Версия для печати

Мақолалар

Оила тинчлиги – кўнгил хотиржамлиги

Ҳар биримиз оила қурар эканмиз, оиламиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлишини истаймиз. Оила тинч бўлса, кўнгил хотиржам, ишлар барорли бўлади. Акси бўлса муносабатлар чигаллашади. Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! аёлларнинг қандоғи яхшиси бўлади?” деб сўрашди. У зот: “Эрининг кўзини қувонтирадиган, амрига итоат этадиган, ўзини тутиши ва молини тасарруф этишда эри ёқтирмайдиган ҳолатга йўл қўймайдиган аёлдир”, дедилар (Термизий ривояти).

Ана шу ҳадисда таърифланган аёл ҳар бир эркакнинг орзусидир. Дарҳақиқат, эрнинг кўзини қувонтирадиган аёл покиза, иффатли, эрига итоаткордир. Бир куни Ҳазрати Умарнинг розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келган эр-хотин ажрашиш нияти борлигини айтишди. Аёл эри билан уч ой турмуш қурганини, бу вақт давомида у билан чиройли муносабатда  бўлмаганини ҳамда ажралиш иккиси учун ҳам яхши эканини айтди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эркакдан ҳам бу ҳақда сўраган эдилар, у: ”Менинг ундан ҳеч қандай шикоятим йўқ. Ундан ажралишни истамайман”,деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эркакниниг аҳволини кўриб, хотинга уйга бориб, бироздан сўнг келишини, унгача эри билан суҳбатлашиб олишларини айтдилар. Аёл уйга кетди. Шундан сўнг, эркакни ҳаммомда ювинтиришни, тоза кийимлар кийдиришни ва атирдан сепиб, чиройли хушсурат бир кўринишга келтиришни буюрдилар. Шундай ҳам қилишди. Аёл бир муддатдан сўнг кириб келди. Эрининг чиройли кўринишидан кўзлари қувнаб: ”Менинг ажрашадиган эрим йўқ”, деди-да, эри билан уйга қайтиб кетди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу атрофдагиларга қараб: ”Сизлар ўз аҳилларингизни яхши ва покиза ҳолда кутиб олишларини ёқтирганингиздек, улар ҳам сизларни покиза ва чиройли суратда кўришни ёқтиради”, дедилар. Никоҳ билан қурилган оиланинг саодати, фаровонлиги эр-хотиннинг мана шундай  ўзаро гўзал муносабатларига боғлиқ. Бундай зарур ҳолатлар оила тинч-тотувлигига, мустаҳкамлигига сабаб бўлади.    

Баҳодир ТЎЛАКБОЕВ,

Наманган вилояти, Учқўрғон тумани,

“Қосимқори” жоме  масжиди имом-хатиби

 

10922 марта ўқилди
Мавзулар