Мақолалар

Сув неъматига оид ояти карималар

Яратганга шукрки, қишимиз серёғин келди-ю, қаттиқ совуқлар бўлмади. Баҳоримиз ҳам баракали бўлиши нишонаси ўлароқ Аёзмомо кирганда ҳам айни гулга кирган мевали дарахтларимизни совуқ урмади. Боз устига кун оша ёмғир ёғиб сувимиз сероблигига ҳисса қўшиб турибди. Марҳамати кенг Парвардигоримизнинг биз – бандаларига меҳрибончилигини қарангки, тирик мавжудотларнинг яшаши учун энг лозим бўладиган неъматлардан бирини мўл қилиб қўйди. Бунинг шукронасини қанчалик қилсак ҳам адо эта олмаймиз. Аммо ошга туз бўлсин деганларидек, шукримиз ифодаси бўлсин деган ҳавасда сувга алоқадор ояти карималарини сиз азизларга ҳам илиниб иймонлашмоқни ният қилдик.

   

“Айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар сувингиз (ер қаърига) сингиб кетса, бас, ким сизларга оққан сувни келтира олур?!” (Ўзидан бошқа ҳеч ким).

(Мулк сурасининг 30-ояти);

                                                                  ***

“Биз шамолларни (булутларга) “ҳомиладор” бўлган ҳолида юбордик, сўнгра осмондан (ёмғир) ёғдириб, сизларни у билан суғордик. Сизлар уни ғамлаб олувчи эмассиз”.

(Ҳижр сурасининг 22-ояти);

                                                                       ***

“Биз осмондан (аниқ) ўлчов билан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, уни ерга жойлаб қўйдик ва Биз уни кетказишга ҳам, албатта, қодирдирмиз”

(Муъминун сурасининг 18-ояти);

Ҳадисда шундай дейилади: “Сайҳун (Сирдарё), Жайҳун (Амударё), Фурот (Ироқдаги дарё) ва Нил дарёлари жаннатдан чиқариб қўйилган дарёлардир” (Мс.Хз.)

                                                                       ***

Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?!“

(Воқеа сурасининг  68-69-оятлари);

                                                                       ***

“У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди. Бас, билиб туриб, Аллоҳга (ибодатда) бошқаларни (сохта маъбудларни) тенглаштирмангиз!”

(Бақара сурасининг 22-ояти);

                                                                  ***

“Эсланг, (эй Исроил авлоди!) Мусо ўз қавми учун сув сўраганида, “Асойинги тошга ур!” дедик. Бас, ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди. (Ўн икки уруғдан) ҳар бир гуруҳ ўз сувини билиб (тақсимлаб) олди. Яна “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчлик қилмангиз! (дедик)”.

(Бақара сурасининг 60-ояти);

                                                                  ***

“У Осмондан сув (ёмғир) туширган зотдир. У билан ҳар нарсани (ердан) ундириб чиқардик. Ундан яшил гиёҳ (полиз экинлари)ни чиқардик. Ундан (бошоқ каби) зич таркибли донларни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек. Узумзор боғлар, бир-бирга ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир”.

(Анъом сурасининг  99-ояти);

                                                                  ***

У ўз раҳматининг даракчиси сифатида шамолларни юборувчи зот бўлиб, (шамоллар) оғир булутларни кўтариб олгач, уни ўлик (чанқоқ) шаҳар (усти)га ҳайдаймиз. Бас, унга сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли меваларнинг ҳар туридан чиқарурмиз. Ўликларни ҳам (қабрларидан) шу тарзда чиқарурмиз, шояд (улардан) эслатма олсангиз.

(Аъроф, сурасининг 57-ояти)

                                                                  ***

“Уларни ўн икки уруғ-уммат қилиб бўлиб ташладик ва Мусодан қавми сув талаб қилганда, унга: “Асойинг билан тошни ургин!” – деб ваҳий қилган эдик, (ургач) ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди. Ҳар бир (уруғга тегишли) одамлар ўз сув ичадиган жойини билиб олдилар. Улар узра булутларни соябон қилдик ва устиларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: “Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларидан тановул қилингиз!” (дедик). Улар (итоат қилмай) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қиладиган бўлдилар”.

(Аъроф сурасининг 160-ояти);

                                                                  ***

“У Осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур)”.

(Наҳл сурасининг 10-ояти);

                                                                  ***

“Аллоҳ осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, у сабабли “ўлик” ерни “тирилтиради”. Албатта, бунда (насиҳатга) қулоқ тутадиган қавм учун аломат бордир”.

(Наҳл сурасининг 65-ояти);

                                                                  ***

“У Ўз раҳмати (ёмғири) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборган зотдир. Осмондан пок сув (ёмғир) ёғдирдик”.

(Фурқон сурасининг 48-ояти);

                                                                  ***

“Унинг белгиларидан (яна бири) – сизларга (момақалдироқдан) қўрққан ва (ёмғир ёғишидан) умидвор бўлган ҳолингизда чақмоқни кўрсатиши ва осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, у билан ерни “ўлганидан” сўнг тирилтиришидир”. Албатта, бунда ақл юргизадиган кишилар учун аломатлар бордир.

(Рум сурасининг 24-ояти);

                                                                  ***

 “Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, уни ерда булоқлар шаклида оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг воситасида ҳар хил экинларни чиқарур, сўнгра у қуригач, Сиз уни сарғайган ҳолда кўрасиз, сўнгра (Аллоҳ) уни хазонга айлантирур. Албатта, бунда ақл эгалари учун эслатма бордир”.

(Зумар сурасининг 21-ояти).

 

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

6386 марта ўқилди

Мақолалар

Top