Версия для печати

Мақолалар

Ҳаж ва умрага қайта-қайта бориш афзалми ёки унга кетадиган харажатларни камбағалларга садақа қилишми?

Ушбу мавзу барчани қизиқтириши тайин. Зеро, Исломнинг рукнларидан бири ҳисобланган ҳаж ибодатини бажариш учун Маккаи мукаррамага бир марта бўлса ҳам бориш ҳар бир мўмин мусулмоннинг орзуси, зиммасидаги бурчи. Бутун умри мобайнида қиблам деб эътироф этиб юзланаётган муборак жойни бир марта кўрганидан сўнг ҳар қандай мўмин унинг зиёрати учун қайта-қайта боргиси келади. Аммо, кўз ўнгида ночор, муҳтож ҳолда кун кечираётган инсонга қодир бўла туриб ёрдам қилмаслик ҳам ҳар қандай мўминнинг қалбини безовта қилади.

Бизнинг ҳиссиётларимиз, хоҳишларимиз нималарга ундаётган бўлишидан қатъий назар, ҳаж ёки умрага қайта бориш ёки унинг маблағини мухтожларга садақа қилиш масаласи бевосита шариат ҳукмларига алоқадор масала бўлиб, бу борада ҳис туйғу ва ақлнинг ўзи билан иш кўриш тўғри бўлмайди. Балки бу ҳақда уламоларнинг сўзларига қулоқ солиш, уларнинг кўрсатмаларига юриш шариатнинг талаби ҳисобланади.

Уламолар, асл қоидага биноан, ихтиёрий садақадан кўра нафл ҳаж ва умра афзал, деганлар. Чунки, ҳаж ва умра ибодатлари бир қанча амаллар йиғиндисидан иборат бўлиб, улар ичида мол-мулк сарфлаш, шунингдек, тавоф, саъй, зикр, намоз, талбия ва бошқа амаллар мавжуд. Бир сўз билан айтганда ҳаж ва умра намоз ва рўза каби баданни машаққатга солиш, закот, фитр садақаси ва қурбонлик каби мол сарфлаш билан адо қилинадиган кенг қамровли ибодатдир. Бироқ, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра, инсон хайр-эҳсонларга муҳтож бўлган ночор инсонларни топса-ю, бир пайтнинг ўзида ҳам уларнинг эҳтиёжларини қондириб, ҳам нафл ҳаж ёки умрага боришга қодир бўлмаса, бундай ҳолатда иккинчи марта ҳаж ёки умра қилишдан кўра унга кетадиган харажатларни муҳтожларга инфоқ қилиши афзал. Уламолар ўзларининг ушбу сўзларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини далил қилганлар: “Инсонларнинг Аллоҳ таоло учун энг маҳбуби инсонларга манфаатлироқ бўлганидир. Амалларнинг Аллоҳ таоло учун энг маҳбуби мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, ундан бирор-бир мусибатни аритиш, унинг қарзларидан бирор қарзини тўлаб бериш ёки ундан очликни кетказишир. Бир биродарим билан бир ҳожат йўлида бирга юришим мен учун ушбу масжидда – Мадина масжидини назарда тутмоқдалар – бир ой эътикоф ўтиришимдан афзалдир. Ким ўзининг ғазабини тийса Аллоҳ таоло унинг айбларини беркитади. Ошкора қилиб, амалга оширишга қодир бўла туриб, кучли ғазабини яширса қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг қалбини умидларга тўлдиради. Ким ўз биродари билан бир ҳожат ортидан ҳожати раво бўлгунича юрса қадамлар тойиладиган кунда Аллоҳ таоло унинг қадамини собит қилади” (Табароний. Мўжамул кабир. 12-ж. 453-б.). Яна, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ёнидаги ўз қўшнисини оч эканини била туриб ўзи қорни тўқ ухласа менга имон келтирмабди”,-деганлар (Табароний. Мўжамул кабир. 1-ж. 232-б.).

