Мақолалар

Комиллик мақоми

Сатр қатидаги хазина

Камол эт касбким, олам уйидин

Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмақ.

Жаҳондин натамом ўтмак биайниҳ

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмак.

 

Бир қарашда ушбу қитъанинг мазмун-моҳиятини тушунишда мураккаблик йўқдек. Зоҳиран олганда, Алишер Навоий панд-насиҳат қилиб, бу дунёда яшашдан мақсад комилликка интилиш ва чин инсоний хулқ-атворни шакллантиришни вазифа қилиб қўяётгандек. Бу оламга келган инсон дастлаб ота-онаси парваришида бўлиб, меҳр-муҳаббати ва ардоғида вояга етади. Қуш уясида кўрганини қилади, деган халқ мақоли бежиз тўқилмаган. Чунки ота-она қандай инсон бўлса, бу оилада ўсиб-улғайган бола ҳам шу ота-она тарбияси ва таълимини ўзлаштиради. Муайян маънода камолот касб этади. Аммо бу инсон учун етарли эмас. Бора-бора бу оламни ўзи идрок этиб, ўз ақл-фаросати билан танийди. Энди у бир устоз ва мураббийга муҳтожлик сезади. Устоз ва мураббий ўз билим даражаси ва қувватига суянган ҳолда ақли тўлишган боланинг ақлига хитоб қилиб, турли илм соҳаларидан хабар беради, олам ва борлиқ сирларидан воқиф этади. Аммо бу камолот касб этишда дастлабки мартаба ва даража сирасига киради. Аммо шуни аниқлаб олиш лозимки, мазкур қитъада Навоий назарда тутган комиллик мақоми нимаю ва унинг даражаси қандай? Мўътабар манбаларга мурожаат қилинганда, инсонийлик мақоми пастки ва юқори мақом – ҳайвонийлик ва малакийлик мақоми ўртасида жойлашган. Агар инсон қалби ва руҳини поклаш йўлини тутса, малакийлик мақомига қараб юксалиб боради. Агар қалби ва руҳини покламаса, омонат умрини фақат айш-ишрат ва роҳат-фароғатда яшаб ўтишга сарфласа, ўз-ўзидан ҳайвонийлик мақомига тушади. Мазкур қитъада кўзланган мақсадни очиб беришда ана шу жиҳатни аниқлаб олиш керак. Бу қитъа дарслик ва қўлланмаларда келтирилиб, ўз вақтида навоийшунос олимлар томонидан шарҳланган. Жумладан, Иброҳим Ҳаққул “Камол эт касбким...” деб номланган мўъжаз рисоласида бу қитъага батафсил тўхталиб шундай фикрни билдириб ўтади.” Киши ўзини ҳирс, тама, нафс, ғафлат, нодонлик сингари майлларидан покламаса, у ҳеч пайт комил бўлолмайди. Комиллик учун улкан инсоний қалб, уни нурлантирувчи сўнмас ишқ ва кенг қамровли тафаккур зарур. Буларсиз маънавий-руҳий мукаммаллик ва ақлий балоғат хусусида сўз айтиш мумкин эмас” . Шу фикр-мулоҳазаларни давом эттирган ҳолда унга қўшимча қилиш мумкинки,  камолотни мавҳум нарса деб қарамаслик керак. Комиллик инсон забт этиши мушкул ҳисобланган хаёлий чўққи ҳам эмас. Аммо инсон зотига шу чўққини забт этиш ва бутун куч-қувватию салоҳиятини шуни эгаллашга қаратиш тақдир қилинган. Оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, одамзотнинг комилликка эришиши, худди талаба топширадиган синов-имтиҳонга ўхшайди. Кимдир бу имтиҳонни муваффақиятли топширса, кимдир яхши тайёргарлик кўрмаганидан имтиҳондан йиқилади. Бунинг учун унга муайян вақт, имконият, куч-қувват ва турли нарсалар ато этилган. Соддароқ тушунтирадиган бўлсак, инсон умри ва ҳаёти, унга ато этилган улуғ неъмат ва шарт-шароитлар. Бу оламда яшаш насиб этганлар шундай имкониятлардан фойдаланиш ҳақига эга. Бироқ, бу имкониятдан оқилона фойдаланмас экан, бу олам уйидан “ғамнок” ҳолда чиқиши тайин. Бу ақли расо инсон наздида катта ютқизиқ эмасми?

