Мақолалар

Сир сақлай олиш – комилликдан нишон

Муқаддас китобларимизда ўзга инсонларнинг сирини сақлаш, айбини яширишнинг фазилатли хислатлардан экани баён қилинган. Жумладан, агар бир киши бошқа биродарининг айбини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбини яшириши ҳақида кўплаб ояту ҳадислар борлиги барчамизга аён.

Аллоҳ таолонинг раҳмати буюклигини қарангки, ўзгаларнинг инсоний шаънини улуғлаган бандаларининг сирини сақлаши баробарида уни авлиёлик мақомига ҳам етказиб қўяр экан.  Ана шундай шарафли зотлардан бири Ҳотам ибни Унвон номи улуғ шайх Фаридуддин Атторнинг “Тазкират ул-авлиё” асари ва яна кўплаб мўътабар тазкираларда катта эҳтиром билан зикр этилган. Хусусан, ҳазрат Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат”ида у ҳақда бундай ёзилган:

Ҳотам Асамм қуддису сирриҳу аввалғи табақадиндур, кунияти Абу Абдураҳмон. Хуросон машойи­хининг қудамосидиндур. Шақиқ Балихий била суҳбат тутубдур ва Аҳмад Хузравайҳнинг устодидур. Таърих икки юз еттида Балх навоҳийсида олам­дин ўтти. Дерларки, асамм эмас эрди ва бир амре воқеъ бўлдики, ани Асамм дедилар. Машойих китобин ўқуған ул кайфиятни маълум қилур. Ул дебдурки, 

«Агар Худойингга осий бўлмоқчи бўлсанг, у сени кўрмайдиган жойда осий бўл, яъни Аллоҳга осий бўлмаки, ҳар ерда у сени кўради». Ва ҳам ул дебдурки, ҳар ким бу йўлға кирар, тўрт ўлумни ўзига тутмак керак: Мавти абяз – ва ул қорин очлиғидур ва мавти асвад ва ул халқ изосиға сабр қилмақдур ва мавти аҳмар – ва ул нафс мухолафатидур ва мавти ахзар – ва ул хирқаға юрунлар тикмакдур. Андин сўрдиларки, қайдин нима ерсен? Дедиким, 

«Ер ва осмон хазиналари  Аллоҳникидир.  Лекин   мунофиқлар     (буни)   англамаслар».

Навоий ҳазратларининг “Дерларки, асамм эмас эрди ва бир амре воқеъ бўлдики, ани Асамм дедилар”, дейиш билан кифояланиб қўя қолганига ажабланиб аслида нима воқеа юз берганини ўрганган киши у зотнинг одобининг чексизлигига яна бир бор таҳсин айтади.

Нақл қилишларича, бир киши Ҳотам ибни Унвон билан гаплашиб ўтирганида бехосдан ел чиқариб  қўйибди ва уялганидан қора терга ботиб кетибди. У зот суҳбатдошини уятли ҳолатдан чиқариш учун дарҳол қўлларини қулоқларига карнай қилиб: “Қаттиқроқ гапир, қулоқларим оғир, яхши эшитмайман”, дебди. Шундан сўнг у одам енгил тортибди. Ушбу воқеадан кейин ўша одам вафот этгунига қадар Ҳотам ибни Унвон ўзини карликка солиб юрган экан. Одамлар уни ростакам кар деб ўйлагани боис “Асом” деб атай бошлабди. “Асом” арабча сўз бўлиб, тилимизда “кар, сағир” маъноларини билдирар экан.

Буни қарангки, Ҳотам Асамм биродарининг айбини яшириш учун ўзини бир неча йил карликка солиб юрибди, ҳазрат Навоий ҳам ҳаёси йўл қўймагани боис андиша қилиб воқеани очиқ баён қилмабди.

Унда биз нега сирни очдик?!  Зинҳор бу ишимизни одобсизликка йўймаслигингизни илтимос қиламиз. Не бўлдики, бизнинг давримизга келиб ҳар нарсадан камчилик қидириш, ҳар кимнинг айби ёки нуқсони бўлса, уни кўпчиликнинг ўртасида муҳокама қилиш одатга айланиб қолди. Биз ҳам ҳуда-беҳуда жар солувчилар сафига кириб қолмайлик, ана шу воқеадан ибрат олайлик деган мақсадда воқеани баён этишга журъат этдик. Зеро, биз бировнинг сирини сақлар эканмиз, аслида ўзимизнинг сиримизни сақлаган бўламиз. Ҳотам Асамм айтганидек, “Аллоҳга осий бўлмоқни истасангиз, сизни кўрмайдиган бир жойга бориб исён қилинг”, мабодо топа олсангиз!..

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

6693 марта ўқилди

Мақолалар

Top