Демак, очлик ва ҳаддан зиёд муҳтожлик мавжуд бўлган ўринда ҳаж ва умрага такрор боришдан садақа афзал бўлади. Ҳатто баъзи ҳолатларда зиммада фарз бўлган ислом ҳажини адо этишдан ҳам садақа муқаддам бўлиши мумкин.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири “Канзуд дақоиқ” (Нозик масалаларнинг хазинаси)да қуйидаги матн келган: “Уламоларимиз, нафл ҳаж садақадан афзал, деганлар”. Ушбу асарнинг шарҳи “Баҳрур роиқ”да Аллома Ибн Нужайм қуйидагиларни келтирган: Рамлий айтади: Шом юртининг муфтийси, марҳум Шайх Абдураҳмон Имодий ўзининг “Маносик” асарида: “Агар Ислом ҳажини бажарган бўлса, бундан сўнг ихтиёрий садақа қилиш Имом Муҳаммаднинг наздида нафл ҳаждан афзалдир. Имом Абу Юсуфнинг наздида эса ҳаж афзал. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ аввалда Имом Муҳаммаднинг сўзини айтган. Кейинчалик, ўзи ҳаж қилиб, унда ҳасанотларни зиёда бўлишини вожиб қиладиган турли машаққатлар борлигини кўргач Имом Абу Юсуфнинг сўзига қайтган”,-деган.

Манашу сўзларни нақл қилгандан сўнг Ибн Нужайм қуйидагиларни айтган: Айтиш мумкинки, бизнинг замонимизда нафл садақа афзалдир. Чунки ҳаж қилувчи кўп ҳолатда шариатга номувофиқ ишларни қилиб қўяди, очиқ-ойдин мункар ишларга гувоҳ бўлади. Шунингдек, омма инсонлар садақа бериш борасида бахил бўлиб кетди. Улар камбағал бечора ва етимларни хасрат-надоматда қолдирмоқдалар. Айниқса қимматчилик ва танглик пайтларида. Бундан ташқари, инсон келтирадиган манфаат ўзидан бошқаларга қанча кўп етса савоби шунча зиёда бўлади. “Ал-лубоб”да садақанинг ҳаждан афзаллиги ҳеч бир қайдсиз очиқ айтилган. ...Бу сўз фарз ҳажи ҳақида бўлиши ҳам мумкин. Зеро, муҳтож кимсага садақа қилишнинг ажри етти юз савобдан[1] ҳам улуғ бўлиши мумкин.[2]

Бу ривоятлардан кўринадики, Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва Имом Абу Юсуфларнинг наздида нафл ҳаж нафл садақадан афзал бўлсада, бу мутлоқ барча замон ва ҳолатларга тааллуқли ҳукм эмас. Бундай дейишимизга сабаб, биринчидан, Имом Муҳаммаднинг наздида нафл садақа афзал бўлса, иккинчидан, мазҳабимизнинг мўтабар уламоларидан Ибн Нужаймнинг сўзлари Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва Имом Абу Юсуфларнинг ихтиёрлари ҳам мутлоқ эмаслигини англатмоқда.

Ушбу масалада бошқа мазҳаб мужтаҳидларининг сўзларига ҳам қулоқ соладиган бўлсак, Аллома Ҳаттоб “Мавоҳибул жалил”да айтади: Молик роҳимаҳуллоҳдан: “Ҳаж ва садақадан қай бири сиз учун маҳбуброқ”,-деб сўрашди. У зот: “...Ҳаж. Бироқ, очлик йили бўлса бундай эмас”,-деб жавоб берди.

Имом Аҳмад: “ (Нафл ҳаждан кўра) Қорни очларга бериши мен учун маҳбуброқ”,-деган. (Ибн Муфлиҳ. Ал-фуруъ. 3-ж. 386-б.)

Баъзи уламоларнинг сўзларига кўра, садақа қилиш, ночорларга ёрдам бериш, йўқчилик, қийинчилик ва очлик замонида муҳтожларни муҳтожликдан қутқариш нафл ҳаж ва умрадан авло ва афзалдир. Чунки ҳаж ва умранинг манфаати бажарувчининг ўзигагина хос бўлади. Муҳтожларга қилинган садақанинг манфаати эса кўпчиликка етади. Ниманики манфаати бошқаларга ҳам етадиган бўлса у манфаати бир кишига чекланадиган амалдан кўра афзал ҳисобланади.

Ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ бир йили ҳаж қилиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда бир қизчага йўлиқиб қолдилар. У: “Бу ерда мени ва укамни ушбу изордан (белдан пастни ёпадиган кийим) бошқа ҳеч нарсамиз йўқ, ушбу ахлатхонага ташланадиган нарсалардан бошқа емишимиз йўқ. Бир неча кундан буён бизга ўлимтик ейиш ҳалол бўлиб қолди”,-деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак ҳажнинг пулини у қизга бердилар ва: “Бу мана шу йилда ҳаж қилишимиздан кўра афзал”,-дедиларда, қайтиб кетдилар[3].

