Мақолалар

Ойлар султони — Рамазон: Саҳарлик ва ифторликнинг фазилати

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Абдуғофур Ниёзқулов билан уюштирилди.

Саҳарлик ва ифторликнинг фазилати

Рамазон рўзаси бошланганда кўп учрайдиган саволлардан бири шуки, «Саҳарлик қилмаса ҳам бўладими?», «Ифторда кўпроқ таом еб, саҳарликка турмаса ҳам бўладими?» ёки айнан шундай бўлмаса-да, шу маънодаги саволлардир. Бунинг жавобини Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан топиш мумкин.

У зот: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», дедилар (Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, рўза тутувчи инсон саҳарликка эъиборсиз бўлмаслиги лозим. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам «Саҳарликда барака бор» дея хабар бермоқдалар. Муҳаддисларнинг айтишича, ҳадисдаги «барака» сўзидан, шаръий ва баданий барака тушунилади.

Шаръий барака қуйидагилардир:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тобе бўлиш, у зотга амалий эргашиш, қисқаси — ҳаётида суннатни жорий қилиш.

2. Ибодатга рағбат қилиш, яъни саҳарлик қилувчи саҳарлик қилиш билан Набий соллоллоҳу алайҳи васалламга итоат этишни ният қилса, саҳарлигининг ўзи алоҳида ибодатга айланади. Қолаверса, саҳар вақти дуолар ижобат бўлади. Саҳарликка турган инсон турли зикрлар билан машғул бўлса, дуолар қилса, айни муддао. Истиғфор айтса, гуноҳлари кечирилади. Аллоҳ таоло шундай деган: «Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар» (Зорият сураси, 17-оят).

3. Бомдодни жамоат билан ўқиш. Шунинг учун Рамазонда бомдод намозига келган жамоат бошқа вақтдагидан кўпроқ бўлади. Чунки кўпчилик саҳарликка тургани сабабли бу фазилатга эришган бўлади.

4. Саҳарлик қилиш билан аҳли китобларга хилоф қилиш бор. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз ва аҳли китобнинг рўзасини ажратиб турувчи нарса саҳарлик қилиш», деганлар.

Баданий барака:

Рўзани мукаммал адо этиш учун баданни озуқлантириш, бунда кун давомида очлик ва ташналик сабабли содир бўлиши мумкин бўлган гуноҳлардан тийилиш бордир.

Баъзи рўзадорлардан содир бўладиган яна бир хато, ифторликни кечиктириброқ қилиш. Улар бунда, «Шунча чидадик, яна озгина сабр қилайлик», дея оғиз очишни кечиктиради ва бу ишларини тақвога йўяди. Аслида бу хато.

Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай деганлар: «Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар яхшиликда бўлурлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бошқа бир ҳадисда эса, «Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», деганлар (Абу Довуд ривояти).

Демак, аслида вақт кириши билан оғиз очиш суннат экан. Асл тақво эса суннатга эргашишдадир.

Рамазон ойининг номларидан бири «раҳмат мағфират» ойидир. Аллоҳ таоло ўн икки ойнинг бирини «раҳмат мағфират» ойи қилиб қўйишининг сабаби — инсон йил давомида дунё ишлари билан машғул бўлиб, қалбида пайдо бўлган ғафлат сабаб унинг руҳониятида пасайиш содир бўлади. Натижада инсоннинг гуноҳга мойиллиги ошиб, тоат-ибодатларга, яхшилигу силаи раҳмга бўлган рағбати озайиб кетади.

Инсондаги мана шу маънавий касалликни муолажа қилиш учун Аллоҳ таоло йилда бир ойни даволаниш ойи қилиб қўйди. Мўминлар Рамазонда бир ой рўза тутиб, нафсларини жиловлаб, ахлоқларини сайқаллаб олади. Бу билан Рамазондан кейин гўёки ҳар бир инсон учун янги ҳаёт бошланади. Аллоҳ таоло бизга Рамазон ойида барча маънавий касалликлардан холи бўлиб, Рамазондан сўнг янги, Ўзининг ризолигига мувофиқ гўзал ҳаёт кечиришни насиб айласин.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

1875 марта ўқилди

Мақолалар

Top