Мақолалар

Экстремизмнинг ёвуз қиёфаси

Яратган иноят ила инсонга фарзанд ато этса, у ўзини бахтиёр хис қилади. Айниқса, ўғил бола туғилса,  зурриётимнинг давомчиси, қариган чоғимда суянчиқ бўлади, деб хурсандчилигини ичига сиғдира олмайди. Аммо фарзанд адашса-чи?..

Ғамга ботиб ўтирган ота бундай ҳикоя бошлади: “Ўғлим олий ўқув юртини тугатиб давлат корхоналарининг бирида иш бошлади. Бир куни уйга хурсанд бўлиб келди. Биринчи маошини олган экан. Ўша куни онасининг таваллуди эди. Онасига совға олиб келиб, табриклаб, бахтимизга соғ-саломат бўлинг деганлари кўз олдимда. Онасининг қувончи ичига сиғмасди. Мен ҳам севиниб, ўғлим кап-катта йигит бўлиб, ёнимдан кирибди дедим. Туппа-тузук ишлаб юрган болам, дабдуруст, кўп маош берадиган иш топдим деб қолди. Ойлиги яхши ишхона топган бўлса нур устига нур деб ўйладим. Аммо бу ишхона хорижда  эканини эшитиб, хавотирга тушдим. Таклиф этилаётган иш расмий йўл билан бўлса ҳам, майли эди. Бироқ иш берувчи ўғлимнинг дўстининг таниши экан. Ўғлимни бу ниятидан қайтаришга қанча ҳаракат қилмай,  пул топиш орзуси кўзини кўр қилиб қўйганди.

Хуллас, ўғлим ўз сўзида туриб олиб, хорижга кетди. Биз ўзимизга тасалли бериб, ишлаб пул топиб келса ўйлантириб қўямиз деб яхши ниятлар қилдик.

Бир йил деганда йўл кирасига зўрға пул ишлаб қайтиб келди. Майли, пул олиб келмаса ҳам ўзи соғ-саломат келди деб хурсанд бўлдик. Чунки  гоҳида эшитиб қоламиз: кимдир боласининг майитини фалон пулга олиб келди ёки фалончининг боласи ногирон бўлиб келди, дейишади.

Кунлар ўтиб шугина хурсандчилигимизга ҳам дарз кетди. Чунки олдинги ўғлимиздан асар ҳам қолмаган эди. Ҳали онасининг кийинишига, ҳали синглисининг юриш-туришига  қарайди, ҳатто менинг ўзимга ҳам ақл ўргатадиган бўлди. Олдинига буни асабийликдан-да деб ўйладик. Аммо баъзи гапларида чегарадан чиқадиган бўлди. Ҳатто бир куни онасига қўпол гапираётганини эшитиб қолдим. Кечалари алламаҳал қайтадиган, аллақандай танишларникига тез-тез бориб турадиган бўлди. Онасининг меҳри ва менинг лоқайдлигим сабаб бўлиб вақтида назорат қилмаганимиз оқибатида  фарзандимиз жазони ижро этиш муассасида умрини ўтказмоқда. У экстремистик гуруҳ аъзоси экан...

“Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида: “Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир”, дейилган. Шу иборанинг исботи ўлароқ бефарқлигим ўзимнинг, оиламнинг бошига бало келтирди, фарзандимни панжара ортига тиқди”.  

Дарҳақиқат, бугунги кунда энг катта муаммога айланган экстремизм  жуда чуқур илдизларга эга бўлиб,  ҳеч қачон на бир динни, на бир миллатни, на бирон бир мамлакат ҳудудини тан олмаган. Чунки экстремистларнинг  дини ҳам,  ватани ҳам бўлмайди. Улар киндик қони тўкилган жойни  ватан дейиш бахтидан йироқдир. Аслида диний экстремизм барча динлар доирасида ривожланган. Айниқса “ пятидесятниклар” , “ташаббускор баптислар” фаоллигини алоҳида қайд этиш лозим. Масалан, “ташаббускор баптислар” умуман қонуний ҳокимият ва дунёвий қонунларни тан олмайди. Уларнинг фикрича, гўё черков давлатдан юқори туради. “Пятидесятник”ларнинг баъзи гуруҳлари эса ўз тобеларини, ҳаттоки фарзандларини ҳам ўта шафқатсизлик билан адо этиладиган ибодатларга зўрлайди ва дунё неъматларидан батамом воз кечиб, таркидунёчилик билан яшашга даъват этади.

Исломни ниқоб қилиб олган  диний экстремизм эса ўзининг икки хусусияти билан бошқа экстремистик гуруҳлардан ажралиб туради. Биринчиси, улар исломга эътиқод қиладиган давлатлардаги мусулмонлар жамоалари исломий тусларини йўқотган бўлиб, жоҳилия (исломдан аввалги араблардаги маънавий бузилиш даври) жамиятларига айланиб қолган деб ҳисоблайди. Бундай ёндашув амалдаги ҳукумат  ва унинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилишга асос  қилиб олинади. Иккинчидан, улар гўё, «ҳақиқий» мусулмонлар бўлиб, ўзларининг ҳокимиятга келиши учун агрессив ҳаракат қилиш лозим деб ҳисоблайди. Бунга “ИШИД” ва бошқа террорчи гуруҳларни мисол қилиб олса бўлади.  

Динда ғулувга кетишнинг ҳамда экстремизмга мубтало бўлишнинг оқибати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантириб айтганларки, “Бу одамлар ўзларини кескин тутади, қўпол ва қаттиққўл бўлади, ўйламасдан гапиради, илмсиз баҳслашади, ҳамма нарсани ҳал қила оламиз, деб ҳисоблайди, ҳақ фақат ўзларида эканини даъво қилади, одамларнинг ҳаммаси улар томонида бўлиши керак, деб фикрлайди. Уларнинг кўпчилиги енгилтак, шошқалоқ, қизиққон ва калтабинлик сифатлари ғолиб бўлган ёшлардан иборат бўлиб, яна улар тор фикрли ва узоқни кўра билмаслик сифатлари билан ҳам ажралиб туради”.

Фарзандларимиз тарбиясига жиддий ёндашиб, улардаги ҳар бир ўзгаришга бефарқ бўлмасдан, ташқи муҳитнинг салбий оқибатларидан  ўз вақтида асрашимиз, қолаверса, халқимизда айтилган “қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган мақолни тушунтириб, дўст танлашда адашмаслиги учун ҳар томонлама кўмак бериб боришимиз фойдали бўлади. Яна шуни эсда тутмоғимиз керакки, хоҳ оилада, хоҳ маҳалла-кўйда ёки жамоат жойларида бўлсин лоқайдликка, бепарволикка берилмайлик. Зеро, лоқайдлик сари қуйилган биргина қадам ҳам инсонни маънавий ҳалокат томон олиб борувчи йўлдирки, бу йўлга тушиб қолишдан ўзимизни асрамоғмиз, огоҳ ва ҳушёр бўлмоғмиз зарур.

Маҳмуджон АБДУСАИТОВ,

Бўстонлиқ туман бош имом-хатиб вазифасини бажарувчи     

5734 марта ўқилди

Мақолалар

Top