Мақолалар

Поклик – иймоннинг ярми

Ислом – озодаликка ғоят жиддий эътибор қиладиган, поклик тушунчаси мукаммал ифодасини топган ягона шариат ҳисобланади. Унда жой поклиги, либос поклиги, шахсий гигиена, атроф-муҳит тозалиги, ювинадиган сувларнинг тоҳир-покизага ёки таҳур-покизаловчига ёхуд нажас яъни нопок сувларга ажратилиши, бир кунда беш вақт намоздан олдин юз-қўл, оёқ ва ҳоказоларни таҳорат ниятида ювиш, жунуб бўлганда, албатта, ғусл қилиш, ҳафтада бир марта (жума кунида жунуб бўлмаса ҳам) ғусл қилиб, покланишга чақириши ҳамда турли хушбўйликлардан фойдаланишга тарғиб этиши динимизда покизалик ва орасталикка нисбатан қай даражада буюк эътибор қаратилишини кўрсатади.

Озодаликка тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар ниҳоятда кўп. Шу боисдан покликни динимиз асосларидан бири десак сира муболаға қилмаган бўламиз.

Ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар”, дейилади (Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Ислом дини шахсий тозалик билан бир қаторда атроф-муҳит тозалигига ҳам аҳамият қаратиши аён бўлади.

Аслида Ислом дини келган даврларда ҳозиргидек чиқиндилар, турли-туман зарарли тутун ва ҳоказолар чиқарувчи завод-фабрикалар, конлар, кимё заводлари, машина ва ҳоказолар бўлмаган. Одамлар бугунги кунимиздагидек кўп чиқинди ҳосил қилувчи маҳсулотларни ҳам истеъмол қилмаган. Табиат қўйнида, табиий неъматлардан озиқланган. Турли хил сунъий моддалардан тайёрланган хилма-хил ўрам, қадоқ ва бошқа идишлардаги егуликлар емаган. Бу эътибордан уларнинг чиқиндилари ҳам табиат ва муҳитга дўст бўлган безарар чиқиндилардан иборат бўлган. Уларнинг асосийси таом қолдиқлари бўлган, холос. Шундай бўлса ҳам динимиз ўша вақтнинг ўзидаёқ атроф-муҳит тозалиги, шахсий тозалик ва гигиена соҳасида келажак даврларга ҳам манфаатли бўлувчи кўрсатмаларни бериб қўйган.

Тилга олганимиз ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларни тоза тутишга буюрганларини ўқидик. Шу ўринда бир тафаккур қилайлик, ҳовлиларни озода тутишга динимизда бу қадар эътибор берилган экан, уйларнинг ичи ҳақида нима дейиш мумкин? Табиийки, уйларнинг ички қисмларининг тозалиги динимизда янада муҳимроқ ўринда экани шубҳасиздир. У ҳолда ўша уйларнинг яшовчилари бўлмиш инсонларнинг тозалигичи, бу ҳақда нима дейиш мумкин? Кўриниб турибдики, ҳовли тозалигига алоҳида даъват билан чақирувчи дин уйларнинг тозалиги ва инсонларнинг тозалигига ундан-да кўпроқ аҳамият қаратгани муқараррдир. Буни қуйидаги ҳадиси шарифдан ҳам билиб олишимиз мумкин.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: “Албатта Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради ва Ўз бандасининг устида (унга берган) неъматининг асарини кўришни яхши кўради, ночорликни ва ўзини ночор тутиб юрувчиларни ёмон кўради” (Байҳақий ривояти).

Демак, мусулмон киши уст-боши кир ва ғижим ҳолда юрмасдан, покиза ва текис либосларни кийиши, оёқ кийимини покиза тутиши, соч-соқолига аҳамият бериши, парваришлаши, баданини хушбўй қилиб юриши Аллоҳга маҳбуб ишлардан экан. Аллоҳ шундай имконият берган банда маълум маблағ сарфлаш эвазига бўлса ҳам ўзини ораста тутиб юриши Аллоҳга маҳбубдир. Чунки бунда инсон Роббимизнинг неъматини ошкор қилган ва шу тариқа шукрини ўзига хос тарзда изҳор қилган бўлади.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга сўнгги дин рисоласини илк нозил қилаётган даврларда Аллоҳни давомли равишда улуғлашга ва либосни покиза тутишга буюрган: “Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг ва кийимларингизни пок тутинг!” (Муддассир сураси: 3-4-оятлар). Ушбу ояти карималар тафсирида Имом Фахруддин Розий шундай дейди: “Агар ояти каримадаги “кийимлар” ва “поклаш” лафзлари зоҳирига ҳавола қилинадиган бўлса, бундан шуни тушунамизки, Пайғамбаримиз ўз либосларини янада поклашга буюрилган бўладилар”. Ҳа, агар Исломда поклик тушунчаси ғоят муҳим ўрин тутмаганда унга бу қадар юксак аҳамият берилмас ва ояти карималарда тилга олинмас эди.

Муқаддас динимиз Исломнинг покликка бўлган эътибори шу даражага етдики, уни иймоннинг ярми деб эълон қилди. Набий алайҳиссалом бир ҳадисларида “поклик (таҳорат) иймоннинг ярмидир” дедилар (Саҳиҳи Муслим, 223-ҳадис).

Албатта ҳадисда зикр этилган поклик фақат жисмоний ва моддий покликнинг ўзи билан чекланиб қолмайди, балки куфр-ширк, залолат ва барча маънавий иллатлар, разолату қабоҳатлардан пок бўлиш ҳам тушунилади. Зеро, моддий покликка бу қадар эътибор берган дин ўз-ўзидан маънавий покликни четга суриб қўйиши мумкин эмас. Зотан, ҳар доим маънавий нарсалар моддий нарсалардан юқори турган.