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида айнан инсоний комиллик қандай бўлиши ва бу мақом чўққисига қандай тарзда кўтарилиб бориш тасвирлари асосий ўрин тутади. Фарҳод муайян илм ва касб-ҳунар эгаллаш ниятида қанча машаққат чекди. Буни Навоий шундай таърифлайди:” Қуёш янглиғ ёруғ райи мунири, Вале андин ёруқ мофиззамири”. Ваҳоланки, бу машаққатлари унинг комиллик мақомига кўтарилишида восита бўлиб хизмат қилганини унутмаслик керак. Фарҳод ўзи эгаллаган илм ва касб-ҳунарлар доирасида чекланиб қолган эмас. У ўзида муайян илм ва маҳорат ҳосил қилгандан кейин комиллик пиллапояларидан янада юксалишни қасд этади. Чунки у ўзи етиб келган комиллик мартабасидан қониқиш ҳис этмайди. У устози Суқрот таълимини олиб, Юнон сафарига отланади, бу сафари чоғида тўсиқ ва ғов бўлиб турган аждаҳо, Аҳриман дев ва темир пайкарларни маҳв этиб, комиллик чўққиси сари илгарилашда давом этади. Бунинг оқибатида басират – қалб кўзи очилиб, бу олам ва борлиқни олдингига нисбатан бошқача идрок этади, бу оламнинг сир ва жумбоқлари моҳиятини англайди. Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод образи орқали комиллик даражаси ва мартабаларини бадиий бўёқ ва тимсолллар воситасида маҳорат билан тасвирлаб берган.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, мазкур қитъа мўъжаз ва оддий бўлиб кўринса-да, аммо жуда катта салмоқ ва қамровга эга. Навоий одамзот ақли ва тафаккурига хитоб қилган ҳолда унинг қаршисида икки йўл, яъни покланиш ёки покланмаслик масаласига жиддий қараш кераклигини уқтирмоқда. “Лайли ва Мажнун” достонида Мажнуннинг изтироби ва дардчил нолаларига аҳамият берилса, ўзини поклана олмасликдан қийналиши, бунинг учун етарли даражада ҳаракат қилмаётганидан зорланиш ва арз-шикоят кўзга ташланади. Агар теранроқ назар ташланса, Навоий Мажнун образи мисолида ҳайвонийлик мақомидан малакийлик мақомига кўтарилиш осон эмаслиги ва бу мақомга юксалишда дуч келинадигна тўсиқ ва ғовларни босқичма-босқич чизиб кўрсатади. Мажнун хатти-ҳаракати, атрофидаги одамларга бепарво ва лоқайдлиги “пессимистлик” туфайли унда пайдо бўлмаган, балки одамзот эгаллаши лозим бўлган комиллик чўққисин забт этишга қаратилган. Ҳатто саҳрога отланиб, у ерда ваҳший ва ёввойи ҳайвонлар билан улфат тутинади. Чунки ҳайвонлар Мажнун қалби ва дилига озор етказмайди, уни маломат қилмайди ва ўзлари ўйлаб чиқарган яшаш тарзи ва урф-одатлари доирасида яшашга мажбурламайди.  Яъни комиллик сари интилишига халақит беришмайди. Чунки Мажнун бу оламдан “ғамнок” ҳолда чиқиш қай даражада оғир эканини теран англайди. Шулардан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, Фарҳод ва Мажнун умумлашма ва тўқима образлардир, бу олам яралганидан бери инсоният забт этишга интилаётган, аммо улардан қанчадан-қанчаси бу йўлнинг бошида, қанчадан-қанчаси унинг ўртасида қолиб, оламдан ўтаётган инсонларга юксак намуна ва ибрат. Шу вақтга қадар ҳали ҳеч ким бу оламга келиб комиллик чўққисини забт этганини иддао қилган эмас. Бундан одамзот комиллик сари интилиб яшашидан фойда йўқ дегани эмас. Чунки ҳамма ютуқ ва фойдалар бу оламда ҳал бўлмайди. Шу боис, бу оламда яшаган инсон худди ҳаммомга кириб, ювиниб покланмасдан чиққанидек,  бу оламда комиллик сари интилмай, яъни  лоақал ўзининг Одам эканлигини англамай ҳаёт кечириб, бир куни афсус-надомат билан бу дунёни тарк этиши ҳеч бир ақлга сиғадими?    

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Навоий ушбу қитъада одамзот мақсади ва диққат-эътиборини улуғ мақом ва даражани эгаллашга қаратиб, бу оламдан ўтмасдан олдин турли иллат ва ярамас феъл-атвордан покланиб олиш кераклиги, бундан покланмаслик ёки уларга беэътибор яшаб ўтиш аслида ҳаммомга ювиниб, покланиб олишни мақсадида кириб, лекин ундан ювиниб-покланмасдан чиққан кишига  қиёсламоқда. Бу руҳий-маънавий покланиш йўли демакдир. Зеро, Фариддин Атторнинг “Мантиқут тайр” ва Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарлари бевосита одамзот қалбини поклаш, хулқ-атворидаги турли иллат ва айб-нуқслардан халос бўлиш орқали комиллик мартабасига етиш баёнига бағишланган. Ушбу қитъа ана шу покланиш босқичларини ғоят содда ва лўнда қилиб ифода этмоқда. 

Бобомурод ЭРАЛИ

 

 

6148 марта ўқилди

Мақолалар

Top