Мақолалар

Тавба надоматдир

Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан», – дерлар(Таҳрим, 8).          

Тавба қилиш муҳим ишлардан бўлиб, “тавба” қайтиш маъносини англатади. Тавбада зулматдан нурга, гуноҳдан тоатга қайтиш ният қилинади.   Тавба, дарҳақиқат, руҳни гуноҳлардан поклайди, гуноҳлардан ҳосил бўлган ғашлик ва изтиробни кетказади. Инсон туғилганда унинг қалби худди оппоқ саҳифа каби гуноҳлардан пок бўлади. Унинг амаллар саҳифасига гуноҳу савоб у балоғатга етгандан бошлаб ёзила бошлайди. Инсон гуноҳ қилса, қалби қораяди. Агар гуноҳ ва маъсиятларни кўпайтирса, бу қоралик бутун қалбини қамраб олади. Бу ундаги фитрат нурини кеткизади. Агар инсон мана шу ғафлат уйқусидан уйғониб кетса, тавба манзилига киради. Секин-аста қалбидаги қоронғилик зоил бўлади ва тезда фитрат нурига қайтади.

Агар тавбада шартлари ва арконлари топилмаса, инсоннинг тавбаси тўғри бўлмайди ва қабул қилинмайди. Бу ерда ўша шарт ва рукнларнинг энг муҳимларини зикр қиламиз. Гуноҳлардан ва маъсиятлардан қасд қилган нарсасига қалбида пушаймон бўлиши, шаръий буйруқларни адо қилишда йўл қўйган хатоларига қалбида надомат сезиши. Шунда гуноҳлари надомат ўтида ёнади. Тавбанинг шартларидан яна бири – қилган гуноҳини қайта қилмасликка азму қарор қилиши. Бу икки рукнни амалга ошириш учун инсон доимо гуноҳнинг салбий таъсирларини эслаб юриши лозим. Дарҳақиқат, ривоятларда зикр қилинадики, албатта, маъсият инсоннинг қалбида қора нуқта пайдо қилади. инсон гуноҳу маъсиятларни қилишда давом этаверса, бу нуқта кенгайиб, қалбни тўла қамраб олади, уни ҳақиқатларни кўришдан тўсиб қўяди, кўр қилади. Натижада банда бадбахтликка етади.

Агар маъсиятлардан тавба қилса, қалбидаги қоралик аста-секин йўқола бошлайди. Унга охират ишлари енгиллашади. Унга Аллоҳ таоло тарафидан илоҳий тавфиқлар муяссар бўлади. “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).

Тавба Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлиши учун унинг айтиб ўтилган шартларини амалга ошириш керак.

Амирул мўминин Али ибн Толиб (розияллоҳу анҳу)дан “Наҳжул балоға” асарида тавбанинг шуртлари тўғрисида шундай ривоят қилинади: “Истиғфор олти маънога далолат қилади: қилган гуноҳига надомат чекиш; уни бошқа қилмасликка азму қарор қилиш; Яратган зотнинг ҳақларини адо қилмоқлик; жисмини ҳаром луқмалардан поклаш; жисмига маъсият ҳаловатини татитгани каби тоат аламини татитмоқ. Мазкур шартларга яна қуйидаги шартларни қўшиш мумкин:

  • Ноҳақ эгаллаган ҳақларни ўз эгаларига қайтариш. Тавба қилувчи инсон бошқалардан ҳақсиз олган нарсаларини қайтармоғи лозимдир. Қайтаришдан бош тортмаслиги керак, чунки агар улар ундан ўз ҳақларини бу дунёда талаб қилмасалар, албатта, яқинда қиёмат куни талаб қиладилар. Ўшанда унинг савобларидан уларга олиб берилади.
  • Аллоҳнинг ҳақларини адо қилиш. Адо этолмаган фарзларини қазо қилиб бўлса ҳам, ўташи лозим.

Банда Аллоҳнинг раҳматидан, унинг лутфу карамидан ноумид бўлмаслиги керак. Шайтон учун, нафсул аммора учун имкон бермаса, қалбида васваса, шайтоний бузуқ ният бўлмайди. Тавба машақатли кўринади. Лекин инсон тавба қилса, албатта, икки дунё саодатига эришади.

Агар банда кўп гуноҳ қилса-ю, кейин кўп пушаймон қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга йўлни енгил қилади.

Охират йўлидан борувчига риёзат аламини татимоқлиги ва ибодат машаққатига сабр қилмоқлиги лозим бўлади. Агар кечаси гуноҳда бедор бўлган бўлса, бундан тавба қилиш учун кечаси билан ибодатда бедор бўлсин. Кундузи гуноҳ билан юрган бўлса, бир кун рўза тутиб тавба қилсин. Гуноҳларнинг асарлари, изларидан нафсини покласа, нафсинг маъсиятдан олдинги поклигига қайтади.

Тавбадан сўнг бирдан юқори бир даражаларга чиқилмайди ва бу талаб ҳам қилинмайди. Баъзи инсонлар тавбани машаққатли, қийин иш деб ўйлайди ва ундан юз ўгиради. Натижада у бадбахтлар йўлини танлайди. Ваҳоланки, охиратга олиб борувчи қадамлар кичик-кичик одимлардан бошланади. Бандадан талаб қилингани шудир. У мана шу одимларда давомли бўлса, Аллоҳни муҳаббатига сазовор бўлади. Аста-секин бу ишлар унга енгил бўлади. Оқил киши олий мақсадларга етиш кичик-кичик қадамлардан иборат эканини биладилар. Яна банда агар тавбани тўлиқ амалга ошира олмаса, ундан юз ўгирмаслиги, яна гуноҳ ва маъсиятларга қайтмаслиги керак. балки қўлидан келганича ҳаракат қилиши лозим.

Албатта, йўлнинг қийинчилиги инсонни юришдан қайтармаслиги керак. Тавба инсонни абадий бадбахтликдан мутлақ саодатга элтувчи қоситаларнинг биринчисидир.

 

Ҳасан Расулов,

Имом Бухорий халқаро маркази мутахассиси

6001 марта ўқилди

Мақолалар

Top