Мақолалар

Хайрли умр – яхши амалда

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “У ўлим ва хаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратгандир. У азиз ва ўта мағфиратлидир” (“Мулк” сураси, 2-оят).

Ҳаётида хар лаҳза ўлимни эслаган банда унга ҳозирлик кўради ва ўлгандан сўнг шарманда бўлмаслик учун умрини яхшиликларга ҳамиша интилиб, қувватини аксарини Аллоҳ ризоси йўлида сафарбар қилади.

Суюкли Ҳабимимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умрни Аллоҳ йўлида қандай ўтказиш борасида биз умматга энг олий намуна ва муаллимдирлар.

Алабатта, инсон умрида қандай амалларга одат қилган ҳолда вафот этган бўлса, ҳисоб куни қиёмат қоим бўлганда ҳам шу холда қайта тирилади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир банда қандай ўлган бўлса, ўша ҳолатида қайта тирилтирилади”, дедилар. Муслим ривояти.

Шахсан ўзимга бир дўстимиз ўзлари гувоҳ бўлган бир воқеий ҳикоя хақида сўзлаб бердилар.

Жамоатимизда беш вақт намозга қатнашда бизга ўрнак бўлган мўйсафид отахон хам бор эдилар. Тахминан ёшлари саксондан ошганди. Аммо шу ёшда ҳам бизга ибодатларни адо этибгина қолмай, кўп амалларда ўрнак эдилар. Мен сизга биз ҳавас қилган солиҳ одатларидан биринигина айтиб бераман. Отамиз қўлларида тасбеҳ, доим Аллоҳнинг зикрида эдилар. Биз тасбеҳни айнан қандай зикрларни айтиб айлантиришларини билмас эдик. Аммо ҳеч вақт беҳуда сўзларни гапирмас эдилар. Қиш фасли ҳаво ҳарорати ҳам жуда совуқ бўлиб жамоат намозига келувчиларга масжид унчалик узоқ бўлмаса-да, то масжидга келгунимизча юздаги мўйларимиз совуқдан музлаб қолгарди. Шу кунлардан бирида бомдодни жамоат билан адо этиб бўлдик. Лекин ҳалиги бувани кўрмадим. Масжиддан чиқиб, уй сари йўл олдик. Бетоб бўлиб қолган бўлсалар, зиёрат қилиб чиқай деб уйлари жойлашган кўчага қараб юра бошладим. Отахоннинг уйи олдида эса тез ёрдам машинаси турарди. Тезда ичкарига кириб, нима бўлганини сўрадим. Ўғиллари дадам бугун масжидга доимгидан эртароқ чиқиб кетибдилар. Мен ҳам чамаси йигирма дақиқа ўтиб масжидга юрдим. Уйимиз ёнидаги қиялик ёнида бир киши ётарди, тезда олдига бордим. Қарасам, ерда совуқдан таналари қотиб қолган отам ётардилар. Лекин икки қўлларида тасбеҳ тушмаганди. Мен дарҳол отамни кўтариб уйга олиб келдим ва тез ёрдамни чақирдим деди. Шу пайт шифокорлар қўлларидаги тасбеҳни кесишмоқчи бўлишди. Сабаби қўлларидаги тасбеҳни ўз ҳолича олиш мушкул эди. Мен сал кутайлик танаси исий бошласа тасбеҳни олиш осон бўлади дедим. Шу орада тана исиб, отахонинг қўлларида тасбеҳ тушди ва оғзиларидан “пуфф” деган охиста товуш чиқди. Қарасак, жонлари осонгина узилибди.

Мен Аллоҳнинг йўлида жон бериш хақида ўйласам хаёлимга ўтган солиҳлар қаторида доимо шу отахон келадилар. Аллоҳ таоло гарданимизга олган Ислом неъмати ва унинг амалларини бизга зиёда қилсинки, шояд биз ҳам Аллоҳ ризоси йўлида амалларни бажариш асносида жон фидо қилсак. Аллоҳим биз ҳам доимо Сенинг Фазлингдан умидвормиз ва мана шу умидда бизни хар онда собит қил ва охирги амалларимизни ҳам Сен рози бўладиган ўринда бўлишини насиб эт

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари (номозда) турганларида оёклари шишиб кетарди “Ё Аллохнинг расули! Аллох сизнинг олдинги-ю кейинги гунохларингизни кечирган булса, нима учун бундай киласиз?” десам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шукр этувчи банда булмайинми?” дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шунинг учун биз хар доим Аллохнинг берган улуғ неъмати хисобланган хаётимизни солих амаллар билан ўтказишга харакат килиб ва бизга берилга умримизга шукр қилишимиз керак.

 

Мансур КАРАМАТОВ,

Қарши тумани “Гумбаз” жоме имом-хатиби

1638 марта ўқилди

Мақолалар

Top