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: баъзиларингиз: “ҳаж қиламан, ҳаж қиламан”,-дейсиз. Ҳаж қилиб бўлгансизку! Ундан кўра, силаи раҳм қилинг, қарздорга садақа қилинг, қўшнига яхшилик қилинг[4].

Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, ҳаж сафарини тинч хотиржам ўтиши, амалларининг мукаммал адо этилиши учун масъул бўлган шахсларнинг ҳаж ва умрага қайта боришилари ушбу мулоҳазалардан мустасно. Чунки жуда кўпчилик бўлиб чиқиладиган сафар, кўпчилик билан адо этиладиган ибодат тартиб интизомни сақлаш учун масъул шахслар тайин қилиниши лозимлигини тақозо қилади. Биз айтаётган хулосаларимиз фақат нафл ибодатни қасд қилиб ҳаж ва умра сафарига чиқадиган инсонларнинг нафл садақа ва нафл ҳаж ўртасида қай бирини ихтиёр қилишлари афзаллиги борасида холос.

Тўғри, қайта бажарилаётган нафл ҳаж ҳамда суннат ҳисобланган умра амалларида Аллоҳ таолонинг уйи бўлган Каъбаи муаззамани улуғлаш, уни обод қилиш каби ҳикматлар ётади. Байтуллоҳ шубҳасиз, бунданда олий, биз тасаввур қилгандан кўра беназир улуғ жой. Бу борада ортиқча гап сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Бироқ инсониятнинг ер юзида яратилиши, турли миллат ва элатларга бўлинганлиги, уларнинг ўзаро тотувлик ва ҳамкорликда яшашлари лозимлиги, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасида, ҳар бир фаолияти борасида имтиҳон қилиниши кўпчилик эътибор қилмайдиган жуда кўплаб маъноларни англатади.

Байтуллоҳни умр давомида бир марта зиёрат қилиш фарз. У Аллоҳ таолонинг уйи. Қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва маҳалла-кўйдаги ночор инсон ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Кимнидир Аллоҳ таоло мол-дунё бериш билан, яна кимдандир уни олиб қўйиш билан имтиҳон қилади. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида “Мол дунё сенга қайта-қайта ҳажга боришинг учун эмас, оч қолган қўшнингни қорнини тўйдиришинг, оёғидан сув ўтаётган боласига оёқ кийим олиб беришинг учун берилган эди, сенг буларни билардинг” каби саволларга тутилмаслигимизга ҳеч ким кафолат беролмайди. Қайта-қайта ҳажга боришимизнинг остида обрў ёки арзимас молиявий манфаатимизни яширган бўлсак, бу ҳолат борасида жавоб беришимиз осон бўлмайди. Шу ўринда инсонни алдайдиган, унинг ичидан ўтадиган баъзи тушунчалар борлигини ҳам эслаб ўтишимиз ўринли. Баъзан ҳаёлимиздан “Муҳтожларнинг қай бирига қарайман! Бирига берганим билан қолганларичи?! Ундан кўра, “бор”, ҳажга бориб кела қолай”, деган ҳаёллар ўтади. Йўқ! Аслида ундай эмас. Инсон қудрати етган нарсадан сўралади. Қилинаётган ишлар қалб тарозусига ҳам солиниши лозим. Охиратдан умидвор кимсанинг қалби шубҳасиз ўз соҳибини тўғри ишга йўллайди. Мақсадимиз, шубҳасиз, дунё ва охиратимизнинг обод бўлиши йўлда биргаликда имкон борича ҳаракат қилиш. Бу йўлда Аллоҳ таолонинг ўзи мададкор бўлишидан умидвормиз. 

Тошкент Ислом институти “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Я.Раззақов

 

[1] Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаж учун мол сарфлаш Аллоҳнинг йўлида мол сарфлаш каби етти юз баробар бўлади”,-деганлар. Шарҳу саҳиҳил бухорий. Ибн Баттол. 4-ж. 190-б.

[2] Баҳрур роиқ шарҳу канзид дақоиқ. 6-ж. 347-б.

[3] Ал-бидояту ван ниҳоя. 10-ж. 191-б.

[4] Имом Аҳмад. Зуҳд. 320-б.

8765 марта ўқилди
Мавзулар