Нима учун ушбу ҳадисда поклик иймоннинг ярми дейилгани хусусида уламолар шундай фикрларни билдирадилар. Иймон аслида “покланиш” ва “безаниш”дан иборат. Яъни, мўмин инсон динга зид келувчи, иймонга ва соғлом эътиқодга ёт бўлган манфур ишлардан покланади, улардан қалбини тозалаб олади. Ундан сўнг, ибодат ва зикр каби ишлар билан ўзини безатади. Демак, шу жиҳатдан олиб қарасак, поклик иймоннинг ярмига тенг келади.

Исломда иймоннинг қадр-қиймати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олсак бўлаверади. Бу ўз навбатида биз мусулмонлар динимиз талабига яраша бўлишимиз кераклигини ҳам билдиради.

Ислом дини шахсий гигиена масаласига ҳам тўхталиб ўтган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис шарифда шундай марҳамат қилинади:

“Беш нарса фитратдандир: хатна қилдириш, ҳаром тукларни кеткизиш, тирноқ олиш, қўлтиқ остидаги тукларни юлиш ҳамда мўйлабни қисқартириш” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Поклик шу қадар муҳим нарсаки, ҳатто покланмасдан яъни таҳорат қилмасдан намоз ўқиб бўлмайди. Таҳоратсиз Қуръони каримни ушлаш мумкин эмас.

Шу билан бирга айтиб ўтганимиздек, маънавий поклик, ҳалқум поклиги, касб ҳалол бўлиши кабилар ҳам жуда муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда қайта-қайта ҳалол-пок нарсалардан ризқланишга буюрган. Жумладан, Бақара сурасининг 172-оятида бундай хитоб қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”

Бошқа бир ояти каримада эса: “Сиздан (ўзларига) ҳалол қилинган нарсалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди”, деб марҳамат қилинади (Моида сураси: 4-оят).

Аслида буларнинг барчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар. Яъни, қалб поклиги, бадан поклиги, либос поклиги ва ҳалқум поклиги мусулмон инсоннинг камолотга етишида жуда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун уларнинг баъзиларига амал қилиб, баъзиларини ташлаб қўйиш тўғри келмайди. Зеро, бадани ва либоси пок бўлса ҳам ҳалқумининг поклигига эътибор бермаса, пулни ҳалол йўл билан топяптими, ҳаром йўл билан топяптими, эътибор бермаса, бундай инсоннинг қалби покланиши қийин, дуоси ижобат бўлмайди ва натижада кўп яхшиликлардан бенасиб бўлиб қолади. Қолаверса, бадан ва либос поклигига ҳозир нафақат мусулмонлар, балки, бошқа миллат ва дин вакиллари ҳам кучли эътибор қаратмоқдалар. Агар биз ҳам фақат шу нарсалар билан чекланиб қолсак, улардан ортиқ жойимиз қолмайди. Балки, улардан орқада ҳам қолиб кетамиз. Чунки, Европаликлар ҳозирда бадан ва либос поклиги ва шахсий гигиена бўйича ниҳоятда илгарилаб кетдилар. Бизнинг устунлигимиз эса бадан ва либос поклигига жиддий аҳамият бериш билан бир қаторда қалб поклиги ва маънавий покликни ҳам сақлашимиздадир. Борди-ю, маънавий покликка бўлган эътиборни сусайтирсак, у ҳолда жуда кўп яхшиликларни қўлдан бой берган бўламиз. Зеро, шахс ва жамиятнинг маънавий соғломлиги бениҳоя муҳимдир. Маънавий поклик қўлдан бой берилса, жамият таназзулга юз тутади, турли қабоҳатлар авж олади. Бундай аянчли ҳолатларни ҳозирда кўплаб Ғарб давлатлари мисолида кўриб турибмиз ҳам.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ айтадилар: “Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга ботинини ҳам пок тутмоғи лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!”.

Шунингдек, поклик деганда инсон фақат ўзини поклаб юрса бўлди, дегани эмас. Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табиатни тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келади. Табиатни муҳофаза этиш Ислом динининг асосий таълимотларидан бири ҳисобланишига ҳам шу илоҳий мажбурият сабаб бўлган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир қора танли киши ёки қора танли аёл масжидни супуриб юрарди. У киши вафот этиб (кўринмай қолган эди) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сўраб-суриштирдилар. Саҳобалар у аёлнинг вафот этганини айтишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Менга шуни айтсангиз бўлмасмиди?”, дея (бироз ғазабланиб) менга унинг қабрини кўрсатинглар”, дедилар. Шундан кейин унинг қабри тепасига келиб, унга жаноза ўқидилар.

Ушбу воқеадан атроф-муҳит тозалигини сақлаш, хусусан, масжидни пок тутиш нечоғлик олийжаноб иш экани маълум бўлади.  

Абу Мусо розияллоҳу анҳу Басрага келганларида басраликларга: “Мени сизнинг олдингизга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Роббингизнинг Китоби, Пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишим ва кўчаларингизни тоза тутишим учун юборди”, деб мурожаат қилган эканлар.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Учта лаънат келтирадиган ишлардан эҳтиёт бўлинг: сувларда, йўл ўртасида ва соя жойларда ҳожат чиқариш” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимиз озода бўлиши, ичимлик сувимиз тозалиги, танамиз эса покиза бўлишига буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчи деб билиб келганлар. Ҳозирги пайтда айниқса озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ иш бўлиб қолди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи севган бандаларидан қилиб, танамиз ва руҳиятмиз пок  бўлмоғини насиб айласин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби

10025 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top