сабабли Аллоҳнинг бизга беминнат берган сон-саноқсиз неъматларини янада теранроқ англаб етдик.

Рамазон бир ойлик меҳмон бўлса-да, бу ой жуда баракотлидир. Бу муборак ойда санаб адоғига етиб бўлмас фазилатлар, дуолар қабул бўладиган вақтлар, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга восита бўлувчи таровеҳ намозлари ва минг кечадан афзал бўлган Қадр кечаси бордир.

Муҳтарам биродарлар, бу ой – Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ

“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир” (Бақара, 185).

Шу сабаб, улуғ зотлар Рамазон ойи кириши билан барча ишларини қўйиб, фақат Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кирганда ҳадис илми билан шуғулланишдан узилиб, фақат Қуръон тиловати билан машғул бўлардилар.

Шундай экан, биз ҳам кўпроқ Қуръон ўқиб, хатмлар қилайлик, Қуръон билан янада яқиндан ошно бўлайлик, оиламизда Қуръон оятларининг тафсирларини мутолаа қилиб, мазмун-маъноларини тадаббур этайлик, Қуръонда зикр этилган гўзал хулқлар билан хулқланишга интилайлик. Қуръон ўқилган жойга Аллоҳнинг раҳматлари ёғилишини сиз яхши биласиз биродарим.

Ҳурматли диндошим, Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўлиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилайлик, бу ойнинг яхшиликларидан бебаҳра қолмайлик. Эҳтимол бу сиз, биз учун охирги Рамазонимиздир.... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!” деганлар (Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).

Яқинларимиз, бир-биримизнинг, бутун мусулмонларнинг ҳаққига кўпроқ дуо қилайлик. Севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳим барча мусулмонларга ушбу ойни Ўзинг буюрганингдек ўтказишларига куч-қувват, тавфиқ ато этгин!

Аллоҳим, барчамизни қиёмат куни жаннатнинг “Райён” номли эшигидан кириш бахтига муяссар қилгин.

Аллоҳим халқимизни, жонажон Ватанимизни турли бало-офат, мусибату кулфатлардан сақлагин. Ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини таъминлагин. Берган барча неъматларинг учун Ўзингга беҳисоб шукроналар айтамиз. Неъматларингни бардавом қилиб бергин, барчамизни ҳидоятингда собитқадам қилгин.

Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.....

 

Даврон НУРМУҲАММАД

1622 марта ўқилди

Мақолалар

Top