Мақолалар

Бахтиёрлик ва бахтсизлик

Бахтиёрлик ва бахтсизлик доимо ёнма-ён юради. Одам нимадандир манмун бўлса, нимадандир дилгир бўлади. Бу – ҳаёт қонуни. Ҳеч ким мудом саодатда яшаган эмас. Энг муҳими, қайғули дамларда берилган оқилона тасалли ва ҳамдардлик инсоннинг кўнглини кўтаради, атрофга ижобий кўз билан қарашга ундайди. Айниқса, оилада эр-хотин доимо бири-бирига суянади ва ҳаёт машаққатларини босиб  ўтишда уларнинг ўзаро бирдамлиги асқатади. Қуйидаги ҳаётий ҳикояда айнан шундай ҳолат тасвирланган:

Таниқли ёзувчилардан бири иш столига ўтириб, қўлига қалам олди ва ўтган йил давомида ҳаётида содир бўлган баъзи ишларни ёза бошлади:

“Касал бўлдим ва ўт пуфагимни олдирдим, натижада бир неча ой тўшакка михландим. Олтмиш ёш тўлдим, ўттиз йил давомида ишлаган нашриётдаги асосий ишимдан бўшадим. Отам қазо қилдилар. Ўғлим автоҳалокатга учради, шундан сўнг бир неча ой ўқишга бормагани сабабли курсдан курсга ўтолмади”. Саҳифа охирига “Нақадар бахтсизлик йили бўлди”, деб ёзиб қўйди.

Ўша вақт хонага жуфти ҳалоли кирди. У эрининг ғамгин ҳолатда ўтирганини  кўриб яқинлашди ва елкаси оша эрининг ёзганларига разм солди. Лом-мим демай хонани тарк этди. Бир оздан сўнг қўлида бошқа бир қоғоз кўтариб келди ва уни эри қоралаб қўйган қоғознинг ёнига қўйди. Шу вақт эр унда ёзилган сатрларни ўқий бошлади: “Ўтган йили анча вақтдан бери сизга азоб бериб келаётган ўт пуфаги оғриқларидан шифо топдингиз. Соғ-саломат ҳолда олтмиш ёшга тўлдингиз. Кўплаб китобларнинг нашрига бош бўлганингиздан сўнг энди нафақага чиқиб ўзингиз ҳам китоблар ёзишга вақт топдингиз. Отангиз узоқ умр кечириб бирор одамга юк бўлмасдан ёки бирор касаллик билан узоқ вақт оғримасдан ҳаётдан кўз юмди. Ўғлингиз автоҳалокатдан омон қолди ва бирор асоратсиз тузалиб кетди”. Аёл ўз сўзларини “Бахтимиз бахтсизлигимиздан кўра кўпроқ бўлган бу йил қандай ҳам яхши йил бўлди”, дея тугатибди. Уни ўқиган ёзувчининг юзида самимий бир табассум пайдо бўлди.    

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

ТИИ ўқитувчиси

6070 марта ўқилди

Мақолалар

Top