Мақолалар

Даврий нашрларда: Гиёҳвандлик ҳам ўз жонига қасд қилишдир

Ислом дини таълимотида кишининг ҳамма жиҳатдан – ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом, пок бўлиши талаб этилади. Инсон соғлигини асраши, ҳалокатга олиб борувчи иллатлардан ўзини четда тутиши вожиб эканига далолат қилувчи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар бор.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг ҳалол ва покларини тановул қилингиз ва ўзларингиз имон келтирган Аллоҳдан қўрқингиз!» (Моида сураси, 88-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир инсон ўз саломатлигига қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчидир.

Бироқ гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлганлар буни англашганида эса анча кеч бўлади. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига хавф солиш билан бирга, мамлакат тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Имом Санъоний айтади: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи назар, маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб, истеъмол қилинишида кайф бердими, у мутлақ ҳаромдир”.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларидаги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб, бундай дейди: “Банг-афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар ва офатлар бор”.

Кўп гиёҳвандларда наркотик модданинг биринчи истеъмолидан бошлаб, 2–3 ҳафтада тобелик пайдо бўлади, аммо ҳозир шундай синтетик наркотиклар борки, улар иккинчи инъекция олинганидан сўнг тобеликка олиб келади. Ҳамма наркотиклар гиёҳванд шахснинг руҳий ҳолатини ўзгартириб юборади.

Тиббиёт маълумотларида қайд этилишича, ҳамма гиёҳвандларда ички аъзолар хасталиклари ривожланади. Беморлар ёшига нисбатан катта кўринади, терилари серажин, сарғимтир ёки кулранг тусга киради. Сочлари ва тишлари тўкилади. Гиёҳвандлар наркотик модда миқдорини ошириб юборганида, хумор ҳолатида юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этади.

Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демма мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли аксарияти ногирон бўлган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан эрта кўз юмган. Гиёҳванд шахслар хумори қўзғаганда ўзига етарли миқдорда гиёҳванд модда олиш учун уйидаги бор-йўғини сотади. Охир-оқибат жиноят йўлига киради. Жамиятда юз бераётган қанчадан-қанча қотилликлар, босқинчиликлар, ўғирликлар, оилаларнинг бузилиб кетиши гиёҳвандлик оқибатида содир бўлмоқда.

Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволи бўлиб, Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва иродасига зид хатти-ҳаракатдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..» (Бақара сураси, 195-оят).

Бошқа бир оятда эса: «...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир» (Нисо сураси, 29-оят).

Муфассирлар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири – “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз!” Яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай, ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда. Шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай иллатга, хусусан, гиёҳвандликка муккасидан кетиш ҳам шулар жумласидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу боис уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ҳаром қилинган.

Инсон зоти бангилик, гиёҳвандлик каби иллатлар билан ўзини заҳарлаши ҳам худди ўз жонига қасд қилганлик билан баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) марҳамат қилади: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”» (Имом Бухорий ривояти).

Аллома Ибн Ҳажар Маккийнинг “Фатавойи кабир”ида айтилишича, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.

Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Гиёҳвандликка мубтало бўлганлар атроф-муҳитдаги воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган одам нафақат ўз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка туширишини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Зеро, инсоннинг ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум.

Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни аҳоли орасида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам, динимизнинг ҳам душманлари бўлиб, уларнинг охиратлари барбод бўлади.

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири

 

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан

1575 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top